Тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етайлик!

26

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишлигини ифода этади.

Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлишлиги билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашликда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган.

Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.

Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.

Ҳаёт бор экан, давлат, эл-юрт бор экан, шу эркин, осуда ҳаётни кўролмайдиган, ҳасад ва фитна билан яшайдиган, зўравонлик билан ўз ҳукмронлигини ўрнатишга, халқ тинчини бузишга уринадиган ёвуз кучлар ҳамиша бўлади.

Ҳар қайси эл, ҳар қайси юрт четдан келадиган ёвуз офатдан кўра, ўз ичидан чиқадиган сотқин, иймонсиз, ўзининг манфаатини ҳамма нарсадан устун қўядиган, керак бўлса, энг яқин кишиларини ҳам сотадиган, ўзини вояга етказган Ватанига қўл кўтарадиган қабиҳ кимсалардан ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак.

Халқимиз доимо юрт тинчлигини тилаб, осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч ва осойишта бўлсин дея дуога қўл кўтаради. Бу дуо замирида қанча маъно мужассамлиги ҳаммамизга аён. Шундай экан азизлар, ватанимиз равнақи ва юртимиз тараққиёти учун  тинчлик зарур экан, биз ҳам бу хайрли ва масъулятли ишда бир-биримизга кўмакчи бўлайлик.

Юртимизда яшаётган хар бир киши тинчлик ва осоийишталик бизга сув билан ҳаводек зарур эканлигини хис қилган ҳолда, ватанимиз тинчлигини янада мустаҳкамлаш йўлида ўз ҳиссасини қўшса, албатта тинчлигимиз бунданда барқарор, ватанимиз обод бўлади.

Музаффаров Муҳаммадалихон,

“Хожа Бухорий” ислом билим

юрти 1-босқич талабаси