Ихлос амалнинг руҳидир!

9

 Очкўзларнинг кўз косаси тўлмади.    

Садаф қаноатли бўлгани учун марварид билан тўлди.

Жалолиддин Румий

    Ўтган замонда игна-ип сотувчи ғоят фақир бир зот истиқомат қилар эди. Аллоҳ бу фақир ва ниҳоятда эътиқодли, самимий ва содиқ қулини оғир бир имтиҳондан ўтказмоқчи бўлди. Бу имтиҳонни малоикалар ўтказдилар.

Игна-ип сотувчи фақир одам ҳар кунгидай игна-ипини олиб, “Бисмиллоҳир роҳманир роҳийм”, деб уйидан чиқди. Уч кундан бери уйига бирор овқат топиб келаолмаган бу одам “Ё, Раббий! Бир қисмат бергинки, ҳозир уйимдан узоққа кетмай болажонларимга бир овқат олай” деб кўчаларни айланар экан, бир хотиннинг “Игначи!” деб чақирган овозини эшитди. Овоз келган тарафга қараб учинчи қаватда бир хотинни кўрди. У аёл: “игна сотувчи бу ёққа кел, бир нарса оламан”, деди.

Йигит севина-севина уйнинг учинчи қаватига чиқди. Аёл эшикни очди, уйга кириб ўтиришга таклиф қилди. Сотувчи ўтириб, нафасини ростлаб-ростламай ёғоч қутисидаги молларни бир-бир очиб кўрсатди. Қутисидан нарсалар олиб кўрсатиб у уч кундан бери уйига овқат олиб бормаётганини, болаларининг очлигини тушунтирди, энди уларга овқат олиб боражагини айтиб севинди:

-Хоним, молларим жуда яхши. Хоҳлаган нарсангни ол, арзон сотаман, — дейди.

Ул хотиннинг ҳаё пардаси йиртилиб, беҳаёлик билан:

-Мен сендан латта-путта, игна-ип сўраётганим йўқ. Менинг йигитим бўласан, — дейди.

-Хоним, ёлбориб сўрайман, болаларим уч кундан бери оч. Сен менга нималар деяпсан. Бир луқма овқат томоқларидан ўтмади. Мен сенга нималар деяпману, сен менга нималар деяпсан.

-Мен сенга хоҳлаганингча пул бераман. Мен сенга берадиган пул савдоингдан кўп бўлади. Сенга ҳозир қулай фурсат келди, бунинг қадрига ет, — деди хотин.

-Хоним, илтижо қиламан, менга рухсат бер. Сен айтган ишни қилишни хоҳлайман, — деди йигит.

Нафснинг асираси, шайтоннинг ўйинчоғи ва барча ёмонликларни ўзида мужассам қилган бадбахт хотин:

-Бўлмайди, сени қўйиб юбормайман. Ё айтганимни қиласан, ё расвои жаҳон қиламан. Деразадан бақириб бутун маҳаллани бошимга кўтариб, одамларни йиғаман ва сени пора-пора қилдираман. Айтганимни қилсанг, сенга истаганингча пул, ҳатто мол-мулк бераман. Сен бу йўқсулликдан қутулурсан, бола-чақанг эса очликдан, ночорликдан қутуладилар. Бўлмаса, ҳаммангиз фақирлик ва ночорликдан қутула олмайсиз. Агар болаларингни яхши кўрсанг, айтганимни қиласан, — деди.

Бундай ақлга сиғмайдиган разиллик тузоғига илинган йигит нима қилишини билмай қолди. Бу ҳунук ишни, ифлосликни қилса, буюк гуноҳ бўлади, агар қилмаса ҳамманинг олдида расвосини чиқаради. Бу ҳаёсиз хотиннинг қўлидан қутулиш амри маҳол эканлигини тушунди ва аёлга деди:

-Хоним, сен ташқарига чиқиб тур, мен икки ракат намоз ўқиб олай, сўнгра қандай қарорга келганимни сенга айтаман.

Аёл ташқарига чиқди. Таҳоратсиз бир қадам қўймайдиган, уйдан чиқаётиб, таҳорат олиб ишга борадиган бу ҳақиқий мусулмон, ҳақиқий мўмин икки ракат намоз ўқигач, қўлларини осмонга кўтариб бундай деди:

-Ё раббий, менинг ҳолимни мендан юз чандон яхши биласан, мени бу мусибатдан қутқар. Ё раббий, фақат уч кунгина очлик билан эмас, агар бутун ҳаётимда оч қолишимни билсам ҳам, ҳайвонлар каби ўт еб яшасам ҳам бу ифлос ишни – зино қилишни асло истамайман, имонимга, мусулмонлигимга шак келтирмайман. Ул хотиннинг менга бермоқчи бўлган пули, мол-дунёсининг мен учун бир чақали қиймати йўқ, бундан кўра мен учун оч юриш энг хайрли ишдир. Сен менинг холиқимсан, раббим, Аллоҳимсан.  Менинг барча ишларим сенга маълум. Сен учун сирри асрорим йўқ, бўлмайди ҳам, деб Аллоҳга ёлборди. Шу пайт унинг миясига ўзини деразадан ташлаш фикри келди. Оятал курсини ўқий бошлади.

Малаклар Аллоҳ таолога:

-Ё раббий, қулингни ҳоли сенга маълум, у ўзини учинчи қаватдан отганда, уни сақлагин. Бўлмаса у чилпарчин бўлади, — деб илтижо қилдилар. Ва бу самимий мусулмоннинг сўзларини бир ибрат сифатида айтдилар. Йигит оятал курсини тугаллаб, “Ё, Аллоҳ”, деб ўзини деразадан ташлади. Худди шу пайт Аллоҳ Таоло Жаброилга буюрди:

-Қулум ерга тушмасдан тез етиб бор ва уни ҳеч бир ерига зиён етказмасдан ерга қўндир.

Жаброил (А.С.) яшин тезлигида у йигитга етиб, қучоқлаб ерга туширди. Унинг ҳеч бир ери шакастланмай, шошиб ўз уйига кетди. Эшикни очиб, уйига кириб, болаларининг очликдан фарёд қилаётган изтиробларига ғарқ бўлди. Ва уйининг бир бурчагига бориб, бошини буркаб ётиб олди.

Болалари овқат деб яна фарёд кўтардилар. Хотини отангиз чарчаб келди, сизларга овқат топиб келаман, деб унинг жигарлари эзилиб кетди, деб тасалли айтиб болаларини юпатди.  Болалар оталарини кўргач: “Отамиз бизга овқат олиб келди”, деб бўйнига осилдилар. Отаси уларга кўзёшидан бўлак нарса бера олмади.

Шу пайт эшик очилди ва қўшниси кириб:

-Қўшнижон, сизлардан озгина овқат сўраб келдим, болаларим уч кундан бери оч, озгина овқат берсангиз сизлардан қанчалар миннатдор бўлардим, — деди.

-Қўшнижоним, бизнинг болалар ҳам уч кундан бери оч. Кўряпсизки, улар йиғлаб ётишибди. Қозонимиз сувда, ўчоғимизда ўт йўқ, — деди болаларнинг онаси.

Аммо қўшни хотин бу гапларга ишонмади ва:

-Ҳайф сизларга, маҳалламизнинг энг тўғри, энг инсофли, энг самимий одамлари деб билардик сизларни, демак янглишибмиз, — деб гина қилди.

Йигит ва хотини, “Эй, қўшнижон, кечиринг, бизнинг аҳволимиз ҳам сизникидек”, деб тушунтиришди. Қўшни хотин қайтиб келиб супанинг четидаги ўчоқни кўрсатиб, “Бу қозондаги овқат эмасми”, деди. Қарасалар ҳақиқатда қозонда овқат пишиб турибди. Фақир йигит ҳам ўша заҳоти бориб қараса, ростдан шундай. Қўшни хотинга дарҳол овқат беришди. Болалар буғи чиқиб турган овқат олдига келиб ўтиришди. Улар “яшасин дадамиз!”, деб қичқиришиб, оталарининг бўйнига осилишди. Камбағал йигит эса, имтиҳондан ўтгани учун Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, шукроналар қилди.

Аллоҳ учун гуноҳдан қочган бандага Аллоҳ таоло лутф этади, албатта. Агар банда Аллоҳ томон бир қарич борса, Аллоҳ у томон бир одим ташлайди. Яъни банда Аллоҳнинг розилигини қозонмоқ учун бир қадам яқин келса, У ўз қулининг эҳтиёжи ва истакларини ўша онда беради. Ҳаққоният ва ҳақиқат бу йўлда тажалли этади. Шундай экан, имони мустаҳкам бўлган ҳар бир мусулмон банда хоҳи эркак, хоҳи аёл бўлсин ўзини Аллоҳга бағишлайди.

Аллоҳ таолога боғланиш, У Зотга чин муҳаббат қилиш барча гўзаллик ва хайрнинг сабаби бўлади. Аллоҳим, қалбларимизни илоҳий муҳаббатдан насибадор қилгин!

Ушбу ҳикматли ривоят имон ва ирфон самараси ҳамда ҳақиқатнинг мевасидир. Булар фақат ва фақат шундай яшаш тарзи билан мумкин бўлади. Бундай ҳаётнинг лаззати, мазаси, тоти, завқи ва нашъаси шундай пок яшамоқ билан қўлга киритилади. Аллоҳ барчамизга лутф айласин.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти