Сохта салафийларга раддия

31

Кейинги вақтларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турганини кўрамиз. Хўш, аслида салафийлар кимлар? Исломда “салаф” деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз (а.с.) замонларида ҳамда ундан кейинги икки даврда яшаган мусулмонлар яъни “аввал яшаб ўтганлар” деган маъно тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеъин ва табаа тобеъин, яъни илк мусулмонларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафийлар” тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.
Сўнгги йилларда “салаф солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Уларнинг пайдо бўлиш тарихини Ҳикматуллоҳ Иброҳим қуйидагича келтиради. Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар  ақоидини қайта  жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қила­дилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳона­лар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар.

Сохта салафийлар қуйи­даги ғояларни илгари сура­дилар: .

– Қуръони карим ва сун­натдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўро­на амал қилиш орқали бош­қа манбаларни ботилга чиқа­радилар; .

– “такфир” (куфрда айб­лаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;

– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсиз­ликни тарғиб қиладилар;

– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни ин­кор этадилар;

– ғайридинларга ўта то­қатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар; .

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

Сохта салафийларнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ҳурматсизлик қилиши у зотнинг ота-оналарини кофирликда айблашларида ҳам яққол кўринади. Уларга кўра Расулуллоҳ(с.а.в.) нинг ота-онаси гўёки мусулмон ҳолатда вафот этмаган. Уларнинг бундай ғайриисломий ёндашуви “нубувват”, яъни (пайғамбарлик) Муҳаммад Пайғамбарнинг ўзида, унинг сўзи ва амалида намоён бўлган, деган хулосага олиб келади. У зотнинг танаси, яъни жисмидан эса фойда йўқ. Чунки бу тана унинг мушрик ота-онасининг бир бўлагидир. Пайғамбар ўлди, унинг жасадидан фойда йўқ. Шу боисдан унинг қабри зиёратидан ва тавассул қилишдан маъно йўқ ҳамда ўтганларни ҳаққига қуръон ўқиб бағишлаш, мумкин эмас деган сохта қарашларга асосланишади. Пайғамбаримиз (с.а.в.)га салом бериш ва У зотни қабрларини зиёрат қилиш бахт ва саодатдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари ҳадиси шарифларида вафотларидан кейин қабрларини зиёрат қилувчи умматларга шундай дея марҳамат қилганлар: “Бирор киши менга салом берса, албатта, Аллоҳ менинг руҳимни қайтариб беради ва мен ўша одамнинг саломига алик оламан” (Имом Абу Довуд ва Байҳақийлар ривояти). Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа ҳадисда: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади”, -дедилар” (Қози Иёз ривояти).

Ваҳоланки, барча диний манбаларда Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг аждодлари ҳурматга сазовор ва юксак фазилатга эга инсонлар бўлганлиги қайд этилган. Ҳадисларда ҳам у зотнинг насл-насаби Исмоил (а.с.)га бориб тақалиши хусусида маълумотлар бор. Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алйҳининг “Фиқҳул акбар” номли китобида таъкидланганидек: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ота-оналари ислом фитрати, яъни исломий табиатда вафот этганлар”.
Шунингдек, сохта салафийларнинг иддаоларига кўра милодий йил ҳисобини ишлатиш, бошқа дин вакилларининг байрам, маданий тадбирларида иштирок этиш ва табриклаш, кийган кийимларини (жумладан, костюм, пальто, галстук тақиш, шим ва кўйлаклар) кийишликни ҳам имонсизлик деб ҳисоблашади.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларнинг катта жамоасини лозим тутишни таъкидлаб, шундай дейдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Ўтган асримизнинг кўзга кўринган етук алломалардан бири марҳум Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтаган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир” (231-232-бетлар).

Демак, ҳозирги кунгача ҳам ва ҳозирги кунда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас. Тавфиқ Аллоҳдандир.

 

Манбалар асосида Акбархон Асқаров тайёрлади.