ҚИЁМАТДА КИШИ ЯХШИ КЎРГАНИ БИЛАН БЎЛАДИ
44

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аъробий пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг элчиси қиёмат қачон бўлади” деди. Шунда пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги киши учун айтдиларки: “Сен қиёмат учун нима тайёрладинг”? Аъробий айтдики: “Мен қиёмат учун кўп намоз ва кўп рўза тайёрлаганим йўқ, бироқ мен, Аллоҳ ва унинг элчисини яхши кўраман”, деди. Шунда пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Сен яхши кўрганларинг билан бирга бўласан” дедилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтадиларки, мусулмонлар исломни қабул қилганларидан кейин шу кундагидек хурсанд бўлмагандилар. Анас розияллоҳу анҳу сўзларида давом этиб, биз Росулуллоҳ алайҳиссалом, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳулар қилган амални қила олмаган бўлсакда, уларни яхши кўрамиз ва Аллоҳ таолодан қиёмат кунида улар билан бирга бўлишни умид қиламиз”.
Ҳадисдан олинадиган фойдалар:
- Диний масалаларда билмаган нарсасини биладиганлардан сўраш жоизлиги.
- Қиёмат куни учун тайёргарлик кўриш кераклиги.
- Аллоҳ ва унинг элчисини ҳаммадан ортиқ яхши кўришлиги.
- Киши қиёмат куни ўзи яхши кўрганлари билан бўлиши.
- Пайғамбаримизнинг саҳобаларини ҳам яхши кўриш ва уларнинг изидан бориш кераклиги.
Манба: Эҳё улумиддин. Имом Абу Ҳомид Ғаззолий. Ж.4. Б.242
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим
юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
