НАФСНИ ЖИЛОВЛАШ-НАЖОТ КАЛИТИДИР

19

Динимизда нафсни поклаш, инсон ўзини-ўзи тергаб, эртанги кунга нима тайёрлаганига назар солиб туриши ўта муҳим ишлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир”(Ҳашр сураси, 18-оят).

Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўз нафсини тергаб турган кишини ақлли, ҳушёр инсон деб атаганлар: “Ақлли-ҳушёр киши – ўз нафсини тергаган ва ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган инсондир. Ожиз одам – нафсини ҳавосига эргаштирган ва Аллоҳдан (кўп нарсаларни) умид қилган кишидир” (Имом Термизий ривояти).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Ҳисобга тортилишингиздан аввал нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг ва буюк рўпара бўлиш кунига зийнатланинг (тайёргарлик кўринг). Қиёмат кунидаги ҳисоб фақат дунёда ўзини тергаб турган кишиларгагина енгил бўлади” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида нафсини поклаган киши имоннинг таъми (ҳаловати)ни татишини хабар бердилар (Имом Абу Довуд ривояти). Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан нафсимизни поклашни сўраб дуо қилишни ўргатганлар: “Эй, Аллоҳ! Нафсимга тақвосини ато қилгин ва уни поклагин. Зеро сен энг яхши покловчисан. Сен унинг эгаси ва мавлосисан” (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолат вазифаларидан бири ҳам Аллоҳга мукаммал ибодат қилиши учун нафсларни поклаш эди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга Китоб ва Ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди. Улар эса бундан олдин аниқ гумроҳликда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят). Бу оятдаги “Пайғамбар”дан мурод Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдир. Шуни ёдда тутишимиз керакки, инсон нафсини поклаши Аллоҳ таолонинг тавфиқи ва ёрдами билан бўлади.

Қуръони каримда нафс уч хил сифат билан келган:

  • Хотиржам нафс – Раббисининг тоати ва амрларига сокин, унинг муҳаббати ва бандалигига хотиржам бўлган нафсдир.
  • Маломатчи нафс – қўлдан бой берилган яхшилик ва савоблар учун эгасини маломат қилувчи нафс.
  • Ёмонликка буюрувчи нафс – эгасини шаҳватлар ва ботил нарсаларга ундовчи нафс. Аслида нафс жоҳил бўлиб, тарбия ва поклаш натижасида Аллоҳ таолонинг инояти билан хотиржам нафсга айланади. Нафсни поклаш натижасида инсон икки дунё саодати, қалб хотиржамлиги ҳамда дин ва тоат-ибодатда собитликка эришади.

ХУЛОСА ўрнида, Аллоҳ таоло барчамизга нафсимизни сайқаллаш ва қалб касаллигидан покланишимиз учун тавфиқ берсин.

 

Ўткир Ғузаров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти мудири