Қалб, ақл ва нафс ҳақида

48

Инсон ақл-идроки ва сезгилари туфайли ҳар нарсанинг яхши ёки ёмонлигини, фойда-зарарнинг фарқини англаб олади. Шунга  қарамасдан кишида яна бир ўжар туйғу ҳам борки, масалан чўғолов куйдиришини билгани ҳолда уни ушловчилар бор. Улар  жиддий фалокатга йўлиққанларида ҳам айбни ўзларидан кўрмай, қандайдир хато, тасодиф содир бўлди, деб ўйлайдилар. Румий ҳазратлари

 

Иёз ибн Халийфадан ривоят қилинади:

“Али розияллоҳу анҳунинг Сиффийнда қуйидагиларни айтганини эшитдим:

“Ақл қалбда. Раҳимдиллик жагарда. Мулойимлик талоқда. Нафс ўпкада”.

Шарҳ: Сиффийн Фурот дарёси қирғоғига жойлашган макон. Бу макон Али ибн Абу Толиб ва Муовия ибн Абу Суфён тарафдорлари орасидаги машҳур жанг туфайли тарихга кирган. Бу жанг ҳижрий 38 йили, Сафар ойи бошида бўлган.

Тарихчилар тахмин қилишларича, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг аскари тўқсон минг кишидан ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг аскари бир юз йигирма минг кишидан иборат бўлган.

Ушбу ривоятдаги қалб, жигар, талоқ ва ўпка каби инсоннинг аъзоларига боғлиқ гаплар ўша пайтнинг тушунчалари асосида айтилган.

Қалб – “Қалб” лафзи икки хил маънода ишлатилади.

Биринчиси, инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус жисм. У тилимизда “юрак” дейилади. Агар ривоятда зикр қилинган қалбдан мурод шу аъзо бўлса, юрак ишламаса, ақл ҳам ишламаслиги юзасидан бўлади.

Иккинчиси, Роббий, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, унинг аввалги қалбга боғлиқлиги мавжуд. Уларнинг орасидаги алоқа худди сифатнинг сифатланган нарса билан бўлаган алоқасига ўхшайди.

Ана шу латиф нарса инсоннинг ҳақийқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшангадир.

Ақл – “Ақл” сўзи, аслида, туяни кетиб қолишдан қайтариш учун боғлаб қўйишдан олинган. Ақл ҳам эгасини зарарли нарсалардан манъ қилади.

“Ақл” лафзи ҳам турли маъноларда ишлатилади.

Биринчиси, нарсаларнинг ҳақийқатини идрок қилиш бўлиб, илмнинг суратидан иборат бўлади.

Иккинчиси, илмларни идрок этувчи билимдир.

Яна, илмни қабул қилиш учун тайёрланган қувват ҳам “ақл” дейилган.

Бошқа бир таърифга кўра, “ақл” Аллоҳ таоло инсонга ато қилган қувват ва табиий ҳис бўлиб, у ила инсон назарий ишларни идрок қилади ва ҳайвондан ажраб туради.

Яна бир таърифда, “ақл” қалб ёки миядаги руҳоний нур бўлиб, унинг воситасида зарурий илмлар идрок қилинади, дейилган.

Нафс – Бу лафз ҳам аслида бир нарсани ифода этса-да, бир неча маънода ишлатилади.

Биринчиси, инсондаги ғазаб ва шаҳват қувватини жамловчи маънодир. Ҳа, аҳли тасаввуф “нафс” деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарсани кўзда тутадилар.

Шунинг учун ҳам, уларнинг истилоҳида нафсга қарши мужоҳада қилиш, уни синдириш каби иборалар тез-тез учраб туради.

Бунақанги нафснинг ўзига хос исми бўлиб уни “ан-Нафсул амморатул биссуъи” – “ёмонликка амр қилувчи нафс” деб аталади.

 

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Манбалар асосида тайёрланди