Экстремизм ва терроризм — маънавий таҳдид

15

Экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар ўзлари мансуб бўлган диний конфессия вакилларини радикал ҳаракатларга чорловчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир.

Террорчилар сиёсий мақсадлари ва фикрий нуқтаи назарларини, яшаш тарзлари ва ўзларигагина ёққан ахлоқни жамиятларга мажбуран сингдириш учун одамларни оммавий тарзда қўрқитиш, улар орасига ваҳима, ихтилоф ёйиш учун даҳшатга солишнинг барча усулларини тап тортмай қўллашади.

Дин номидан, унинг манфаатлари йўлида ҳаракат қиляпмиз, деган даъвода бўлган айрим одамлар ўз динлари таълимотини тушуниб, ҳаётга нотўғри тадбиқ этаётганлари аён. Шунинг учун у ёки бу дин ҳақида ана шундай одамларнинг хатти-ҳаракатига қараб баҳо бериб бўлмайди. Террорчи жамоалар мусулмон мамлакатларида оммавий бўла олмагани учун аҳолининг номидан ҳаракат қилиш таассуротини уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаландилар. Ўз мақсадлари йўлида курашнинг террордан бошқа йўлини рад этишди. Улар жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан ажралиб туради. Бу йўлда ўз жонларини қурбон қилишга ҳам тайёр туришади.

Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва бошқа дин вакилларининг ҳам ҳаёти, шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом — инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр — тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Шундай экан, экстремистик оқимларга қарши муросасиз кураш, террорчилик ҳаракатларини амалга ошираётган мутаассиб кучларнинг ислом динига мутлақо ёт, бегона эканини ҳар томонлама асослаш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

 

Дулабов Абдурашид,

“Хожа   Бухорий”  ўрта    махсус   ислом

билим  юрти  2 босқич талабаси