Тафсири Жалолайн асари ва унинг муаллифлари
48

Жалолиддин Маҳаллий
- Исм ва насаблари: Аллома имом, имомларнинг ягонаси Муҳамммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ал-Маҳаллий ал-Шофеъий ал-Мисрий Жалолиддин, муфассир, фақиҳ, калом илми, усул илми, наҳв илми ва мантиқ илмларининг билимдонидир. У зотни Ибн Имод ўзининг “Шазарот” китобида арабларнинг Тафтазонийси деган.
- Туғилган йили: 791 йил Мисрда туғилган. Фиқҳ, калом, усул, мантиқ ва наҳв илмлари билан шуғулланиб бу илмларнинг билимдони бўлди.
- Устозлари: Ал-Бадр Маҳмуд ал-Уқсуроий, Бурҳон ал-Байжурий, Шамсул Бисотий, Ало ал-Бухорий ва бошқалар. Шараф ибн Кувайкдан ҳадис эшитган.
- Сифатлари: У зот аллома бўлиб, фаҳм ва заковатда намуна эди. Замондошларидан баъзилари у ҳақида шундай дер эди: унинг зеҳни олмосни тешиб ўтарди.
Кўп китоб ёдлаганидан бадани қизиб ёдлай олмай қолар эди. Салафи солиҳларнинг йўлида юришда асрининг намунаси эди. Тақво, амри-маъруф ва наҳй мункарда пешқадам эди. Туғёнкор золимлар ва ҳокимларнинг катталарига рўбарў бўларди ва унинг ҳузурига келишганда уларга эътибор бермасди. Уларга ўзининг олдига киришга изн бермасди. Ўта қатъиятли бўлиб, бировнинг риоясини қилмасди. Буюк қозиларнинг мажлисларида уларга мададкор эди. Улар унга бўйсинардилар. Ундан ҳайиқиб турардилар. У билан маслаҳатлашардилар.
- Қозилик мансабидан бош тортиши ва мударрислик қилиши: У кишига кўп кароматлар зоҳир бўлган. У кишига катта қозилик таклиф қилинганда у киши кўнмади. Муайядиййя ва Барқуқийя мадрасасида фиқҳдан дарс беришга таъйинланди. Улов ва кийимларида ўта камтар эдилар. Тижорат билан касб қилар эдилар.
- Таълифотлари: Сафар қилиб олиб келишга арзигулик бўлган ғоятда мухтасар, иборалари бехато, жумлалари гўзал ва тушунарли китоблар ёздилар. Одамлар бу китобларни яхши қабул қилиб уларни қўлма–қўл қилдилар. Жумладан:
- Шарҳу жамъил жавамиъ лил-Субкий (усулда).
- Шарҳул минҳож (Шофеъий мазҳаби фиқҳида).
- Шарҳул Варақот (усулда).
- Шарҳу буркал мадиҳ ва манасик ва китабун фил жиҳад.
- Мухтасарул танбеҳ лиш-Шеърозий (Шофеъий фиқҳида) кабилар.
Тугалланмаган таълифотларидан: Ибн Ҳишомнинг “Қоваид” китобига шарҳ. Шарҳут тасҳил (Ибн Молик), Шарҳу ал-Шамсийя (мантиқ) ва ҳ.к.з.лар. Тугалланмаган китобларининг энг машҳури “Тафсирул Қуръон” бўлиб уни Жалолиддин Суютий р.а. охирига етказган. Бу тафсирда у киши Қуръони каримнинг Каҳф сурасидан бошлаб то Қуръоннинг охиригача тафсир қилган. У ғоятда гўзал тузилган. Фотиҳа сураси ва Бақара сурасидан озгинасига ҳам тафсир ёзганлар.
- Вафоти: Аллома 864 йилнинг биринчи куни вафот қилган.
Жалолиддин Суютий.
- Исм ва насабалари: У ҳофиз имом, муаррих, адиб Абдурраҳмон ибн Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Усмон ибн Муҳаммад ибн Хизр ибн Айюб ибн Муҳаммад ибн Ҳумомиддин ал-Хузойрий ал-Асл ал Тулуний ал Мисрий ал Шофеъий Жалолидин Абул Фазл. Лубоб китобида келишича Суютий ёки Усютий Мисрдаги Усют ёки Суют ҳам деб аталадиган жойга нисбат берилган.
Ал Минаҳул Бодия китобида келишича у киши Ибнул китоб яъни, китобнинг ўғли деб ҳам лақабланарди. Чунки у кишининг отаси китобини олиб келишини онасига буюрганида китоблар олдида тўлғоқ тутиб у киши дунёга келдилар.
- Туғилиши ва етимликда вояга етиши: 849 йил ражаб ойининг бошларида якшанба куни шомдан кейин дунёга келди. Уни қарамоғига олган киши таълим олиши учун Изз ал-Киноний ал Ҳанбалийнинг ҳузурига олиб борди. У беш ёшу етти ойлигида отаси вафот қилганди. Қоҳира шаҳрида улғайди. Шу пайтда Қуръони каримдан Таҳрим сурасига етганди. У кишининг таълимини катта уламолар жамосига топширди. Улардан Фатҳул Қодир китобининг соҳиби Камол ибнул Ҳумом кабилар. Саккиз ёшга тўлмасдан Қуръони каримни тўлиқ ёд олди.
Сўнгра “Умдатул Аҳком”, “Минҳож” (Нававий) китобини ёд олди. “Алфия ибн Молик”, “Минҳож” (Байзовий). Бу китобларни асрининг уламоларига топшириб улардан ижоза олди.
- Устозлари: Жалолиддин Маҳаллий, Зайнул Уқбийлардан таълим олди. Отаси уни Ҳофиз ибн Ҳажарнинг мажлисига олиб борган. 864 йил, робиул аввал ойининг бошида илм олишликни бошлаган. Шамсус Сайромийдан “Саҳиҳу Муслим”нинг деярли ҳаммасини, “Шифо”ни ўқиган. “Алфияту Ибн Молик”ни ҳам ўқиб ҳали тугалламай таснифга қўл урган. Шамсус Сайромий унга араб тили грамматикасидан ҳам ижоза берган. Шамсус Сайромийда “Тасҳил”дан ҳам озгина ўқиган. Шамсул Марзабоний ал-ҳанафийга “Кофия” ва унинг мусаннифга тегишли бўлган шарҳини ўқиб берган.
Фароиз ва ҳисобни замонининг алломаси Шиҳабуддин Шармсаҳийдан ўқиган. сўнгра Аллома Булқунийнинг дарсларини ҳам ўқиб берган. Шараф ал-Мунавийни ва муҳаққиқ ал-Диёр ал-мисрий Сайфуддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-ҳанафийнинг дарсларини, Аллома Шаманийнинг дарсларини, Кофижийнинг дарсларини лозим тутган. Изз ал-Киноний ва бошқалардан ҳам таълим олган.
- Ҳадис илмини билиши: Суютий р.а. ҳадис имло қиларди. Ҳадисдан баҳслашувчиларга гўзал жавоб берарди. Ҳадис илми, унинг фанлари, рижоллари, ғариби, матни, санади ва ҳадисдан ҳукмларни истинбот қилиб чиқариш бўйича замонасининг билимдони эди.
Ўзи ҳақида икки юз минг ҳадис ёдлаганлигининг хабарини берган ва “агар яна кўпроғини топсам ёдлардим”, деганлар. “Ҳозир ер юзида бундан кўп бўлмаса керак”, деб айтганлар.
- Таълифотлари ва одамлардан ажралишлари: Давудий у киишининг мўътамад, эътиборли ва фойдали таълифотларини ўрганиб чиқиб беш юздан ошди деб айтганлар.
Китобларининг машҳурлиги уни зикр қилишга эҳтиёж қолдирмайди. У кишининг таснифотлари ўзи ҳаётлик чоғидаёқ ер юзининг машриқу-мағрибига тарқалиб кетганди. Тез таълиф қилишликда Аллоҳнинг катта мўъжизаси эди. Шогирди Давудий шундай дейди: Шайхнинг бир кунда уч дафтар таълиф ва таҳрир қилганини кўрдим. У кишининг умри қирқ ёшга етганда одамлардан ажралиб Нил бўйидаги “Ровзатул миқйас” деган жойда холи қолди. Дунёдан юз ўгириб, дарс бериш ва фатво беришни тарк қилиб, дўстларидан узоқлашиб, таснифотларининг кўпини таълиф қилган.
Таснифотларидан:
1.Ал Итқон фий улумил Қуръан.
2.Итмамуд дирояти ли-қурроин ниқояти.
3.Ад Дуррул мансур фит тафсирил мансур.
- Тафсирул Жалолайн.
5.Исъаафул мубатто фий рижалил муватто.
- Ал Ашбоҳ ван назоир.
- Алфиятул фарида фин наҳви.
8.Ал Музҳир фил луғат.
9.Буғйатул вуъаати фий тобақотил луғавиййин ван нуҳати.
10.Таърихул хулафои.
11.Ҳуснил Муҳазорати фий ахбари Миср вал Қоҳирот.
12.Тадрибур ровий.
13.Алжамиъус соғир (фил ҳадис).
14.Жамъул жаваамиъ (Жаамиъу кабир номи билан машҳур).
15.Лубубун нуқули фий асбабин нуқули ва бошқалардан иборат.
- Маноқиблари: “Разотул Миқйас”да яшаб, то умрининг охиригача у ердан кўчиб кетмади. У кишининг зиёратига амирлар келиб совғалар улашарди, у киши эса олмасди. Ал Ғурий унга бир бичилган қул ва минг динор ҳадя қилганда, қулни олиб қолиб, динорларни қайтариб берган экан. Қулни озод қилиб Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳужраларига хизматчи қилиб қўйган эканлар.
Расулуллоҳ с.а.в.ни тушларида етмишдан зиёд кўрганлар. Расулуллоҳ с.а.в. унга: “Кел, эй суннатнинг шайхи”, деган эканлар. Шайх Суютий р.а.нинг шогирди Муҳаммад ибн Алий ал-Ҳаббак айтади: Бир куни қайлула вақтида шайх менга “Асрни Маккада ўқишни хоҳлайсанми?, шарти шуки, бу мен вафот этгунимча ҳач кимга айтмайсан.” деди. Мен “ҳа”, дедим. У менинг қўлимдан ушлади ва кўзларингни юм деди. Мен кўзимни юмгандим, у мен билан бирга йигирма етти қадамча юрди ва кўзингни оч деди. Қарасам, биз “бобул муалло”да эдик. Ҳарамга кириб тавоф қилдик ва зам-зам сувидан ичдик. У кишининг таълифотларининг ўзи қандай каромат соҳиби эканларидан дарак беради.
- Вафоти: Чап қўлидаги қаттиқ шиш сабабидан етти кун касал бўлиб ётгач, 911 йил 19 жумадул аввалда жума куни саҳар пайтида олтмиш бир ёшда вафот этди.
Тафсир Жалолайн ҳақида
- Бу тафсирнинг исми: Бу икки улуғ олимлар ушбу тафсирларига ном қўймаганлар. Балки уламолар ўртасида муаллифларга нисбатан “Тафсири Жалолайн” ёки “Жалолайн” номи билан машҳур бўлган.
Уламоларнинг баъзилари эса бу китобни “Китабул Жалалайн фий тафсирил Қуръанил азийм” деб номлаганлар.
- Муаллифларнинг ҳар бири тафсир қилган қисмлар: Бу муборак тафсирни таълиф қилишда иккита катта олим иштирок этган бўлиб улар Жалолиддин ал-Маҳаллий р.а. ва Жалолиддин Суютий р.а.лардир. Жалолиддин ал-Маҳаллий р.а. “Каҳф” сурасининг аввалидан бошлаб, “ал-Нос” сурасининг охиригача тафсир қилдилар. Сўнгра Фотиҳа сурасини тафсир қилиб тугатганидан кейин вафот этдилар. Аммо Жалолиддин Суютий р.а. устози вафотидан сўнг китобни ниҳоясига етказди. У киши “Бақара” сурасидан бошлаб то “Исро” сурасининг охиригача тафсир қилдилар. Фотиҳа сурасининг тафсирини эса устозлари Жалолиддин ал-Маҳаллийнинг тафсирлари охирига қўйди.
Жалолидин ал-Маҳаллий р.а. мазкур тафсирига муқаддима ва хотима ёзмаган эди. Аммо Жалолиддин Суютий р.а. Бақара сурасининг аввалида мухтасар муқаддима ёзди. Сўнг Исро сурасининг охирида хотима ёзди.
3.Жалолайн тафсирининг услуби: Жалолиддин ал-Маҳаллий р.а. бу китобдан ўзлари тафсир қилган жойларни ғоятда гўзал, қисқа ва ниҳоятда нозик иборалар билан баён қилган. Жалолиддин Суютий р.а. ҳам худди услубда яъни, кенгайтирмасдан давом эттирди. Чунки у киши устозлари Жалолиддин Маҳаллий р.а. ёзган тарзда ва услубда давом эттиришни истади. Буни мазкур китобга ёзган муқаддимада баён қилган.
“Кашфуз зунун” китоби муаллифининг айтишича бу тафсир ғоятда қисқа бўлганидан Яман уламоларининг баъзилари айтган экан: “Мен Қуръони карим ва Жалолайннинг ҳарфларини санаб, уларнинг Муззаммил сурасигача ҳарфларининг адади тенг эканлигини кўрдим. Муддассир сурасидан бошлаб эса тафсирнинг ҳарфлари кўп экан. Шунга кўра бу китобни таҳоратсиз ушлаш жоиздир”.
- Бу китобни таълиф қилишда муаллифлар қуйидаги китоблардан фойдаланганлар: 1. Тафсиру ибн Касир. 2. Тафсирул Байзовий. 3. Ал Важиз лил-Найсабурий ва бошқа китоблар.
Бу китобга кўплаб ҳошия ва шарҳлар ёзилган бўлиб, баъзи уламолар уни ҳисоблаб йигирмата деганлар.
- Муаллиф Жалолиддин Суютий р.а.нинг ушбу тафсирига ёзган хотимаси: Бу Жалолиддин Маҳаллий р.а. бошлаб, мен якунига етказган тафсир китобининг хотимаси. Бу китобга Аллоҳ таолодан ўқувчиларга манфаатни умид қилиб, бор кучим ва фикримни сарфлаб, “Мийъадул Калийм”да таълифни ниҳоясига етказдим. (Яъни, қирқ кун. Рамазоннинг аввалида бошлаб, шавволнинг ўнинчисида тугатган. Шу пайтда у кишининг ёши йигирма иккига тўлмаган эди.) Бу тафсирни жаннатун наъимни зафар қучишлик учун васила қилдим. Бу китобнинг таълифи Жалолиддин Маҳаллий р.а. ёзган қисмидан истифода қилинган. Муташобиҳ оятларда унга таяндим. Бу тафсирга инсоф кўзи билан қараб, бирор хато кўрса, менга билдирган кишини Аллоҳ раҳим қилсин.
Тафсир илмига киришга ожизлигимни билганим сабабли бу китобни давом эттиришлик менинг хаёлимга ҳам келмаганди. Шояд Аллоҳ таоло бу билан кўп манфаат бериб, бу сабабли қулфланган қалбларни, кўр кўзлар ва кар қулоқларни очса.
Аллоҳ таоло бизни Ўзининг ҳақ йўлига ҳидоят, тавфиқ ва Қуръони карим калималарининг нозик маъноларидан хабардор бўлиш билан ризлантирсин. Бизни у билан Ўзи неъматлартирган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилсин.
Муаллиф бу китобнинг таълифидан 870 йил, шаввол ойининг ўнинчиси, якшанба куни фориғ бўлганлар. Бошлаши эса, мазкур йилнинг рамазон ойи аввалида эди. Бу китобни оққа кўчиришдан эса, 871 йил, сафар ойининг олтинчиси, чоршанба куни фориғ бўлганлар.
Саидмуҳаммад МУҲИБУЛЛАЕВ,
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом
билим юрти тафсир фани ўқитувчиси
