ФАРЗАНДЛАР ОТА-ОНАГА ОМОНАТДИР

20

Фарзанд Яратган томонидан берилган улуғ неъматдир. Ота-она бу неъматнинг шукронасини болага гўзал тарбия, чиройли одоб ва комил инсон қилиб етиштиришлик билан адо қилади. Чунки бола эру хотиннинг ўртасидаги никоҳ ришталарини мустаҳкамловчи асосий воситадир. Шунингдек, фарзанд оила қувончи ва келажак учун интилишдир.

Фарзандлар тарбияси каби ўта муҳим вазифани бажариш ота – оналардан, жамиятдан улкан масъулият ва фидокорликни талаб этади. Ўсиб келаётган авлодни Ватанга, юртга, жамиятга, оилага содиқ фарзанд этиб тарбиялаш, юрт равнақи, ҳимояси йўлида онгли қарор қабул қилишга қодирлик руҳида балоғатга етказиш бугуннинг энг долзарб муаммоси ва талабидир. Фарзандлар давлат ва миллат истиқболини белгилайди. Буюк келажакни эса фақат билимли, ҳам маънан ҳам жисман соғлом фарзандлар билангина қуриш мумкин.

Албатта, ота-она ёшлик чоғларида уларни кўриб кўзлари қувонса,  катта бўлганларида эса уларнинг ёрдамларидан баҳраманд бўлиб, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олиши учун ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги бурчлари борлигини доимо ёдда тутиши  лозим.

Фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб, илму маърифатга қизиқтириб, унга кўниктириб боришимиз лозим. Зеро, фарзандларимизда ўз иқтидорларига кўра  илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилолсак, ўқиб-ўрганиб маълумот ҳосил қилишларида сайъ-ҳаракат қилсак албатта, келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг ўзимиздан ҳам бахтлироқ яшашларига сабабчи бўламиз. Шунда  Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўз бурчларимизни адо этган бўламиз, ҳамда дунёю охиратда бахт-саодатга эга бўламиз. Шунингдек, давлатимиз томонидан фарзандларимизга яратилаётган шароитлардан ҳам оқилона фойдаланишларида ўз маслаҳатларимизни бериб боришимиз лозимдир.

Ҳар бир давлат, жамият ўз мамлакатининг равнақи, ривожланишини биринчи навбатда табиий заҳиралари, қазилма ва бошқа бойликлардагина эмас, балки халқнинг илмий салоҳияти, интеллектуал қобилияти, ёш авлоднинг билимга, ҳаётга бўлган муносабатида деб билади. Шу туфайли ўз давлати келажаги порлоқ, буюк бўлишини ният қилган давлатлар аввало ёшлар тарбиясига, уларнинг соғлом ўсишига доир барча чораларни кўрадилар. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият ҳамда ота-она зимасига ўз фарзандларини, етим болаларни, ота- оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлганларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлашни юклайди.

Шунингдек, муқаддас ислом динимиз талимотларида ҳам фарзанднинг тарбияси ва унинг саломатлигига алоҳида аҳамият берилган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида: “Болаларингизни тарбия қилинглар, уларнинг одобини чиройли қилинглар” деб,  инсонларга фарзандларининг таълим тарбиясига, унинг одобини, ахлоқини гўзал ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини ўргатмоқдалар.

Буюк ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида шундай деганлар: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар-бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.

Хулоса ўрнида, фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, оиладагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва фарзандларимизни илм олишга ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз кераклигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмай дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз, келажакка катта ишонч билан боқишларига ўргатишимиз керак бўлади.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари