Дин бу насиҳатдир

21

Тамим ибн Авс Дорий разияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

— Дин бу насиҳатдир.

— Ким учун? — деб сўрадик биз.

— Аллоҳ учун, Унинг китоби учун, Расули учун ҳамда мусулмонларнинг раҳбарлари ва оммалари учун! — деб жавоб бердилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. (Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг озгина сўзлар билан кўп ва хўб маъноларни ифодалаш мўъжизалари – “жавомеул-калим”дан бир намунадир. Исломда асос бўлган масалалар ҳам, улардан келиб чиқадиган масалалар ҳам, мана шу ҳадис остига, аниқроғи ундаги биргина: «Унинг китобига», деган сўз остига дохил бўлади. Чунки, Аллоҳнинг китоби диннинг барча масалаларини ўзида мужассам этгандир. Шундай экан, ким «Аллоҳнинг китобига насиҳат қилиш» деган сўз маъносига мувофиқ тарзда унга иймон келтирса ва амал қилса, шариатнинг ҳаммасини жамлаган бўлади. «Биз ушбу китобда бирон нарсани баёнсиз қолдирмадик». (Анъом сураси, 38-оят).

Шунинг учун уламолар Исломнинг моҳияти шу ҳадисда жамланган, деб айтганлар.

Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

  1. Аллоҳга насиҳат. Аллоҳга насиҳат қилиш Унга иймон келтириш, Ундан ҳар қандай шерикни инкор этиш, Уни барча баркамол ва улуғ сифатлари билан сифатлаш, Уни ҳар қандай нуқсондан поклаш, ибодатни Унга холис қилиш, Унга итоатгўй бандаларни дўст тутиш ва Унга осий бўлганларни душман деб билиш орқали ҳосил бўлади. Мўмин кишининг юқорида келтириб ўтилган нарсаларга сўзда ва амалда риоя қилиб юриши дунё ва Охиратда фақат унинг ўзига фойда келтиради. Зеро, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло насиҳат қилувчиларнинг насиҳатидан ҳамиша беҳожатдир.
  2. Аллоҳнинг китобига насиҳат. Бу насиҳат Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган барча самовий китобларга иймон келтириш, Қуръони каримнинг ана шу китоблар сўнггиси экани ва улар устидан гувоҳ қилиб юборилганига иймон келтириш, у Аллоҳ таолонинг мўъжизавий каломи эканига ҳамда қуйидаги оятда кафолат берганидек, уни мўминлар қалбида ва китоблар сатрида ўзгаришсиз сақлашига иймон келтириш билан ҳосил бўлади: «Албатта, бу эслатмани Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз». (Ҳижр сураси, 9-оят).
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатларини тасдиқлаган, у зот олиб келган Қуръони карим ва саҳиҳ Суннатдаги барча хабарларга иймон келтирган киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга насиҳат қилган бўлади. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва буйруқларига итоат этиш ҳам, у зотга қилинган насиҳатдир. Аслида Расулуллоҳни яхши кўриш Аллоҳни яхши кўриш демакдир: «Айтинг: «Агар Аллоҳни яхши кўрсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ ҳам сизларни яхши кўради…» (Оли-Имрон сураси, 31-оят).
  4. Мусулмон раҳбарларга насиҳат. Мусулмон раҳбар деганда мусулмонларнинг ҳоким-бошлиқлари, агар улар мавжуд бўлмаса, уламолар ва Ислом даъватчилари назарда тутилади. Ҳокимларга итоат этилиши учун аввал уларнинг ўзлари мусулмон бўлишлари вожиб: «Эй мўминлар! Аллоҳга итоат қилингиз, Расулга итоат қилингиз ҳамда ўзларингиздан бўлган бошлиқларга ҳам (итоат этингиз)!» (Нисо сураси, 59-оят).

Бизнинг мусулмон раҳбарларга қиладиган насиҳатимиз уларнинг шахсияти учун ёки бизга улар тарафидан ҳосил бўладиган манфаатлар учун бўлмайди, балки бу насиҳат уларнинг солиҳ бўлишлари, тўғри йўлда туришлари ва адолат билан иш юритишларини яхши кўриш демакдир.

Биз Ислом умматининг мусулмон раҳбарларнинг адолатли ҳукми остида бирлашишини орзу қиламиз. Мусулмонлар устида ягона бошлиқ йўқлиги сабаб уларнинг турли фирқаларга бўлиниб кетишларини ҳамда уларнинг золим ва бебош раҳбарлар ҳукми остида жабр кўришларини хоҳламаймиз.

Ҳақ йўлда турган раҳбарларга ёрдам берсак, уларга итоат этсак, кези келганда уларга ҳақни эслатиб, хато қилганларида уларни ҳикмат билан огоҳлантириб турсак, уларга чин насиҳат қилган бўламиз. Зеро, раҳбарига шу тариқа насиҳат қилмаган, золимга унинг зулм қилаётганини айтишга журъат этолмаган уммат яхши уммат эмасдир. Шунингдек, халқини ўз манфаати учун хорликка ботирган, насиҳат қилганларнинг оғзига урган, ҳақ гапни эшитишдан қулоқларини кар қилиб, ҳеч кимга ҳақни гапиртирмаган раҳбарларда ҳам бирон яхшилик йўқ.

Агар халқ ўз раҳбарига насиҳат қилиш бурчини адо этмай, подага ўхшаб қолса, ҳоким ҳам насиҳат қабул қилмайдиган тоғут-золимга айланса, бунинг оқибати халқ учун фақат топталиш, зулм ва хорлик бўлади. Ҳар қачон Ислом уммати ўз динидан оғишса, Ислом асослари ва тушунчалари мусулмонларнинг сўз ва амалларида нотўғри талқин этила бошласа, юқорида айтиб ўтилган аянчли ҳолат вужудга келаверади.

Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатига насиҳат қилиш борасидаги масъулиятлари ниҳоятда улкандир. Бу масъулият улардан мусулмонларни адаштирувчи турли ҳавои фикрларни Қуръон ва Суннат далиллари билан рад этишларини ҳамда Қуръон ва Суннатнинг барча ҳавои фикрларга мухолиф эканини баён қилишларини тақозо этади. Яна улар Аҳли сунна уламолари янглишиб айтган маржуҳ[1] сўзларни рад этишлари, сунан ва муснад[2] китобларда ворид бўлган ҳадислар ичида саҳиҳи ва заифини ажратиб, баён қилиб беришлари лозим. Бу эса уларнинг ҳадис ровийларини[3] жарҳ ва таъдил[4] қоидалари ҳамда ҳадисларнинг саҳиҳлигига путур етказувчи иллатларга оид қоидалар асосида текшириб чиқишлари орқали амалга ошади.

Мусулмон уламолар ва даъватчиларнинг ҳокимларга насиҳат қилиш, уларни Аллоҳ китоби ва Расул суннати билан ҳукм юритишга мудом даъват қилиб туришдаги масъулиятлари янада улкан ва буюкдир. Уламолар бу борада лоқайдлик қилиб, ҳокимларга ҳақ сўзни баралла айта олмасалар, Қиёмат куни уларнинг ҳисоби қаттиқ бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, энг буюк жиҳод золим султон олдида ҳақ сўзни айтишдир».

Уламолар хушомадгўйлик билан ҳокимни мадҳ этишлари боис, унинг зулму туғёнда янада давом этиши учун замин яратиб, ўзлари ўша золим сиёсат ташвиқотчиларига айланиб қолсалар, ҳокимларни ўз елкаларига миндириб, улар истаган тарафга йўрғалайдиган улов бўлиб қолсалар, албатта Аллоҳ азза ва жалла уларни қаттиқ ҳисоб қилажак. Ҳақиқий илм пешволари карвонидан жой олишга сазовор олим билан золим подшолар хизматкорига айланган олим ўртасидаги фарқ жуда каттадир.

Биз уламо ва даъватчиларга насиҳат қилишни истасак, улар зиммасига юклатилган мазкур масъулиятларни ўзларига эслатиб турмоғимиз ва мусулмонлар ишончини қозонган аҳли илмлар ривоят қилаётган ҳадисларга ишонишимиз ва шу билан бир қаторда уларнинг камчиликларини излашдан ва уларни ёмонлаб юришдан тилни тийишимиз лозим. Зеро, олимларга бундай муносабатда бўлиш уларнинг обрўларига путур етказади ва турли иғволар остида қолишларига сабаб бўлади.

  1. Насиҳат қилиш одоблари. Мусулмон киши биродарига панду насиҳат қилмоқчи бўлса, буни бошқалардан пинҳон равишда бажармоғи лозим. Зеро, биродарининг айбини беркитган кишининг гуноҳини Аллоҳ таоло дунё ва Охиратда ўзгалардан беркитади.

Фозиллар дейдиларки: «Бошқаларга эшиттирмасдан биродарининг ёлғиз ўзига мавъиза қилмоқ насиҳатдир. Аммо халоиқ ўртасида бировга ваъз ўқимоқ насиҳат эмас, ҳақоратдир». Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Мўмин киши биродарининг айбини одамлар кўзидан беркитиб, унга насиҳат қилади. Фожир кимса бировнинг айбини овоза қилиб, унга лой чаплайди».

 

Омон Қодиров,

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси