Абдуллоҳ Зуфарга раддия
18

Ўзининг муқаддас каломида “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг…” – деб, марҳамат қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
“Менинг умматим залолат устида жам бўлмайди” – деб, марҳамат қилган пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога саловат ва саломлар бўлсин.
Яқинда мен Абдуллоҳ Зуфарнинг “Зайтун TV” телеграмм канали орқали намойиш қилинган тафсир дарсларидан бирида айтган гапларини эшитиб қолдим. Суҳбат асносида у “…Биз даъват қиламиз. Аллоҳ уларни қилаётган ишларини билиб турибди. Биз бунга ҳеч ҳам куюнмаймиз. Аллоҳ уларни одамларни синаш учун чиқариб қўйган. Қани ким кимга эргашади. Биз улар айтганидек, биров бизга эргашмаётганлигидан ёки бизни эшитмаётганлигидан тинмай даъват қилиб, дарсларимизни чиқараётганимиз йўқ. Улар шунақа деб ўйлайди. Чунки уларнинг ўзи шунақа. Уларнинг мақсади одамларни эргаштириш ва мухлис орттириш. Шунинг учун бошқаларни ҳам шунақа деб ўйлайди. Одам орттириш эса мунофиқларнинг сифати. Агар мақсадимиз одам йиғиш бўлганда бу борада энг устасифаранг бўлар эдик. Бирорта сарой мулласи олдимизга туша олмас эди. Одамлар келадими ёки қочадими бунинг фарқи йўқ. Мақсадимиз Аллоҳнинг каломини ва Расулининг суннатини етказиш.” дейди.
Энди Абдуллоҳ Зуфарнинг гапларини бир таҳлил қилиб кўрайлик. Аввало даъват ишида холислик яъни даъват холис Аллоҳ таоло учун бўлиши кераклигини алоҳида таъкидлаб қўйиш лозим. Абдуллоҳ Зуфарнинг даъвосига кўра, Ўзбекистондаги аҳли илмлар одамларни синаш учун чиқарилган кишилар бўлиб, одамларни фитнага солиш ва уларни ҳақ йўлдан тўсишдан бошқа ишга ярамайдиган кишилардир. Гўё Абдуллоҳ Зуфарнинг ўзи ҳақ йўлда ва одамларни ҳам шу йўлга чорламоқда. Ўзбекистондаги имомлар даъват қилаётган йўл эса хато. Ким Абдуллоҳ Зуфар чорлаган йўлдан юрса ҳидоятда, имомлар чорлаган йўлдан юрса адашган, Абдуллоҳ Зуфарнинг таъбири билан айтганда синовдан ўтолмаган кишилар бўлар экан. Бу қандай мантиқсиз гап бўлди?!
Бу нобакор Абдуллоҳ Зуфар деган нусханинг бор дарди одам тўплаш бўлмаганда бунчалик жон куйдириб даъват қилмас эди. Чунки у ҳар бир даъватида “жиҳод”га тарғиб қилади. Бунинг учун эса одам керак. У буни ҳар қанча инкор қилмасин, ўзини олиму боамал қилиб кўрсатмасин ҳақ йўлни таниганлар унинг асл башараси қандай эканини жуда яхши биладилар. Унинг мақсади ҳақиқатдан ҳам Аллоҳнинг каломини ва Расулининг суннатини етказиш бўлганда одамларни адашганга, мунофиққа ва кофирга чиқармаган бўлар эди. Қолаверса, пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатига эргашишни даъво қилаётган бу нусха у зотнинг меросхўрлари бўлган олимларнинг этагини маҳкам тутган бўлар эди.
Қодиров Омон «Хожа Бухорий» ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
