Ислом дини зўравонлик ва зулмни оқламайди

24

Инсоният тарихи жараёнида турли ақидапараст ва мутаассибона ғояларнинг на  исломга, на бирор — бир  диний таълимотга  ва на ҳаётий ҳақиқатга мос келмайдиган  ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.

Ҳозирда бу кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шуки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлса­да, тутаётган йўл ва қилаётган ишлари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.

Терроризмнинг хунук окибатларидан энг ачинарлиси шуки, бутун дунёни тинчлик ва меҳрибонликка, одамларни раҳм-шафқат ва адолатли бўлишга буюрадиган ислом динига зид бўлган бузғунчиликларни “ислом ниқоби” остида амалга оширилишидир. “Ислом” ва “Террор” сўзларини ёнма — ён ишлатилиши мумкин эмас. Нафақат ислом, балки самовий динларнинг биронтаси зўравонликни, зулмни оқламайди ва қўллаб — қувватламайди.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Абу Зарр (р.а) ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (с.а.в): “Аллоҳ таоло деди: “Бандаларим, мен ўзим учун зулмни ҳаром қилдим, сизлар ўртангизда ҳам уни ҳаром қилдим. Шу боис бир-бирингизга зулм қилмангиз!”

Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, дин доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларни тарбия қилувчи ҳамда илм олишга, ёшлар тарбиясига эьтиборли бўлишга тарғиб қилувчи омил сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. Айни пайтда адоват, бошқалар мол мулкига тажовуз килиш, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узокда бўлишга чақиради. Уммат йўлбошчиси пайғамбаримиз ҳеч қачон бировларнинг ерларини, уй-жойларини босиб олиб, ноҳақ бировга зулм қилмаганлар балки зулм қилишдан инсонларни қайтарганлар.

Хуррамов Исроил,            

“Хожа Бухорий”  ўрта махсус ислом билим юрти 3- босқич  талабаси