Ислом — илм дини
19

Аллоҳ субҳанаҳу таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган Қуръони Каримнинг илк оятларини “Ўқи” деб деган хитоб ила бошлади. Ушбу муборак оятлар Аллоҳ таолонинг Ўз бандларига кўрсатилган биринчи раҳматидир. Инсонга билмаган нарсасини таълимин бериш У Зотнинг карамидан эканинига ишора бордир. Аллоҳ таоло бандаларини илм ила шарафлади ва илму-маърифат билан инсонни фаришталардан ҳам даражаларини устун қилди.
الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ
У, қалам билан илм ўргатгандир. Алақ сураси 4 оят
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қалам билан илм ўргатганлигини зикр қилмоқда. Бунда қаламнинг аҳамиятига ишора бор. Қалам доимо илму маърифат воситаси, рамзи бўлиб келган. Бундан ўн тўрт аср аввал бу ҳақиқатни ҳеч ким билмаган ҳам. Лекин Қуръон илоҳий Китоб бўлганидан, бунинг хабарини ўзининг биринчи оятларидаёқ берди.
Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келган даврни эсга оладиган бўлсак. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Чунки илмсизлик, жаҳолат инсонларни қабиҳ ишлар қилиб ҳузурланадиган қилиб қўйган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом дини билан инсониятни жаҳолат зулматидан Ислом нурига олиб чиқди, ўзлигини танитди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилгандиндир.
Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган:
قال رسول صلى الله عليه وسلم: من يرد الله به خيرا يفقهه في الدين
Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”. (Муттафақун алайҳ).
Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади.
Хўш, унда фақиҳлик нима. Фақиҳлик ҳар бир нарса борасида чуқур тафаккур юритиб, уни нозик нуқталаригача ўрганиш, яъни ўша нарсанинг илмини пухта билишликдир. Бошқача қилиб айтганда илмни талаб қилувчи қилиб қўяди.
Бугунги кунда аҳли сунна орасида турли нотўғри ғояларини ўзгаларга тарғиб қилиб, мусулмонларни орасига нифоқ солаётган, мазҳабсизликни даъво этиб, фирқаланишга сабабчи бўлаётганларнинг аксари Қуръон ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини нотўғри талқин қилишлик ва уларни чуқур ўрганмаслик, ислом моҳиятини етук англамаслик самарасидир.
Бир томондан экстремистик оқимлар фаолияти, бошқа томондан миссионерлар ҳаракати, учинчи томондан эса “оммавий маданият” тарғиботчилари мусулмонларга айниқса ёш авлод онгига соф Ислом дини таълимотига зид ақидаларни сингдириш, муқаддас эътиқодимиздан айириш ва ўзбекона миллий ва диний қадриятларимиздан воз кечишга чақириш йўлида муттасил фаолият олиб бормоқда. Бунинг оқибатида соф Ислом таълимотидан етарли даражада хабардор бўлмаган баъзи ёшлар экстремистик ғояларга чалғиб, турли жиноятларга қўл уришмоқда. Баъзилари, афсуски, ана шундай жиноятларнинг қурбонига айланмоқдалар.
Бу ўринда ҳар биримизнинг зиммамизда ислом ақидаларини таълим олиш билан бир қаторда, фарзандларимизни ҳам Исломни маърифатпарвар, тинчликпарвар, бутун инсониятга фақат яхшиликни таълим берувчи дин эканини сингдириб, соф ислом ақидалари билан улғайтирмоғимиз лозим бўлади.
Нурали Турсунов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
