Ислом – раҳм-шафқат дини
9

Мусулмончиликнинг асл мазмун-моҳияти Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотга яқин бахтли замонларда яшаб ўтган солиҳ аждодларимизнинг хулқ одобларида, ўзаро муносабатларида тўлиқ аксини топган. Улар қалбида заррача иймони бор қибладош мусулмон биродарларига нисбатан ўта раҳмдил, илтифотли, меҳр-шафқатли ва аҳилликда умматга ўрнак бўлганлар.
Инсонийлик, одамгарчилик, меҳр-мурувват каби гўзал хулқ атворлардан йироқлашиб кетган бугунги кунимизда аждодларимиз тарихига бироз назар солиб, ундан ўзимизга тегишли хулосалар чиқарсак, кўп ва хўб ислоҳотлар амалга ошган бўларди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда У зотга хитоб қилиб: «Кечиримли бўл, яхшиликка буюр ва жоҳиллардан юз ўгир», деган (Аъроф сураси, 199-оят).
Яъни, ўзаро муомала-муносабатда кечиримли бўл, осон йўлни тут. Одамларга нисбатан ўта талабчан бўлма. Қилган хатоларини афв этувчи, кенг бағирли бўл.
Ҳақиқатда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сифатни муборак шахсларида мужассам қилган эдилар.
Шунингдек, Аллоҳ таоло яна: «Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик», деган (Анбиё сураси, 107-оят).
Аллоҳ таоло бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай хитоб қилмоқда: Эй Муҳаммад, Биз сени Пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад – фақат оламларга раҳмат бўлишингдир.
Аллоҳ таоло Одам отадан бошлаб бандаларига улар бир уммат — дин бўлишлари учун юбориб келаётган Пайғамбарлар сисиласини ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда тугатдилар.
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ўсиб-улғайиб камолга етган пайтида мукаммал ва баркамол Ислом ила юборди.
Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхши хулқлар билан хулқланган ва ёмон хулқлардан йироқда бўлган зотдирлар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: “Қайси бир мусулмон бошқа бир (хаста бўлган) мусулмонни эрталаб зиёрат қилса, албатта унга то қош қорайгунча етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Агар кечқурун зиёрат қилса, албатта унга то тонг оттиргунига қадар етмиш минг фаришта салавот айтиб туради. Ва унга жаннатда бир бўстон бунёд қилинади” (Имом Термизий ривояти).
Бир куни Маъруф Кархий раҳматуллоҳи алайҳ дарё бўйида кетаётса, қўлларида хамр (ароқ) тутган бир неча нафар маст ҳолдаги кишиларга дуч келиб қолибди. Шунда Маъруф Кархийнинг шериклари: “Ҳазрат, бу бетовфиқларга бир дуои бад қилинг”, дейишибди. Маъруф Кархий эса: “Эй Раббим! Бу бандаларинг ҳозир шу дунёда қандай шоду хуррам юрган бўлишса, охиратда ҳам буларни худди шундай хурсанд қилгин!” деб дуо қилибдилар. Бундан ҳайрон бўлган дўстлари: “Эй тақсир, биз бу Худобезориларни дуоибад қилинг десак, сиз аксини қилдингизку?!” дейишибди. Шунда Маъруф Кархий: “Бирор мусулмоннинг зиёнига дуоибад қилишдан Аллоҳ сақласин! Дўстлар, мен уларни охиратда ҳам шод бўлишини Худодан тиладим, рост. Аммо охиратдаги шодлик улар тавба қилса, Аллоҳ кечирса ва Унинг раҳматига ноил бўлишса кейин бўладику…” деб жавоб берган экан.
Дарҳақиқат, сизнинг шафқатингиз, яхши дуоингиз туфайли кимдир тўғри йўлини топса, бу қандаям бахт!
Динимиз шафқат ва раҳмат динидир. Бандаларга нисбатан шафқатли бўлганларга Аллоҳ таоло шафқатли бўлади. Бандаларга нисбатан раҳмли бўлганларга Аллоҳ таоло раҳмли бўлади.
Ҳусниддин Бойқобилов
Хожа Бухорий ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси
