ЖАСОРАТЛИ АЛЛОМА
16Имом ал-Мотуридий залолатнинг ҳар кандай кўринишларидан йироқ, мусулмонлар орасида соғлом исломий тафаккурни тарғиб қилиш борасидаги саъйи ҳаракатлари ҳамда унинг барҳаёт таълимотлари мазмун-мохиятини тўлиқ идрок қилиш учун аллома яшаган даврдаги мавжуд диний-маънавий муҳитни яхши тасаввур қилиш керак, зеро, ўша даврда ислом дунёсининг қатор ўлкаларида диний мутаассиблар ва бузғунчи гуруҳларнинг хатти-ҳаракатларидан азият чекиб, иймон-эътиқод масаласидаги нотўғри талқинлар ва чалкашликлардан мусулмонлар жиддий муаммоларга дуч келган эдилар.
VIII асрдан эътиборан ислом динида пайдо бўла бошлаган турли тоифа ва гуруҳларнинг сони имом ал-Мотуридий яшаган IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмига келиб янада кўпайди, бу ҳол иймон-эътикод масалаларида катта ихтилофлар ва парокандаликнинг ғоятда кучайишига олиб келди. Мана шундай гуруҳлардан бири муътазилийлар бўлиб, улар ақидавий масалаларни шарҳлашда ҳам, ўз ғоявий рақибларига қарши кўрашда ҳам тор, бир томонлама фикрларга, фақат ақлга таяниб иш тутдилар. Муътазилийлар ўзларининг бу маслакларига ҳаддан ортик ёпишиб олиб, ҳатто жамиятда юзага келган масалалар буйича муқаддас манбааларда очиқ-ойдин келтирилган кўрсатмаларни ҳам ўз фикр-мулоҳазаларига мослаштириб талқин қила бошладилар.
Муътазилийларнинг намоёндаларидан баъзилари шу даражага бориб етдики, айрим саҳобалар ва тобиъенлар томонидан айтилган ҳадислар, бордию уларнинг усулларига тўғри келмаса, бундай ҳадисларни нотўғри, дейишдан ҳам тап тортмадилар. Айрим олимларнинг қайд қилишларича, муътазилийларнинг фикрига кўра, ҳақ ва ботилни ажратадиган яккаю-ягона мезон ақлга таяниш бўлиб қолган. Иймон-эътиқоднинг айрим масалаларида ҳам муътазилийлар нотўғри йўл тутдилар. Бу фикримизнинг исботи учун атиги бир масалани, айтайлик, гуноҳи кабирани содир қилган мусулмонга муносабат масаласини олиб кўрайлик.
Маълумки, исломий бир тоифа вакиллари бўлмиш хаворижлар, гуноҳи кабирани содир қилган мусулмон кишини мусулмончиликдан чиқиб, кофир бўлади, деган бўлсалар. Бошқа бир тоифа — муржиъалар эса бундай киши, агар қалбида Аллоҳ бўлса, мусулмон бўлиб қолаверади-ю, аммо қилган қилмишига яраша жазосини олади, деган ғояни илгари сўрганлар. Айни шу масалада муътазилийлар хаворижлар ва муржиъалар қарашларидан фарқли ўлароқ, ўрталик (тавассут) нуқтаи назарини қўллаб-қувватладилар. Бунинг маъноси шуки, гуноҳи кабирани содир қилган киши мусулмон ҳам эмас, кофир ҳам бўлмай, балки икковининг ўртаси — аросатда (арабча манзила байнал-манзилатайн) қолиб, гарчанд гуноҳкор қалбида иймонни тасдиқ қилиб, тилида иқрор бўлса ва солиҳ ишларни кўп қилган бўлса-да, жаҳаннам олови-да азоб чекиши ҳукмини чиқарганлар.
Муътазилийлар дин ҳамда фалсафа ўртасидаги муътадил уйғунликка эриша олмаганлар. Аксинча, улар аксар масалаларда фақат ақлга таяниб иш тутиб, юнон фалсафасига ёпишиб олдилар. Ҳатто Қуръони карим оятларини идрок этишда бошқаларнинг (ғайридинларнинг) қарашларига эргашиб, айрим ҳолларда нафақат Қуръон оятларига ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларига, балки оддий соғлом фикрга хилоф бўлган ғояларни илгари сурдилар, муқаддас манбаалардан фалсафага оид асарларни афзал кўриб, охир-оқибатда, бу асарларни ўз ақидаларининг ишончли манбаси сифатида кабул қилдилар. Калом илмига оид бошқа бир қатор масалаларда ҳам муътазилийлар шу тарзда бир томонлама йўл тутдилар.
Муътазилийлардан аввал ўтган (салаф) уламолар — фақиҳлар ва муҳаддисларга келсак, улар ҳам ақидавий масалаларнинг нозик жиҳатлари хусусида чуқур баҳсу мунозаралар юритишни рад қилгандилар. Уларнинг фикрича, гуё иймон-эътиқод масалаларида баҳслашиб, мунозара юритиш динни тафриқа ва ажратишга олиб келармиш.
Ислом дини сунний йўналишидаги учта мазҳабнинг асосчилари бўлмиш имом Молик ибн Анас, имом аш-Шофиъий ва имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар, манбааларида ёзилишича, калом илмини умуман тан олмай, бу илм билан шуғулланган олимлар — мутакаллимларни, имкон қадрича бадном қилган эканлар. Ҳатто имом Молик «Бизнинг юртимиздаги мусулмонлар динда калом илмини рад қилганлар», «Аҳл ал-калом аҳд ал-бидъатдир», дея гапнинг пўсткалласини айтиб қўяқолган. Имом аш-Шофиъий эса: «Одамлар агар калом илмида қанчалик кўп ҳавойи гаплар борлигини билганларида эди, ундан гўё даҳшатли шердан қўрқиб қочгандек тирақайлаб қочардилар», деб бу илмга ўз муносабатини билдирган.
Бизнинг диёримизда кенг тарқалган ҳанафий мазҳабининг асосчиси имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратларининг калом илмига муносабати ҳақида гап кетганда, манбаларда бир-бирига зид икки хил фикр келтирилади. Улардан бирига кўра, имом Абу Ҳанифа калом илми билан бир қадар шуғулланган ва бу соҳага оид масалаларни шарҳлаб, баъзи рисолалар ҳам тасниф этган. Шунингдек, ёзма манбаларда келтирилишича, у Басрага келган пайтида бу шаҳарда куртак отган эътиқодда ҳидоят йўлидан адашган турли фирқа ва гуруҳларга қарши кескин кўраш ҳам олиб борган. Мана шу далиллар Абу Ҳанифа ҳазратларини сунний калом илмининг дастлабки намоёндаларидан бири, дейишимизга етарли асос бўлади.
Аммо иккинчи фикрга кўра, имом Абу Ҳанифа жаноблари калом илмидан батамом узоқ бир олим сифатида гавдаланади. Аслини олганда ҳам, Абу Ҳанифа хазратлари фиқҳ (ислом қонуншунослиги) илмининг беназир алломаси сифатида бутун ислом оламига донги кетган. Балки шунинг таъсириданми, у калом илми билан астойдил шуғулланмаган.
Мана шундай мураккаб шароитда калом илмининг йирик намоёндаси сифатида имом ал-Мотуридий етишиб чиқиб, вужудга келган қалтис вазиятни тузатиш масалалари билан шуғулланди. Мусулмонлар ўртасида турли-туман нифоқу ихтилофлар содир бўлиб, улар ўзаро келишмаган хар хил гуруҳларга бўлиниб, бирликларига путур етган, танг бир диний-маънавий вазият вужудга келган эди. Ана шундай оғир пайтда имом ал-Мотуридий ҳазратлари эътирозга ўрин қолдирмайдиган ақлий ва нақлий далилларга таяниб, ислом аҳли ақидасини соғлом фикрга, рушди ҳидоятга ва дини исломнинг асл мазмун-мохиягига мос келадиган мустақил йўлга бошлади. Ўзининг улуғвор, ҳаётбахш таълимотлари билан миллионлаб мусулмон аҳли ақидасини бир- бирига зид бўлган бузғунчи, фосиқ ғоялардан сақлаб қолди.
Қосимов Музаффар,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
