Исроф қилманг!
33

Бугунги кунда инсоният тарақиёт сари суръат билан одимлаб бормоқда. Бу тараққиёт бевосита бизнинг халқимизнинг ҳам иқтисоди йилдан — йилга ошиб бориши ва яшаш фаровонлиги яхшиланишига сабаб бўлмоқда.
Аллоҳга минг шукрлар бўлсинки, бизнинг юртимиз озиқ-овқат ва табиий бойликлар ресурсларига бой мамлакатлар сирасига киради. Лекин кенгчилик ва фаровонлик айрим инсонларни моддий ва маънавий имкониятларини беҳуда сарфлашга олиб келмоқда. Халқимизда “Исроф қилма” ёки “Исроф бўлади” каби сўзлар ишлатилади. Исрофнинг нима эканлиги, динимизда исроф ҳақида қандай кўрсатма ва қайтариқлар борлигига эътибор қаратамиз.
Исроф сўзи луғатда “чегарадан чиқиш” ва “бир нарсани қасддан унутиш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса моддий ва маънавий маънода ишлатилса-да, кўпроқ моддий сарф харажатларда ўз ифодасини топади. Қуръони каримда “исроф” сўзидан ташқари шу сўз маъносидаги “табзир” сўзининг турланишлари ҳам келган. Масалан: “Қариндошга ҳаққини бер! Мискинга ва кўчада қолганга ҳам. “Табзир” (исрофгарчилик)ка мутлақо йўл қўйма. Албатта, табзирчилар (исрофчилар) шайтонларнинг биродарлари бўлганлар. Шайтон эса, Роббига ўта ношукр бўлгандир. ” (Исро 26–27-оят.) “Табзир”нинг исрофдан фарқи шундаки, исроф шариатда буюрилган нафақаларда ҳаддан ошиш бўлса, “табзир” кераксиз ўринда сарф қилишдир.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилади: “Енглар, ичинглар, кийинглар ва садақа қилинглар. Исроф ва мутакаббирлик бўлмаса бас”. (Абу Довуд ва Насоий ривояти)
Исрофнинг бир қанча турлари бор. Шулардан бири эҳсон ва нафақалардаги исрофдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Фурқон сурасида баён қилган: “Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар”. (Фурқон. 67-оят.).
Умар ибн Абдулазиз қизи Фотимани узатаётганда Абдумалик ибн Марвон сўради: — Қандай харажат қилмоқчисан? Умар ибн Абдулазиз — Икки гуноҳнинг ўртасидаги чиройли ҳолатда, – деб юқоридаги оятни тиловат қилди.
Таомдаги исроф ҳақида ҳам оятлар бор: “Енглар, ичинглар ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас”. (Аъроф, 31-оят.) Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадислари кифоя қилгувчи насиҳатдир: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндур. Одам боласига қаддини тутиб туришга етадиган емаклар етади. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, ичимлиги учун учдан бир ва ҳавоси (нафас олиши) учун учдан бирдур”. (Термизий ривояти.)
Биз яшаб турган даврда ҳам айрим инсонлар бу чегарани ошиб ўтмоқда. Айрим инсонлар Аллоҳ таоло вақтинчалик бериб қўйган моддий имкониятлардан мағрурланиб, орзу-ҳавас деб номланган туйғуга асир бўлмоқдалар. Бу айниқса тўй-маъракаларда яққол намоён бўлмоқда. Никоҳ тўйларида ташкил қилинган машиналардан тортиб озиқ-овқатлар менюсигача бўлган исрофлардан жуда кўп муҳтож ва кам таъминланган кишиларга ёрдам кўрсатиб, катта савобларга эришиш мумкинлигига эътибор қилмайдилар.
Еб-ичишга бўлган жуда катта эътибор бугунга келиб семириш каби глобал муаммоларни келтириб чиқармоқда. Молиявий маблағлар исрофидан ташқари ҳар-бир соҳада ҳам исрофлар бўлади. Шулардан машҳурроғи — сувнинг исрофи. Сувнинг исроф бўлиш ҳолатини ҳар жойда кузатиш мумкин. Лекин кўпчилик бунга эътибор бермайди. Ҳолбуки сув – Аллоҳ таоло бандаларга инъом этган неъматларнинг энг улуғларидандир. Бу неъматни тежаш керак. Ҳар бир соҳада бўлгани каби сувнинг исрофи ҳам гуноҳ саналади. Ҳаттоки ибодат учун ишлатилганда ҳам исроф қилмаслик керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг таҳорат олаётиб сувни меъёридан ортиқ ишлатганини кўриб қолдилар. — Ҳой, Саъд! Бу қандай исрофгарчилик? – дедилар. — Эй Аллоҳнинг Расули, таҳоратда ҳам исроф бўладими? – сўради Саъд розияллоҳу анҳу. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам — Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам, дедилар.
Ҳаётда инсон учун энг зарур бўлган ишлардаги меъёрнинг ортиғи шунчалик исроф бўлса, тўй-маърака ва бошқа зиёфатлардаги исрофгарчиликнинг юки қанчалик оғир бўлишини тасаввур қилиб кўриш мумкин. Яна бир катта маънавий исроф “Вақт” исрофига эътибор қаратиш лозим. Чунки вақтдан унумли фойдаланилса, илм-фан ва тадбиркорликнинг юксак чўққиларига чиқиш мумкин. Агар кимки шу неъматни қадрига етмай исроф қилиб, вақтни беҳуда нарсаларга зоеъ қилса жамиятда керакли инсон бўлиши савол остида қолади ва охиратда ҳам бу неъматдан масъул бўлади. Шунинг учун ҳаётимиз давомида доимо ўзимизни исроф деган иллатдан узоқ тутишимиз лозимдир.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
