Мўътадиллик йўли

17

Мўътадил деганда бирор нарсада ҳаддан ошиб ҳам кетмаган, ўта сустликка ҳам йўл қўйилмаган ўртача ҳолатни тушунамиз. Васат сўзи эса ўрта, адолатли, тўғри, мўътадил, энг яхши каби маъноларни англатишини кўрамиз. Қуръони каримда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини “Васат” уммат деб атади. Бақара сураси 143-оятда:

و كذلك جعلناكم أمة وسطا لتكونوا شهداء علي الناس و يكون الرسول عليكم شهيدا

“Шунингдек, сизларни одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, деган.

Ўртани яхши дейилаётганига боис шуки, четлар чет бўлгани учун ҳам ҳар хил таъсирларга кўп учрайди ва бузилиш эҳтимоли кўпроқ. Аммо ўрта бузилмай, яхши ҳолича қолади. Ўртага адолат маъноси берилишининг сабаби эса, “ўрта” атрофларга нисбатан бир-хил туради, бирор томонга оғиб, адолатни бузмайди. Ислом уммати ўрта ва адолатли бўлгани учун олдин ўтган умматларга адолат билан гувоҳлик беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ўз умматларига гувоҳлик берадилар.

Ҳофиз ибн Мурдавайҳи ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Қиёмат куни мен умматим билан тепаликдан халойиққа қараб турамиз. Ҳар-бир кимса биздан бўлишни орзу қилади. Қайси Пайғамбарнинг уммати уни ёлғончига чиқарса, биз Роббисининг фармонини адо этганига гувоҳлик берамиз”, деганлар.

Имом Аҳмад Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтганлар: “Қиёмат куни Нуҳ чақирилиб: “Етказдингми?” деб сўралади. У, ҳа, дейди. Сўнг унинг қавми чақирилади ва уларга: “Сизга етказдими?” дейилади. Улар: “Бизга огоҳлантирувчи ҳам, бирор киши ҳам келгани йўқ”, дейишади. Шунда Нуҳга: “Сенга ким гувоҳлик беради?” дейилади. У: “Муҳаммад ва унинг уммати” дейди. “… ва шунингдек, сизни ўрта уммат қилдик…» деганининг маъноси шу. Ўрта–адолатли деганидир. Сизлар чақириласизлар ва унга етказганлиги ҳақида гувоҳлик берасизлар, сўнгра мен сизларга гувоҳлик бераман”. Ислом уммати эътиқод ва тасаввурда ўрта, адолатли ва афзал уммат ҳисобланади. Бошқа баъзи умматларга (масалан, ийсавийларга) ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга (масалан, мусавийларга) ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътимод қўймайди. Балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли ва энг афзал муносабатда бўлади. Аллоҳ таоло бу умматнинг энг яхши уммат эканлигига Оли Имрон  сурасининг 110-оятида гувоҳлик беради.

كنتم خير أمة أخرخت للناس تأمرون بالمعروف و تنهون عن المنكر و تؤمنون بالله

“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амри маъруф қиласиз, наҳий мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз”. Ислом дини дунёга келгандан кейин бу диндан тойганлар, ақидада адашганлар бўлди. Лекин аҳли суннат вал-жамоат мўътадиллик ва васатияликни сақлаб қолди. Аҳли суннатдан мўътазилалар, шиъалар, қадария, жабария каби бир қанча фирқалар ҳаддан ошишга ёки сустликка йўл қўйиб, ажралиб кетдилар. Бу маънода ҳам аҳли суннат ўрта уммат ҳисобланади. Аҳли суннат орасида ҳанафий мазҳабини афзал дейиш мумкин. Ҳанафий мазҳаби Ислом динидаги тўрт мазҳаб ичида мўътадил ва дин тарғиботида куч ишлатмасликни ҳимоя қилади. Мусулмонларни ўзаро тинч-тотув яшашга, раҳбарларга итоатда бўлишга, ғайридинларга нисбатан зўравонлик ўтказмасликка, бошқа динларга ҳурмат кўрсатишга чақиради.

Ҳанафий мазҳаби дунёда энг кенг тарқалган мазҳаб бўлиб, манбаларга кўра, ҳозирги кунда унга 600 миллионга яқин, яъни мусулмонларнинг деярли ярми эргашади. Тарихда катта ҳудудларга эга бўлган аббосийлар халифалиги, Амир Темур давлати, усмонийлар, бобурийлар давлатлари ҳанафий мазҳаби асосида давлат бошқарганлар. Чунки бу мазҳабнинг ижтиҳодлари мўътадил бўлиб, ажам халқларининг урф-одатларини ҳам ҳисобга олади.

Хулоса ўрнида, ҳозирги вақтда айрим кишилар мазҳаб асосида амалларни бажаришни муҳим деб билмайдилар, баъзилар эса ўзи эргашган муайян мазҳабдан бошқа мазҳабни тан олмайди. Бу икки ақийда ҳам нотўғри ҳисобланади. Бу борада буюк ватандошимиз фақиҳ Бурҳониддин Марғинонийнинг қарашлари афзал ва мўътадилдир. Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” китоби салкам 900 йилдан буён мўътабар манба сифатида ўрганиб келинмоқда. Уни варақлар эканмиз, деярли ҳар-бир саҳифасида Абу Ҳанифа – Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан ташқари Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмад, Абу Юсуф, Имоми Муҳаммад, Имоми Зуфар, Имоми Таҳовий ва бошқа мужтаҳидларнинг номлари бир масала устида айтилган турли фикрлар ҳурмат-эҳтиром билан келтирилади. Мўътадиллик нафақат диний масалаларда, балки юриш-туришимизда, еб-ичишимизда, сарфу-харажатларимиз ҳамда барча муомалаларда дастутул-амал бўлган қоидадир. Аллоҳ таоло барча ишларда бизни мўътадиллик ва васатияда бўлишимизни насиб этсин.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари