Қиёмат куни мўъминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас
20

Аллоҳ таоло инсонларнинг суратини гўзал шаклда яратиб қўйган. Бу гўзаллик инсонни Аллоҳ таоло яратган бошқа маҳлуқотларига қиёслаганда яққол намоён бўлади, агар инсон ўз сийратини ҳам, хулқини ҳам гўзал қилса, ҳақиқий комил инсон бўлади. Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзида жамлаган ва шу хусусда инсонлар учун намуна бўлган зот Расулуллоҳ (с.а.в) эдилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қалам сураси, 4–оятида шундай марҳамат қилади: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” Ушбу оятда Расулуллоҳ (с.а.в) хулқларини улуғ эканлигини баён қилинмоқда. Хадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в) “Мен яхши хулқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”, деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг жуфти ҳалоллари Оиша (р.а) онамиздан у зотнинг хулқлари хақида сўрашганда: “Хулқлари Қуръон эди” деб жавоб берганлар. Яъни у зот Қуръони каримдаги барча яхши одоб-ахлоқларини олий хулқларни, гўзал фазилатларни ўзларига сингдириб, Қуръонда мазаммат қилинган, ёмонланган хулқлар, фазилатлардан ўзларини поклаб олган зот эдилар. Бизлар ҳам ўзимизга намуна бўлишга энг хақли зот Пайғамбаримиз(с.а.в)га, у зотнинг ўгитларига эргашсак бундан фақат ва фақат фойда қиламиз.
Инсоннинг хулқи чиройли бўлиши учун аввало, унинг қалби пок бўлиши лозим. Чунки, қалб инсон жасадининг подшоҳи, қолган аъзолар унга тобеъдир. Агар қалб пок бўлса, қолган аъзолар ҳам унга эргашади, агар у нопок бўлса, барча азолардан нопок амаллар содир бўлади. Қалб поклиги борасида буюк аллома Имом Ғаззолий (р.а.) шундай деганлар: “Киши зоҳирини нажосатлардан сақлаши, ундан узоқ юриши лозим. Аммо, ботиний нажосатлар ҳам борки, улардан сақланиш ундан ҳам муҳимроқдир. Чунки, ботиний ифлосликлар яъни қалб нопоклиги киши нафақат бу дунёда ҳалокатга бошлайди, балки охиратда ҳам аламли азобга дучор бўлишига сабаб бўлади”.
Покликни истовчи қалб гўё бир ошиён, фаришталар қўнадиган макон. Гина, ҳасад, кибр, ғараз, ғазаб, мараз каби қалб касалликлари жирканч махлуққа ўхшайди. Фаришталар қандай қилиб, бундай маконда қўним топсинлар! Демак қалбларимизни юқоридаги иллатлар ва яна уларга ўхшаш мақтанчоғлик, бахиллик, ҳирс, тамаъ, ғурур, риё, мутакаббирлик, ёмон ният каби иллатлардан поклаб, фаришталар макони бўлмиш қалбларимизни камтарлик, тавозеъ, яхши ният ва бошқа гўзал хулқлар билан безамоғимиз зарур.
Ахлоқ илми уламолари “Одамдаги ахлоқлар уни яратилишида қўшилиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?” деган саволга: “Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар инсонга онасининг қорнидалик пайтидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани яратиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Инсон ўсиши жараёнида, тарбия, муҳит ва одатланиш оқибатида у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади” деганлар. Пайғамбаримиз(с.а.в)нинг чиройли хулқ ҳақидаги ҳадиси шарифлари жуда кўп. Улардан баъзиларини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Бир ҳадисда Пайғамбаримиз(с.а.в): “Менга сизларнинг севимлироғингиз ва охиратда менга энг яқин турадиганингиз хулқи гўзал бўлганларингиздир. Менга ёқимсизингиз ва охиратда менга узоқ турадиганингиз хулқи ёмонларингиздир” деганлар. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос (р.а): “Яхши хулқ қуёш қорни эритганидек, хатоларни эритади, ёмон хулқ ҳам асални сирка бузганидек, амални бузади”, деганлар. Яна бир улуғ саҳоба Муоз ибн Жабал (р.а) ўзига Расулуллоҳ(с.а.в)нинг охирги васияти: “Одамлар билан муомалада хулқингни чиройли қил, эй Муоз ибн Жабал” деган сўзлари бўлганини айтар эдилар.
Пайғамбаримиз (с.а.в), “Қиёмат куни мўъминнинг мезонида чиройли хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмас. Албатта, Аллоҳ таоло фахш ва жирканч сўз айтувчини ёмон кўрур” деган бўлсалар бошқа бир ҳадиси шарифда: “Албатта, мўъмин ўзининг чиройли хулқи билан рўза тутувчи ва бедор бўлувчининг даражасини топади деганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан жаннатга одамларни кўпроқ киргизадиган нарса” ҳақида сўралди. У зот, “Аллоҳдан қўрқиш ва чиройли хулқ дедилар. Шунда у зотдан одамларни кўпроқ дўзахга киритадиган нарса ҳақида сўралди.” Бас у зот: “Оғиз ва фарж ҳамда ёмон хулқдир” дедилар.
Гўзал хулқ анбиёлар ва сиддиқларнинг, яхшиларнинг сифатидир. Ёмон хулқлар заҳри қотилдир. Ёмон хулқлар ўз эгасини шайтоннинг йўлига ва обрўйини тўкадиган абадий хасталикка бошлайди. Шунинг учун хулқларимизда баъзи қалб касалликлари борлигини сезсак, ўша касалликни унинг зидди билан тезда муолажа қилишимиз зарур. Бу миллат дунё халқларига одоби, яхши хулқи, ҳаёси, меҳмондўстлиги ва бошқа кўпгина фазилатли хулқлари билан танилган. Ана шу яхши, хайрли дея таърифланадиган сифатлар бизнинг доимий хулқимизга айланиши лозим.
Ўткир МАҲМУДОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
