Ахборот хуружларидан огоҳ бўлинг!
15

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялаш, ёшларнинг истеъдод ва салоҳиятини юзага чиқариш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга ёшларни миллий менталитетимизга ёт турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бугунги глобаллашув замонида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ахборот хуружларидан муайян кучлар, марказлар томонидан ўз манфаатларини ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан таъминлаш ва ғаразли мақсадларини амалга ошириш бугун бошқа давлатлар халқини, айниқса, ёшларни чалғитиш, уларнинг маънавияти ва ахлоқига ёт, ғайриинсоний ғоялар ва ахлоқсиз турмуш тарзини сингдиришга йўналтирилган усул ва технологиялар қўлланилмоқда.
Баъзи Ғарб мамлакатларида маънавий бузғунчилик, наркомания, никоҳсиз турмуш, оммавий беҳаёликлар, рок мусиқа ва клипларда, фильмларда, турли ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинаётгани бизни ташвишга солмай қўймайди.
Интернетда келтирилаётган маълумотларнинг ранг-баранг ва кўплигидан уларнинг қай бири тўғрию, қай бири нотўғри эканини ажратиб олиш мушкул. Ижтимоий тармоқларда миллий менталитетимизга мутлақо ёт мафкура ва дунёқарашни фарзандларимиз қалби ва онгига сингдиришга уринаётганлар ҳамон учраётган экан, ҳар биримиз доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, носоғлом руҳдаги ахборотлар ёшлар тарбиясига, уларнинг ахлоқига, онги ва тафаккурига зарар етказишига йўл қўймаслигимиз керак.
Бу борада миллий қонунчилигимизда ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоялаш механизмлари мавжуд. Хусусан, «Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида»ги қонунда Ўзбекистонда ёшлар орасида одоб-ахлоқни бузишга, шу жумладан, зўравонликни, хаёсизликни ва шафқатсизликни ташвиқот қилишга қаратилган хар қандай хатти-харакатлар ман этилиши, «Бола хуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда эса порнография, шафқатсизлик ва зўравонликни намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини тахқирловчи, болалар онгига зарарли таъсир кўрсатувчи ва хуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш, адабиётларни тарқатиш хамда фильмларни намойиш этиш тақиқланиши белгиланган.
Ахборот хуружлари авж олаётган шароитда халқимиз, ёшларимизни мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш учун уларга ахборот маданиятини яъни: бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозимлигини ўргатишимиз зарур.
Динимиз таълимотида инсон қайси манбадан, қандай маълумотни олишидан қатъи назар уни текшириб кўриши, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат илиши лозимлиги айтилган. Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36) дея бизни ҳушёрликка чорлаган. Эшитган гапига ишониб кетаверган киши, дўсту душманнинг фарқига бормайдиган нодонга айланиб қолади. Буни Хожа Самандар Термизий чиройли тарзда қуйидагича ифодалаган: Душман сўзларига ишонган киши, Пушаймон тортишдир оқибат иши!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Эшитган гапини айтаверадиган одамдан ёлғончироқ киши йўқдир”, — деганлар.
Асоссиз уйдирма гаплар тарқалаверса бефарқлик вужудга келиб қолади, улкан гуноҳлар одатий ҳолга айланиб қолади, одамлар ҳам бундай ишларни қилишдан уялмайдиган бўлиб қолади. Ана шундай оқибатларнинг олдини олиш учун шариатимизда бундай ишлардан қайтарилган.
Жумладан, ҳадиси қудсийда: Эй Одам фарзанди! Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик, молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани (кўп)гапирибсан. Эй Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди. Эй Одам фарзанди! Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан. Эй Одам фарзанди! Тилинг шер (каби)дир. Агар уни қўйиб юборсанг, сени ўлдиради. Сенинг ҳалокатинг тилингни қўйиб юборишингдадир», дейилади.
Комил инсон, юксак маънавият масалалари долзарб аҳамият касб этаётган бугунги кунда мазкур ҳадислар инсондаги маънавий хасталикларга малҳам бўлиши тайин албатта.
Киши интернет ёмонлигидан ўзини сақлаши лозим бўлганидек, унинг яхшиликларидан ўзини бутунлай маҳрум қилмаслиги ҳам керак. Ёшларимизни кучли, билимли, интеллектуал салоҳиятли, замонавий ахборот технологияларини бошқарадиган, ундан самарали фойдалана оладиган қилиб тарбиялаш лозим.
Дарҳақиқат, Давлатимиз сиёсатининг устивор мақсадларидан бири ёш авлодни ватанпарварлик, инсонпарварлик, диний ва миллий бағрикенглик руҳида тарбиялаш, юксак маънавият, инсоний қадр-қимматни эъзозлайдиган жисмонан ва руҳан соғлом, ақлан баркамол қилиб вояга етказишга, уларни келажагимизнинг муносиб ворислари этиб тарбиялашга кўмаклашишдан иборатдир. Зеро, илмли, одобли, юксак маънавиятга эга бўлган инсонгина яхши ёки ёмон маълумотнинг моҳиятини англайди ва таҳдидларга қарши куч топа олади.
Азамат УСМОНОВ
