ШУКР НИМА?

28

Албатта бандага кўриниб турган ёки кўринмайдиган неъматларни Аллоҳ таоло томонидан берилганлигини эътироф этилиши ва шу сабаб шукр қилиши улуғ ибодатлардандир. Баъзи салаф уламоларимиз шукр — диннинг ярмидир деганлар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Шукр қилиб таомланувчи сабрли рўзадор ўрнидадир” деганлар. Шу сабаб бўлса керак, Аллоҳ таоло айнан “шукр” лафзи билан боғлиқ Қуръони каримда 25 ўринда оятлар нозил қилгандир.

Шукр сўзи араб тилидан олинган бўлиб,  شكر , يشكر  феъли луғатда “Неъматни эътироф этиш”, “Неъматни мақташ” каби маънолари бор. Имом Кафавий: «Шукр урфда неъмат учун берилган ҳар бир мукофотдир. Шукрнинг асли, неъматни тасаввур ва изҳор қилишдир. Шукр бандадан бўлганда эҳсонга нисбатан бўлган ирфондир. Аллоҳ таолодан бўлганда савоб ва ажр ҳамда гўзал мақтовдир», деган.

Уламолар шукр сўзига  уч хил таъриф берганлар.

  1. Қалб билан шукр қилиш. Бу неъматни Аллоҳ таолодан деб тасаввур қилиш.
  2. Тил билан шукр қилиш. Бу Аллоҳ таолони мақташ ва унга тасбеҳ айтиш.
  3. Тана аъзолари билан шукр қилиш. Бунда банда неъматни қалби билан, тили билан ва барча аъзолари билан тан олиши ва уни берган зотнинг розилиги учун сарф қилиш. Гуноҳ ишлардан четда бўлиш кабилар билан амалга оширилади.

Шукрнинг самаралари бир неча бўлиб улар:

  • Шукр муъмин кишининг сифатларидан бир сифатдир. Унинг иймони борлигига далолатдир.
  • Шукр қилувчи банда Аллоҳ таолонинг розилигига ва У зотнинг муҳаббатига эришади.
  • Шукр қиёматда Аллоҳнинг азобидан сақловчи омилдир.
  • Шукр сабаб Аллоҳ таоло шукр қилувчи бандасига Ўз неъматларини зиёда қилиб беради.
  • Шукр сабаб банда қиёматда кўпгина яхшиликларга эришади.

Шукрнинг фазилати тўғрисида пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламдан бир қатор ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, “Ким субҳаналлоҳи деса, ўнта савоб, ким лаилаҳа иллаллоҳ деса йигирмата савоб ва ким Аллоҳга шукр деса, ўттизта савоб олади” ёки “Зикрнинг афзали  лаа илаҳа иллаллоҳ бўлса, дуонинг афзали Аллоҳга ҳамд айтишдир (яъни шукр қилиш).”

Манба: Имом Абу Ҳомид Ғаззолий.  Иҳё улумиддин Ж.:5 Б.159.

 

Ўткирхон Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим

юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари