Мутаассиблик нима?   

28

Ақидапарастликнинг келиб чиқишини асосий сабабларидан бири мутаассиблик ва динда ғулувга кетишдир.

Шариатимиз диний мутаассибликка ва динга чуқур берилишга доимо қарши бўлган. Муқаддас динимизнинг асл манбалари бўлган  Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифда диндаги бу бидъатлар қаттиқ қораланган. Чунки, бу икки иллат турли замонларда турли номлар остида динимизга тасвирлаб бериб бўлмас даражада зарар етказиб, бу ҳол ҳозирда ҳам ҳар хил жарангдор номлар ва шиорлар остида давом этмоқда.

Хўш, диний мутаассиблик, динда чуқур кетиш  нима? Динимизнинг мазкур икки иллатга муносабати қандай?

Мутаассиблик – унинг луғавий маъноси бирон эътиқодга ёки дунёқарашга ўта берилганлик, ўз фикрида қатъий туриб олиб, бошқаларнинг фикрини инобатга олмаслик ҳамда инкор қилиш ва ҳамиша ўзини ҳақ деб билишликдир. Халқаро тушунчаларда бу “фанатизм” ҳам дейилади. Мутассиб (фанат) киши  кўр-кўрона ҳох тўғри, хоҳ нотўғри бўлсин ўзига маъқул бўлган бир фикрда маҳкам туриб, ўзининг фикрини ҳақ, бошқаларнинг фикрини ноҳақ деб ҳисоблаган ҳолда баъзан ўз фикрини амалда намойиш қилишга ҳаракат қилади.

Пайғамбаримиз с.а.в. динда қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақида шундай кўрсатма берадилар: “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди…”, яъни, фарз қилинган ибодатлардан ташқари ибодатларни ва солиҳ амалларни ҳаддан зиёд ўз зиммасига юклаб олиши натижасида уларни бажара олмай ҳаммасини тарк этишга сабаб бўлади.

Оиша (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. ибодатларни бажаришда Аллоҳ таолонинг фазлидан умид қилган ҳолда мўътадил бўлишни  буюрадилар: “Тоат-ибодатларингизни тўғри, мўътадил адо этинглар, билингларки, Аллоҳ таоло хушлайдиган амал, қисқа бўлса-да, узлуксиз адо этиладиганидир!”.

Юртимизда яшаётган хар бир инсон бу каби муаоммоларга бепарво ва лоқайд бўлмаса бундай зарарли оқимлар юртимизга кириб кела олмайди. Зеро, эътиқод ва маънавият соғломлиги халқ бойлиги, ақийда тўғрилиги эса халқ тинчлигидир.

 

 Қосимов Абдулаҳад, 

“Хожа Бухорий” ислом билим

юрти 2 босқич талабаси