Бирон шахснинг ўсишини, даражаси, обрў — эътибори ошишини, ютуғи, истеъдоди ва бошқаларни ич-ичидан кўра олмаслик,  бахил, худбин ва кўнгли қора кишиларга хос хусусият бўлиб, одамлар ўртасидаги ижтимоий-ахлоқий муносабатларга салбий таъсир қилади, уларни бузади, жамиятдаги инсонпарварлик ва адолатга путур етказади, жаҳолатни кучайтиради. Бахил кишилар бошқаларни кўролмаганлигидан ташқари, уларнинг бахтсизлиги, нотинчлигини истайдилар, ўзгаларнинг муваффақиятсизлигидан, нотинчлигидан мамнун бўладилар. Бахилликка азалдан ёмон назар билан қаралган ва энг ярамас одат сифатида тасвирланган. Қуръони карим ва ҳадисларда ҳам бахиллик ҳамма ҳаром ишларнинг ва ярамас хулқларнинг боши сифатида қораланган ва сахий, ҳимматли, мурувватли, феъли кенг инсон бўлишга дават этилган.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ уларга Ўз фазлидан ато қилиб қўйган нарсаларда бахиллик қилувчи кимсалар бу ишларини ўзлари учун яхшилик деб ўйламай қўя қолсинлар. Балки, бу ишлари улар учун ёмонликдир. Ўша бахиллик қилиб бермаган нарсалари қиёмат кунида бўйинларига ўралажак!” (Оли-Имрон сураси 180 — оят).

Шу билан бирга Ўзига бахиллик қиладиган кимса ўзгаларга ҳам бахиллик қилиши табиийдир. Зеро, ўз нафсининг қадрига етмаган, ўзига ачинмаган, ўзига сахий бўлмаган инсоннинг ўзгаларга ачиниши, ўзгаларга нисбатан сахий бўлиши мумкин эмас. Шундай экан ҳеч қачон бу ишни нафс тарбияси ва зоҳидликка боғлаб бўлмайди. Бу иллат қандай қилиб йиллар давомида шаклланиб, илдиз отиб, нафсда мустаҳкам ўрнашган бўлса, худди шу тариқа йиллар давомида олиб бориладиган муолажага муҳтождир.

“Илм бу ўрганиш билан, ҳилм эса ҳалимликка ҳаракат қилиш билан ҳосил бўлади” дея айтилганидек, саховат ва олийжаноблик ҳам секин — аста сахийликка нафсни ўргатиш орқалигина шакллантирилади. Бундан бошқа йўл йўқ. Сахийликка нафсни ўргатиш шунчаки, ўзига ўзи: сахий бўлиш кераклиги ҳақидаги фикрни сингдириш билан эмас, балки амалий тарзда оз-оздан одамларга эзгулик қилиш, моддий жиҳатдан муҳтожларга, қийналиб қолганларга ўз нафсини қийнаб бўлса ҳам яхшилик қилиш ва шу ишидан хурсанд бўлиб, Аллоҳдан ажр умид қилиш ва доимий равишда очиқ қўл бўлишга интилиш билан ҳосил қилинади.

Ҳа, инсон ўзгаларга холис эҳсон қилар экан ўша эҳсонининг кўламига қараб унинг аммора нафси қийналади, талвасага тушади ва зўр бериб бу ишдан қайтаришга ундайди. Ояти каримада айтилгани каби шайтон унга “агар бу пулингни бериб юборсанг ўзинг муҳтож бўлиб қоласан” каби сўзлар билан фақирликдан қўрқитади. Шунда инсон шайтоннинг васвасасига эмас балки, Аллоҳнинг ваъдасига қулоқ тутиши маъқулдир.Аллоҳ эса саховат ва эҳсон учун мағфират ва фазлни ваъда қилади. Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида бахиллик ва баднафсликдан қайтариб шундай дейди: яъни: “(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз. Шубҳасиз, Роббингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг ҳам, танг ҳам қилур. Албатта, У бандаларидан огоҳ ва (уларни) кўриб турувчи зотдир”. (Исро сураси, 29-30-оятлар)
Бахиллик, хасислик, очкўзлик ва баднафслик энг тубан маънавий иллатлардан ҳисобланганлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида ҳам ўз аксини топган. Сарвари олам соллаллоҳу алайҳи васаллам бахилликдан доимий равишда паноҳ сўраб юрганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилиб юрардим. У киши бирор манзилга тушсалар кўпинча шундай деётганларини эшитардим: “Эй Аллоҳ, мен Сендан ташвиш ва ғамдан, ожизлик ва дангасаликдан, қўрқоқлик ва бахилликдан ҳамда қарз юкидан ва одамларга хор бўлишдан паноҳ беришингни сўрайман”.. (Имом Бухорий ривояти).

Хулоса ўрнида, ҳар-биримиз бахиллик, хасислик, очкўзлик ва баднафсликдек ёмон иллатлардан сақланишимиз вожиб бўлади.

 Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари