Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш — тинчликни таъминлашдир

8

Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш тинчликни таъминлаш, турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шарти ҳисобланади. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло тафаккур қилмайдиган, ўзининг ким эканини англаб етмайдиган, бугуннинг ҳузур-ҳаловати билан яшаб, эртаси ҳақида қайғурмайдиган, бепарво ва беғам кимсаларни “Аъроф” сурасининг 179-оятида: яъни: “Жаҳаннам учун жинлар ва инсонларнинг кўпчилигини яратганмиз. Уларда қалблар бор, (лекин) улар билан «англамайдилар». Уларда кўзлар бор, (лекин) улар билан «кўрмайдилар». Уларда қулоқлар бор, (лекин) улар билан «эшитмайдилар»*. Ана ўшалар ҳайвонлар кабидирлар. Балки, улар (янада) адашганроқдирлар. Айнан ўшалар ғофиллардир”, деб таърифлайди. Ислом оламининг эътиборли уламолари томонидан мўътабар манбалар асосида берилаётган раддияларни тан олмаётган турли йўналиш ва фирқаларнинг аъзоларини ҳам юқоридаги оятда келтирган кимсаларга қиёслаш мумкин.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилганлар: “Ҳақиқий мусулмон бу мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлишликларидир”.

Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси-саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказиш мумкинлигига, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.

Динларнинг энг охиргиси Ислом мусулмонларга фақат дину диёнат ва ҳаётларига бошқалардан тажовуз бўлгандагина уларга қарши Аллоҳ йўлида курашишга ижозат этган. Демак, халқларнинг ҳар хиллиги урушиш, жанжаллашиши учун эмас, балки бир-бирлари билан танишишлари, битта замин устида аҳил-иноқ яшашлари учун экан. Бинобарин, бир ота ва бир онадан тарқалган инсониятнинг бир-бир билан Аллоҳ тақиқлаган ишлар туфайли урушиб-талашиб юриши Ислом динига хилофдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари сурганлар. Охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). У зот саллаллоҳу алайҳи васалам яна бир ҳадисларида: “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин”, деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мен вафот этганимдан сўнг бир-бирларингизнинг бўғзига тиғ урадиган кофир бўлиб кетманглар”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти).

Гадаев Рамазон

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси