ШУКР ҚИЛИШДА БАРДАВОМ БЎЛАЙЛИК!

35

Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан мукаммал бўлади. Шукр бу – барча мавжуд неъматларни сақловчи восита ва эришилмаган  неъматларга етиштирувчидир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғланган. Шукр кесилмагунча зиёдалик кесилмайди. Яъни, ким шукр билан ризқланган бўлса, зиёдалик билан ризқланибди”, деб айтган.

Аллоҳ таолонинг улуғ неъматлари ҳар он инсонларга бериб турилади. У неъматлар шунчалик кўпки, уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: “Ва агар Аллоҳ таолонинг неъматларини санашни хоҳласангиз бас, уни тўғри ҳисоблашга қодир эмассиз” (Иброҳим сураси,  34 оят).

Шайх Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ айтадиларки, агар бошқа неъматларни қўйиб, фақат тириклик неъматини сарҳисоб қилинса, уни ўзи беҳисоб бўлади. Чунки ҳар-бир нафасда икки неъмат яширилгандир. Нафасни ичкарига кириши бир неъмат бўлса, ташқарига чиқиши бошқа бир неъматдир.
Зеро, нафасни ичкарига кириб ташқарига чиқмаслиги ва ташқарига чиқиб ичкарига кирмаслиги алоҳида — алоҳида икки мусибатдир. Шу боис ҳар нафасда инсонга икки неъмат ҳосил бўлади ва ҳар-бир неъмат шукрни тақозо қилади.

Аслида яратилган ҳар-бир нарса неъматдир. Улардан одам ўз тушунчаси ва лаёқатига кўра фойдаланади.  Аллоҳ таолонинг неъматлари шукрини тўлиқ адо қилиш инсон тоқатидан ташқари иш, лекин кўп шукр қилиш ниҳоятда гўзал амал бўлиб, унга беҳисоб савоб берилади ва бандага бериладиган неъматлар зиёда бўлиб бораверади ҳамда Аллоҳ таоло билан алоқаси мустаҳкамланиб бораверади. Бу борада Аллоҳ таоло шундай деган: “Бас, сизлар мени зикр қилинглар, мен сизларни зикр қиламан. Сизлар менга шукр қилинглар ва ношукр бўлманглар” (Бақара сураси, 152 оят).

Яна бошқа ўринда: “Агар сизлар шукр қилсаларингиз бас, мен сизларга яна бераман. Ва агар ношукрлик қилсаларингиз бас, ёдингизда тутингларки, менинг азобим қаттиқдир” (Иброҳим сураси, 7 оят).

Аллоҳ таолонинг неъматларига ғарқ бўлмаган инсон топилмайди. Ҳамма Аллоҳ таолонинг неъматидан баҳраманд. Ҳар-бир илоҳий неъмат баҳосиз. Куч-қувват, саломатлик, уйқу, хотиржамлик, тинчлик — осойишталик, тоза ҳаво, мусаффо сув… каби неъматларни баҳолаб бўладими? Аллоҳ таоло бандасига имон, илм, ибодат, ихлос, ҳидоят ва яхши хулқ каби тенгсиз неъматлар ато қилиб қўйган. Неъматларнинг энг олийси охират саодати ва Парвардигор висолидир.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Одам боласининг бир куни ўтса, бу ҳақда фикр қилсин: агар бугунги куни яхшилик келтирган бўлса, бунга муваффақ қилгани учун Аллоҳга шукр қилсин, агар бунинг акси бўлса, тавба қилсин, кундузги нуқсон ва камчиликларини тунда бартараф этишга азму қарор айласин. Зеро, яхшиликлар ёмонликларни ювиб кетказади. У соғ-саломат бўлгани учун Аллоҳ таолога шукроналар айтсин! Қолган умрида камчиликларни тўғирлаши мумкин бўлади”.

Хулоса ўрнида, Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда зоҳир бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради. Баъзи одамлар неъматни менга Аллоҳ берди, демайди, балки, унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим, дейди. Шу сабабдан ўзларидаги моддий имкониятларни ёмон ишлар, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш салбий йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ азобга учрайдилар. Ҳолбуки, шукр банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга ҳожатманд эмас.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари