Уй бекаларининг амал қилиши керак бўлган одоблари

30

Беканинг саранжом саришталигию орасталиги ҳақида у бекалик қилаётган уйнинг ҳар бир бурчаги дарак бериб туради. Айниқса, аёлларимизнинг энг кўп вақт ажратадиган жойлари бу ошхона ҳисобланади. Уйдаги барокатнинг бардавом бўлиши ҳам, аёл  киши хонадонни қандай тутишига қараб баҳо берилади албатта.

Шариатимизда аёллар рўзғорларини покиза тутишларига доир бир қанча амал қиладиган одоблар  мавжуд. Рўзғор тутиш одоблари, таомланиш одоблари,   меҳмон кутиш одоблари, хонадонни саришталигини таъминлайдиган ва шу қаторида бир қанча одоб турлари киради.

Аёл – бекажонларимизни оиланинг барча аъзолари жамланиб, таомланадиган ошхонани шариатга мувофиқ тоза ва бир нечта қоидаларни ўзларига лозим тутиб, риоя қилиб борсалар, ўзлари тарбияда ўрнак бўладиган жажжи фарзандларига намуна ҳам устоз бўлиб борадилар.

Пайғамбар ﷺ сиз билан биз, умматларига бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида ўта муҳим бўлган ишларда иршод бермоқдалар.

“Эшигингни беркит. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Ҳар бир мўмин ва мўминалар амал қилиши керак бўлган ҳар бир нарсада Аллоҳнинг зикрини унутмаслиги лозим. Кечқурун ётишдан аввал эшикни беркитиб қўйишда ҳам Аллоҳнинг исмини зикр қилиш керак экан. Эшикни беркитиб қўйишда уй эгаси учун кўплаб фойдалар бор. Айтиш керакки, эшикни беркитиш кўпгина нохушликлардан сақланишга сабаб бўлади.

“Чироғингни ўчир. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Ушбу набавий амрга амал қилган ҳолда ҳар бир мўмин ва мўминалар кечқурун чироғини ўчириб ётиши лозим бўлади. Чироқни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда: “Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур”. Бу жумладаги “фосиқча” сичқондир. Сичқон қандай қилиб уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбориши мумкин? Кечаси чироқни ўчирмай ётганда ўша замондаги пиликли чироқнинг липиллаб ёнаётганини кўрган “фосиқча” пилдираб ўтиб кетаётиб, уни туртиб юбориши мумкин. Шу билан қарабсизки, уйга ўт кетиб турибди-да! Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.

“Идишни устини ёп. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Ушбу ҳадиси шарифнинг бу жойда келтирилишига айнан ушбу жумла сабаб бўлган. Демак, озиқ-овқат ва ичимликлар турадиган идишларнинг устини ёпиб юриш керак. Пайғамбар ﷺ бу ишни алоҳида таъкидлаб айтмоқдалар:

“Агар бирортангиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин”, демоқдалар. Уламо аҳли ушбу жумлани тушунтириш учун ёзган шарҳларида “Чўп сабаб бўлади, холос. Қўришни Аллоҳнинг исми юзага чиқаради”, деганлар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, идишининг устини ёпиб юрганлар суюқ ва қуюқ таомларига, ичимликларига турли ҳаром-хариш, зарарли ва шубҳали нарсалар тушиб қолишидан четда бўладилар.

“Мешингни боғла. Аллоҳнинг исмини зикр қил”. Бу ерда таом сақланадиган меш, қоп, саноч сингари оғзи ип билан боғланадиган идишларнинг оғзини боғлаб юриш кераклиги ҳақида гап кетмоқда. Агар эътибор берадиган бўлсак, ушбу ишларнинг барчасини Аллоҳнинг исмини зикр қилган ҳолда амалга ошириш кераклиги қайта-қайта таъкидланмоқда. Ҳа, доимо Аллоҳнинг исмини айтиб иш қилиш лозим. Пайғамбар ﷺ айтганларидек: “Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас”.[1]

Агар Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, қанчалик ўраб беркитган билан барибир шайтон таом ва ичимликлардан ўз насибасини олар экан.

Шуни лозим тутишимиз керакки, ҳар бир инсон ўз уйида мезбон бўлса, бошқа бир жойда меҳмон сифатида қаралади. Шундай экан, ҳар бир инсон ҳам мезбон, ҳам меҳмон одобларини ўзида жам қилиши лозим. Шунинг баробарида, таомланиш одоби ҳам мавжудки, буни билиш зарурдир. Бу учун қандай одобларга эътибор қаратишимиз лозим?

-Ошхонада ҳеч қачон чети учган идишлар сақланмаслиги керак. Чети учган идишга таомни еб бўлмайди.

-Агар хуш ва лазиз таом бетаккаллуф ҳозир бўлса, суннатга мувофиқ у тановул қилинади. Лекин гўшт доим ейилмайди ва тарк ҳам қилинмайди.

-Таом ўтириб ейилади. Уч хил ўтириш ҳисобланади: аввали, икки тизза букиб ўтирилади. Лекиз юзтубан тушганга ўхшаш қоринни тиззага етказилмайди. Иккинчиси – ўнг тиззани кўтариб, чап оёқ букиб ўтирилади. Учинчиси – икки тиззани кўтариб қоринга ёпиштириб ўтирилади.

-Нон икки қўл билан синдирилиб, бўлаклари икром қилинади, гарчи емоқчи бўлса ҳам, қўл ёғи нонга сурилмайди. Оғиздан ёки қўлдан тушган нон ушоғи ё ўзга донлар такаббурлик ва худпарастлик билан ташланмай, дарҳол териб ейиладики, уда хосият кўпдир.

-Таомланиш пайтида, агарчи оч бўлса ҳам, тез-тез ва шитоб билан ейиш “кўнгилнинг қотиши, кўрлиги, ҳатто ўлишига боис бўлади”, дейдилар.

-Таом идиши ва бармоқлар яланганидан кейингина қўл ювилади. Қўлни дастурхонга артилмайдики, макруҳдир. Аввал ўрта бармоқ, ундан сўнг бош бармқ, кейин бош бармоқ ёнидагии яланади.

-Қўл таомдан олдин ҳам, кейин ҳам ювилади. Сув қатралари тўшак ва либосга сачрамаслиги учун ювилган қўл силкитилмайди.

-Таом еб бўлингач, ҳамд айтилади сўнг дастурхон эгасига дуо қилинади[2] ва ҳакозо…

Бекажонларимизни меҳмон кутиб олишдаги, хонадонининг баракали бўлишидаги чиройли хизматлари ёки меҳмондорчиликка борганларида ўзларини баодоб тутишлари уларга шараф келтиради. Уй-хонадон соҳибу соҳибаларини миннатдорчилигига сабаб бўлади.  Фарзандларини тарбиясида уларнинг хатти-ҳаракатлари ижобий ва гўзал намуна бўла олади. Ҳар доим бажарилаётган кунлик меҳнатларимизни юқоридаги амллар орқали бажаришни ўзимизга одат қилсак, хонадонларимиздан файзу барака аримайди инша Аллоҳ. Барокатли уйга албатта Аллоҳнинг нури ёғилади.  Аллоҳ барчамизни хонадонларимизга Ўзининг раҳмат нурларини ёғдирсин, омин!

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

Нилуфар Аҳад қизи

 [1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт 16-17-жузлар Таом, шароб ва либос китоби – Т.: “Hilol-Nashr” 2016.  58-60 бетлар.

[2] Малик, Тоҳир. “Одамийлик мулки” – “Ҳусну хулқ” (Ахлоқ китоби). – Т.: “Sharq”, 2014. 893-895 бетлар.