Қўшничилик одобини фарзандларимизга ҳам ўргатиб борайлик!
16

Халқимизда шундай мақол бор, «Ҳовли олма қўшни ол!” Бу мақолнинг замирида бебаҳо ҳикматлар мавжуд. Қўшнинг тинч бўлса, сен ҳам тинч бўласан. Агар қўшнингни уйида нотинчлик бўлса, бунинг таъсири сени ҳам четлаб ўтмайди. Қўшниларнинг ўзаро аҳил-тотувлиги жамиятнинг тотувлигини таъминлайди.
Борини қўшнилар билан баҳам кўриш, қўшнида бор нарсадан таъма қилмаслик қўшничиликнинг чиройли бўлиши сабабларидандир. Қўшничилик чегараси ҳақида Расулуллоҳ (с.а.в): “Билингки, қирқ ҳовли қўшнидир”, деганлар. Мусулмончиликда қўшни ҳаққи мана шундай улуғдир. Мусулмон киши бу ҳақларни тўғри тушиниб, унга амал қилиб, чиройли қўшничилик қилмоғи, меҳр оқибатли бўлмоғи лозимдир. Яратган ҳам Каломи шарифда қўшниларга яхшилик қилишни таъкидлаган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади: «Ота-онага, яқин қариндошга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, ён қўшнига, ёндаги соҳибга, йўқсил йўлчига ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилйик қилинглар» (36-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло бир неча тоифа одамларга, жумладан, яқин қўшнилар ва ён қўшниларга яхшилик қилишга амр қилмоқда. Тафсирчи уламоларимиз ояти каримада зикр қилинган «яқин қўшни»ни қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни, «ён қўшни»ни эса оддий, яқинлиги йўқ қўшни, деб тушунтиришган.
Қуйидагилар қўшничилик ҳақларидан эканлиги ҳадисларда зикр қилинган. Қўшни ёрдам сўраса, ёрдам бериш, қарз сўраса қарз бериш, бемор бўлса ҳолини сўраш, қўшнига бирор яхшилик етса табриклаш, бирор мусибат етса, таъзия билдириб, тасалли бериш, қўшни оламдан ўтса жанозасида қатнашиш, у рози бўлмаса, уйининг деворини унинг уйи деворидан баланд қилмаслик, тансиқ таомлар пиширганда қўшнига ҳам улашиш, қўшни бирор жойга кетганда уйи ва манзилидан хабардор бўлиш ва сақлаш, чақирса жавоб бериш, қўшничилик ҳақларидандир.
Афсуски, бугунги тинчлигимиз барқарор ҳамда гуллаб яшнаётган обод диёримизда бир-бирлари билан уришиб, ёқа бўғишиб юрган қўшниларни кўрганда ажабланамиз. Уларга нима етмаётган экан. Талашиб юрган нарсалари эса арзимаган дунё матоҳлари ёки болаларнинг ўртасидаги кичик жанжаллар. Бу ҳолга тушишликлари маҳкамадан-маҳкамага бир-бирларининг устидан шикоят ариза кўтариб юришлари қандай хунук ҳолат.
Кишининг оила аъзоларидан сўнг энг кўп дуч келадиган, мулоқот қиладиганлари қўшниларидир. Кишининг ўзгаларга муносабати қўшниларга муносабати орқали шаклланади. Қўшниларни ҳурматлашни ва уларга яхшилик қилишни ўрганган, ёмонликни раво кўрмаган киши бошқаларни ҳам ҳурматлайди, ҳеч кимга ёмонлик қилмайди. Шунинг учун фарзандларимизга доимо қўшниларга яхшилик қилиш, уларга азият етказишдан сақланиш, қўшничилик одоблари ҳақида насиҳатлар қилишимиз зарурки, токи улар комил фарзандлар бўлиб етишсинлар.
Сирожиддин ЖАҲОНОВ
Хожа Бухорий номли ўрта
махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
