Ватан бир боғдир, Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормаклари даркордир.

24

 “Армия ва халқ бир тану бир жон!” деган олий жаноб ғоя ва амалий ҳаракат барча буғиндаги ҳокимият ва бошқарув идоралари, маҳалла, ёшлар, хотин—қизлар, нуроний ташкилотлари, таълим—тарбия муассасалари фаолиятини, кенг жамоатчилк ҳаётини қамраб олмоқда. Бу эса ватан ҳимояси чиндан ҳам барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки шарафли бурчимизга айланиб бораётганидан яққол далолат беради”.

Шавкат Мирзиёев

Мустақил Ўзбекистонда ушбу байрам ўз қуроллантириш кучларни ташкил этишга бағишланган. 1992 йил 14 январда мамлакат парламенти мамлакат ҳудудидаги ҳарбий ўқув юртлар ва бошқа ҳарбий шаклларининг барча қисмлари ва бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси юрисдикция қарамоғига ўтиши тўғрисида қарори қабул қилинди. Шундай қилиб хусусий қуроллантириш кучлари ташкил этилди. 1993 йилда 29 декабрда 14 январ — Ватан ҳимоячилари куни деб эълон қилинди.

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

Ватан тарққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳаракатдир, бу ҳаракатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Фарзандларимизнинг мактабда битта ҳарф ўрганишлари ҳам, янги иморатга қўйилган битта ғишт ҳам, илмга оламшумул кашфиёт ҳам ана шу ташаббуснинг меваларидир. Эрталаб Ватандан бир нима олиб, шомда ўша битта миқдорда қайтарсак – ютқизамиз, бунда тараққиёт бўлмайди, аксинча, тушкунликка юз тутилади. Демак, олган нарсамизни бир-икки эмас, ўн, балки унданда кўп ҳисса қилиб қайтаришга интилмоғимиз шарт экан. Донишмандлар айтганларидек: “Ўқишдан тўхтаган одам – фикрлашдан тўхтайди”. Шундай экан, фикрламайдиган одамдан Ватанга қандай наф тегиши мумкин? Биз Ватандан ниманидир талаб қиламиз, оламиз ҳам. Аммо буни юз ҳисса, унданда кўп қилиб қайтармоқликни ўйламас эканмиз, бу бизнинг ақлимиз заифлигига, диёнатимиз ожизлигига далолат бўлади. Ватандан олганимиз – қарздир, қарзни қайтармоқлик фарздир!

Ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш – ғоят чидам, ғоят юксак онг талаб этувчи ўзига хос илм ва буни эгаллаш ҳам бешикдан бошланмоғи ва оқибат сўнгги нафасга қадар давом этмоғи лозим. Ватанпарварлик – Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. Файласуф Гегель айтганидай “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади.” Мана шу нуқтадаги фарққа диққат жалб қилинса, Ватанини севаман, деб юрувчилар кўп. Аммо ҳамма ҳам Ватанга жонини фидо қилишга тайёр турмайди. Ватанга меҳр-муҳаббат мавҳум тушунча бўлмай, балки ҳақиқий маънавий туйғудир. Яъни, ватанпарварлик – Ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзини бир бутунликда кўришдир. Унинг яхши ёмон кунларида асқотишдир.

Алҳамдилуллаҳ, бугунги кунимизда ҳам иссиққина уйларидан, яшаётган маконларидан, ўз ота-оналари ва қариндош-уруғларидан йироқда бўлиб, ватанининг бир қарич тупроғини муқаддас билиб, халқининг тинч ва осойишта ҳаётларини давомийлигини таъминлаб, иссиқни иссиқ демай, совуқнинг қаҳратон кунларига бардош қилиб, ўз жонини хавф-хатарга қўйиб, ватанимизнинг чегара сарҳадларида тунни-тун демасдан хизмат қилаётган ватандошларимиз сергак тортиб турганликлари сабаб, бешикда ётган гўдакларимиз тинчгина ором олиши, фарзандларимизнинг эркинликда таълим олаётганликлари, ҳар-биримиз севган ишимиз ва машғулотларимиз билан шуғулланиб туришимиз бунинг яққол исботидир.

Аллоҳим барчамизни қалбларимизни яшаб турган она ватанимиз ҳамда бир ҳаводан нафас олиб турган ватандошларимизга нисбатан эътиборли ва муҳаббатли қилдириб қўйсинки, токи ёмон назар билан қараган кимсаларнинг ёвуз ниятидан омонда сақланишлилигини ўзидан сўрайлик. Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги бардавом бўлсин. Адолатли ва одилона сиёсат боши бўлмиш – юртбошимиз, юртимизни юксак маънавиятли миллат даражасига кўтариб, ёш авлодларига яратиб бераётган кўплаб имкониятлари негизида, келажак авлодларининг ватан олдидаги чексиз хизматлари эвазига унинг равнақини ошириш ва бошқа мамлакатлардан ажралиб туришини таъминлашдаги ишончларини оқлаш ҳар бир қалбида ватанига, юртига, миллатига нисбатан чексиз  муҳаббати бўлган ёшларимизга насиб қилсин.

 

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти