ВАТАН ҲИМОЯСИ АЗИЗДИР!

11

1992 йил 14 январь куни мустақил давлатимиз тарихида яна бир муҳим воқеа юз берди. Республикамиз қуролли кучлари ташкил топди. 1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”деб эълон қилиб келинмоқда. Табиийки, инсон фарзанди қаерда, қайси мамлакатда дунёга  келса, ана шу ер унинг она-ватанига айланиб қолади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун қимматли даргоҳдир. Демак, Ватанни севиш, ватанпарвар бўлиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаб, соғиниб яшаш инсоният табиатида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир.

Яратганга шукроналар бўлсинки, Юртимиз тинч, ҳаётимиз осойишта, кунларимиз ёруғ, тунларимиз осуда. Узоқ сафарларга кетиб, бир неча кун мусофир бўлсак ҳам, ҳар куни эрталаб кетиб, кечқурун ишдан қайтсак ҳам, уйдагилардан кўнглимиз хотиржам. Шу ўринда, тинчлик нақадар улуғ неъмат эканини англаб етасан киши. Ҳақиқатан ҳам, тинчлик бебаҳо неъмат. Уни сақламоқ, авайламоқ, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Таъкидлаш жоизки, осуда ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз, азиз болажонларимизнинг қувноқ кулгиси, ота-оналаримизнинг фаровон умр кечириши юртимиздаги барқарорлик – тинчлик туфайлидир.

Дарҳақиқат, тинчлигимиз, осойишталигимиз, баракали меҳнат қилишимиз, фарзандларимиз ўсиб-улғайишлари, комил инсон бўлиб етишишларида, шубҳасиз Ватан ҳимоячиларининг ўрни, шижоати ва жанговар руҳи беқиёсдир. Юрагида Ватан ва халқ севгиси мустаҳкам жой олган, шижоатли ўғлонлар юрт сарҳадларини сергаклик билан қўриқламоқдалар. Уларнинг бу бедорликлари нақадар савобли иш экани ҳақида жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар. “Кечалари Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб мижжа қоқмаган кўзни дўзах оташи куйдирмайди”.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Аксинча, Ватан ҳимояси йўлида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши муҳимдир. Динимиз таълимотларида она Ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Молини, жонини, динини, аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, — деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Ватан ҳимояси барчамизнинг муқаддас бурчимиз! Азиз Юртимизда истиқлол берган улкан имкониятлар ҳақида сўзласак, шунча оз. Зеро, мустақиллик туфайли ҳаётимизда ёрқин саҳифалар очилди, эмин-эркин тоат-ибодат қилиш имкониятига эга бўлдик, диний-маънавий қадриятларимиз қайтадан халқимизга қайтарилди. Иймон-эътиқодимиз ва эртанги кунга бўлган ишончимиз мустаҳкамланди. Шаҳару-қишлоқларимиз кўркам ва обод бўлди. Ҳаётимизга беқиёс маъно ва мазмун олиб кирган тинчлик дея аталмиш бу бебаҳо илоҳий неъматларнинг қадрига етиш, уларга шукур қилиш, уни асраб-авайлаш барчамизнинг бурч ва вазифамиздир.

Хулоса ўрнида, Аллоҳ таоло мустақил Юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриқлаётган Ватан ҳимоячиларини ўз паноҳида асраб, азиз ДИЁРИМИЗ осмонини мусаффо, Ватанимиз тинчлигини барқарор ва халқимиз ҳаётини бундан ҳам фаровон айласин.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари