ТИНЧЛИК — БЕБАҲО НЕЪМАТДИР

33

Бандаларига Аллоҳнинг неъматлари беҳисоб ва чексиздир. Уларни санаб чиқишга ёки идрок этишга башариятнинг умуман имкони йуқ. Унга неъматларнинг бениҳоя кўплиги, бардовомлиги, осонгина эришилиши,  Аллоҳ таолонинг узлуксиз етказиб туриши ва инсонларнинг уларга турли йўллар билан етишиши сабабдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди.

“Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Роббига) жуда ношукрдир.” (Иброҳим сураси 14-оят)

Аллоҳ таолонинг бизларга берган энг катта неъматларидан бири бу тинчликдир. Ота-боболаримиз качонки дуога қўл очишса, аввало “тинчлик осойиштилик, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, ризқимиз кенг ва фарзандларимиз баркамол бўлишини яратгандан сўраб дуо қилишади. Албатта, қаерда тинчлик ва осойишталик бўлса, ўша жойда илм ва фан бошқа соҳаларни ривожлантириши, тараққиёти бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади.

Аллоҳ таоло ўз бандаларига шундай деган: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват  (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз” – дейилган (Моида сураси, 2-оят).

Оятдан шуни англаб етишимиз мумкинки, эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишига бош омил бўлиб хизмат қилади. Бошқа ояти каримада эса: “Эй иймон келтирганлар! Ёппасига барчангиз тинчлик ишига киришингиз” (Бақара сураси, 208-оят).

Ояти карималардан маълумки, тинчлик ва эзгу амаллар йўлида бир биримизга ёрдам бериб, бирдам ва ҳамжиҳат бўлишимизни таъкидланяпти.

Оиладаги барча фарзанд ва ота-оналар бирдам ва ҳамжиҳат бўлсалар, ҳар бир маҳаллалар ва маҳаллалар бирдам ва ҳамжиҳат бўлсалар юртимизни хеч ким ва хеч қачон фитна парокандалик ва бузғунчиликни сололмайди. Шунинг учун ҳар биримиз юртимизнинг тинч фаровон ва тўкин хаётни асраб – авайлашда огоҳ ва масъул бўлишимиз зарур.

Дунёда инсонларнинг барчаси ҳам доимо тинчлик тарафдорлари бўлаверишмайди. Кимлардир тинчликни дунёда ўрнатилса-ю, уруш ва жанжаллар бўлмасайди деб ҳаракат қилсалар, яна кимлардир бировларнинг кўз ёшини оқизиб, бойлик топиш илинжида тинч омон юртларни нотинч жойларга айлантириб, бойликларини кўпайтиришларини ўйлайдилар. Шунинг учун барчамизга кунда огоҳликда ва бирдаму ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак ватанимизни тараққиётига ва тинч осуда ҳаёт кечиришига ҳиссамизни қўшган бўламиз. Огоҳ ва хушёр бўлиб яшаш ва тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишни зарур шарти хисобланади. Зеро ғофиллик, лоқайдлик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Расуллоллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг марҳаматига мушарраф бўла олмайдиган уч тоифани хабарини бериб, улардан бири лоқайд инсон эканини айтганлар. Лоқайд инсонлар ҳар қандай нарсани кутиш мумкин. Унга диннинг ҳам, Ватаннинг ҳам, элнинг ҳам ташвиши бўлмайди. Хатто оиласи учун ҳам чинакамига қайғурмайди. Дунё тарихидан маълумки баъзи бир давлатларни бўлиниб кетиши, уруш ва бузғунчиликларни келиб чиқишига ҳам лоқайдлиги ва уларнинг огоҳлик, бирдамликда бўлмаганлиги асосий сабабдир.

Тинчликдек улуғ неъмат ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъматдирки, бундан кўпчилик бехабардир”.

Ҳар бир неъматнинг доимий бардовом бўлиб туруши учун, ўша неъматга доимо шукр қилиниши талаб қилинади. Бунинг учун ҳар биримиз оиламизда, қариндош уруғлар ўртасида, маҳаллаларимизда тинчликнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини эслатиб, бу ишда барчамиз бирлашиб, кимларнинг ёлғон фикри ва сўзларига алданмасдан теран фикрлашимиз, дунёдаги ҳодисалаларни мулоҳаза қилиб туришимиз керакдир. Зеро бизларнинг тинчлигимизни ташқаридан бирор кимса ўйламайди ва бу ишда бизларга холисона ёрдам бермайди. Бу ишда барча барчамиз ҳозирги ва келажак авлодга тинчликни барқарор қолдиришимизга масъулдирмиз.

М. Худойназаров

Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти мударриси