Инсонларнинг энг қадри ози — илми озидир
16Илмсизлик ва жаҳолат — жамиятимизнинг энг катта душмани, айни пайтда жамият учун — катта офатдир. Ислом дини илм-марифатга тарғиб этиб, оламни нурга тўлдиришидан олдинги давр, бежизга жоҳилият даври деб аталмаган. Давримизнинг ўзига хос мураккаблиги шундаки, бизларни маърифатдан тўсадиган жаҳолат деган тушунчанинг кўпайганлиги. Жаҳолат асирига айланган кучлар, разолат ботқоғига ботган оқимлар ўз мақсадларига етишиш йўлида муқаддас ислом таълимотини тамомила тескари талқин этиб, уни қурол қилишга интилмоқдалар. Биз бундай кимсаларга ҳеч қачон имкон бермаслигимиз ва уларга илм маърифат ила жавоб қайтармоғимиз керак. Жаҳолат ва жоҳилликнинг давоси — бир қанча бўлиб, улардан энг асосийси — китоб ўқишдир. Китоб — ҳаётнинг қоронғу йўлларини ёритиб борувчи чироқдир! Кўп китоб ўқийдиган инсон ҳаётда улкан муваффақиятларга эришади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ! Шунингдек, жаҳолатдан кўра зарарлироқ нарса ҳам йўқ. Жоҳиллик нима?-деган саволга биргина “ИЛМСИЗЛИК”- деган жавоб билан кифоялансак адашмаган бўламиз, илмсизликнинг давоси эса фақат тўхтамасдан илм олишимиздир. Маълумки, динимиз — илм ва маърифат дини. Илм талаб қилишнинг фазилати ҳақида кўплаб оят ва ҳадислар мавжуд.
Аллоҳ субҳаналлоҳу ва таоло каломида шундай марҳамат қилади:
“1. Роҳман 2. Қуръонни ўргатди 3. Инсонни яратди”
(Ар-Роҳман сураси)
Роҳман ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали Қуръонни ўргатди. Қуръони каримни ўргатиш неъмати бошқа неъматлардан бениҳоя улуғдир. Шунинг учун ҳам мазкур неъмат биринчи бўлиб зикр қилиняпти. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Қуръонни ўргатиш неъмати инсонни яратиш неъматидан ҳам устун қўйилган. Агар Қуръон бўлмаса иймон бўлмайди. Аллоҳ таолони таниб бўлмайди, яхшилик бўлмайди. Шунинг учун ҳам Қуръон барча неъматлардан устун туради. Биз бу оятдан Аллоҳ таоло ўз бандаларини илмли бўлишга ундаганлини ҳам билишимиз мумкин.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Илм излаш — ҳар бир мусулмонга фарздир”
Бу ҳадиси шарифни чуқур ўрганган уламоларимиз уни қуйидагича таърифлаганлар:
Шу ўринда айтиш жоизки, илм икки қисмга бўлинади: Фарзи аъйн ва фарзи кифоя.
Фарзи аъйн. Ҳар бир балоғат ёшига етиб, ақли расо бўлган инсон қайси соҳа ёки касб соҳиби бўлса ҳам, ўз соҳасининг илмини пухта ўрганиши фарзи аъйндир. Шунингдек, ҳар бир мусулмон киши зиммасига фарз бўлган ибодатларни шариатга мувофиқ даражада бажариши учун зарур бўладиган илмларни ўрганиши ҳам фарзи аъйн бўлади. Агар киши зиммасидаги фарзи аъйн бўлган илмларни ўрганмаса бажараётган иши ёки адо этаётган ибодати тўғри бўлмай, хатога йўл қўяди. Натижада гуноҳкор бўлади.
Фарзи кифоя. Мусулмонлар жамиятининг эҳтиёжи учун зарур бўлган илм — фарзи кифоядир. Мусулмонларнинг бир қисми уни ўрганиши билан бошқаларнинг зиммасидан соқит бўлади. Агар ҳеч ким ўрганмаса, ҳамма бирдек гуноҳкор бўлади. Масалан, бир овул ёки маҳалладан бир киши бўлса ҳам эҳтиёжий бўлиб турган илмни ўрганмаса, бутун маҳалла аҳолиси бирдек гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда маҳалладан ўша илмга қизиққан кишини илм талаби учун жўнатилади. Агар моддий таъминоти етмай қоладиган бўлса уни нафақайи рўзғори ва ўқиши учун керак бўлган пул таъминоти билан таъминлаб бериш маҳалла аҳолисининг зиммасига вожиб бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётидан жоҳилларга қарши қандай курашиш кераклигини билиб олишимиз мумкин бўлади. Йиллаб давом этадиган урушлар, қон тўкишлар, бой-бадавлат кишилар томонидан фақиру муҳтожларнинг мудом эзилиши, судхўрлик, зинокорлик, ҳаромхўрликнинг авжига чиқиши, будпарастлик, оташпарастликнинг муқаддаслаштирилиши айни жоҳилият даврининг энг кўзга кўринган жиҳатлари эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай ҳаёт кечираётган кишиларни илму маърифат билан бир ота-онадан туғилган биродарлардек аҳил ва иноқ кишиларга айланишларига сабаб бўлдилар. Натижада, илм-фан ва маданиятда бутун дунёга ўрнак ва устоз бўладиган авлодлар етишиб чиқди. Хусусан, Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан илм-фаннинг барча соҳасида пешқадам бўлган улуғ алломалар ҳозирги замон авлодлари бўлмиш — бизларнинг фахру ифтихоримиз саналадилар.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда ҳам илм-марифатни қўйиб, жаҳолат йўлини тутган кимсалар ҳам йўқ эмас. Маърифат дини бўлмиш Ислом динидан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланаётган кучлар илмсиз ёшларни йўлдан уриб, жаҳолат гирдобига тортаётгани сир эмас. Минглаб ёшлар турли оқимларнинг таъсирига тушиб, ана шундай жаҳолат қурбонига айлангани ҳам барчага маълум. Шунинг учун ёшларни илм олишга ундаш, китоб ўқишга тарғиб этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бўлиб қолмоқда.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
Мусаёров Муртазо
3-курс
