Сабр билан юмуш битар
17

Динимизда ҳар бир мусулмон киши сабрли бўлишига тарғиб қилинади. Сабр тўғрисида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло муборак каломида бир неча оятларни нозил қилган.
«Аллоҳ сабрлилар билан биргадир».
Бақара сураси 249-оят.
«Албатта, Биз сабр этганларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз.»
Наҳл сураси 97-оят.
Бошқа бир ояти каримада эса: «Албатта, сабр қилгувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур, деб айт.» дейилган. «Зумар» сираси 10-оят.
Уламоларимиз сабрни уч қисмга бўлганлар:
- Тоатларга сабр. Банда доимо тоатларга сабрли бўлишга муҳтождир. Чунки баъзан ибодатлар инсонга малол келиши мумкин. Шунинг учун ҳам банда Аллоҳ таолодан Ўзининг тоатига сабр-тоқат беришини сўраши лозим.
- Ҳавойи-нафс чорлайдиган нарсалардан сабр қилиш. Инсонга сабрнинг бу тури ҳам зарурдир. Зеро нафс ёмонликка ундовчидир.
- Мусибатларга сабр қилиш. Масалан яқинларнинг вафот этиши, молдан ажралиб қолиш, саломатлик ёки неъматларнинг кетиши каби.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай шундай дедилар: «Мусулмонга қандай мусибат етса албатта Аллоҳ ўша туфайли унинг гуноҳини кечиради. Ҳатто унга кирган тикан туфайли ҳам.» (Саҳиҳул Бухорий 5640).
Мусулмон киши мусибатларга қилган сабри эвазига ажрга эга бўлар экан. Сабр бу бирор ҳолатда чорасиз қолгандан жимгина қараб ўтириш эмас. Балки, ишнинг сабабларини қилиб, натижани Аллоҳдан кутишидир.
Сабрсизлик эса мўминларга ярашмайдиган иллатдир.
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кишидаги хислатларнинг энг ёмони дунёга ҳарислик, сабрсизлик, ўта бахиллик, қўрқоқлик ва ўзини тия билмасликдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд)
Аллоҳ барчамизга Ўзига маҳбуб, сабрли бандаларидан бўлмоғимизни насиб айласин.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
Ҳомидов Ҳикматуллохон
