МЎМИННИНГ МЎМИНДАГИ ҲАҚЛАРИНИ БИЛАСИЗМИ?

45

Мўмин мўмин учун биродардир. Шундай экан, мусулмонлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик масаласи энг кучли алоқалардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Албатта мўминлар биродардирлар”. Бу эса, ўз навбатида мусулмонлар ўртасида баъзи ҳақлар борлигини англатади. Ким анашу ўзаро биродарлик ҳақларини билса, уларни англаб етса, алоқалар кенгаяди ва меҳр-муҳаббат кучаяди.

Анашу ўзаро ҳақларга риоя қилган киши унинг самараларини охиратдан олдин шу ҳаётида кўради. Мусулмонлар ўртасидаги ҳақлар гоҳида вожиб, гоҳида мандуб ва гоҳида лозим бўлади. Биз зикр қилмоқчи бўлган ўзаро ҳақлар мўминлар ўртасида вожибдур, яъни уни тарк қилишлик билан инсон гуноҳкор бўлади.

روى أبو هريرة في صحيح البخاري، أنَّ النَّبي -صلى الله عليه قال

حقُّ المسلمِ على المسلمِ ستٌّ. قيل: ما هنَّ؟ يا رسولَ اللهِ قال: إذا لقِيتَه فسلِّمْ عليه. وإذا دعاك فأَجِبْه. وإذا استنصحَك فانصحْ له. وإذا عطِس فحمِدَ اللهَ فشَمِّتْهُ وإذا مرِضَ فعُدْهُ. وإذا مات فاتَّبِعْهُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир”;

  1. “Агар унга йўлиқсанг салом берасан”. Шарҳ: саломни аввал бериш таъкидланган суннат ҳисобланади. Шарти шуки, биродари эшитадиган даражада салом бермоқликдир. Салом, инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббатни боғлаш учун энг кучли сабабдир. Салом, кишини жаннатга киришига сабаб бўладиган омиллардан биридир. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатга кирмайсизлар ҳатто иймон келтирмагунларингизгача ва мўмин бўла олмайсизлар ҳатто ўзаро муҳаббатли бўлмагунларингизгача, сизларни ўзаро меҳр муҳаббатли қиладиган амалга далолат қилайинми, дедилар? “Ораларингизда саломни тарқатинг” дедилар.

Албатта, салом исломнинг гўзал амалларидан ҳисобланади. Чунки, мусулмон киши ўз биродарига йўлиққан вақтида ёмонликлардан саломат бўлишини сўраб дуо қилади. Мусулмон кишининг зиммасига унинг саломига яраша балки, ундан ҳам чиройлироқ қилиб жавоб қайтариш вожиб амалдур.

  1. “Агар сени чақирса унга жавоб берасан”. Шарҳ: яъни, бир мўмин киши ўз биродарини таом учун чақирса, биродарини ҳурмат қилиб, агар узрли сабаби бўлмаса, унинг чақириғига жавоб бермоқлиги ва унга ташаккур айтмоқлиги вожиб бўлади.
  2. “Агар насиҳат сўраса унга насиҳат қиласан”. Шарҳ: агар бир киши ўз биродаридан маслаҳат сўраса ёки бирор амалда насиҳат қилишини сўраса, унга насиҳат қилмоқлиги ва тўғри йўл кўрсатмоқлиги вожиб бўлади. Насиҳат биродарининг дунё ва охиратига фойдали бўлсин. Аксинча, ўша ишдан унга зарар келадиган бўлса биродарини бу ишдан огоҳлантирсин.
  3. “Агар акси урса ва Аллоҳга ҳамд айтса унга саломатлик сўраш” Шарҳ: акси уриш Аллоҳ таолонинг неъмати ҳисобланади. Анашу акси билан инсон ўз жасадидаги баъзи дардлардан халос бўлади. Ислом дини, акси урган киши агар Аллоҳ таолога ҳамд айтса, унга “Аллоҳ сенга раҳм қилсин”, деб айтишни ва шу сўзни айтган кишига “Аллоҳ сени тўғри йўлдан адаштирмасин”, деб, жавоб қайтаришни жорий қилган.
  4. “Агар бемор бўлса бориб кўрасан”. Шарҳ: Беморни зиёрат қилиш, мўминнинг биродари зиммасидаги ҳақларидан биридир. Айнан ушбу иши билан инсон Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади. Агар киши бемор дўстини куннинг аввалида зиёрат қилса, унга фаришталар кеч киргунича, агар кеч кирганида зиёрат қилса, тонгача саловат айтишади. Бемор кишини зиёрат қилишнинг одобларидан бири, унинг ҳузурида узоқ қолиб кетмасликдир.
  5. “Агар вафот этса, жанозасига иштирок этишинг”. Шарҳ: мўмин кишининг жанозасида иштирок этса, бир қийрот (уҳуд тоғи мислича), дафн маросимига ҳам иштирок этса, икки қийрот савоб берилади. Жанозага иштирок этишлик, авваламбор Аллоҳ таолони, сўнгра маййитни ва маййитнинг яқинларининг ҳаққини адо қилиш демакдир.

  

 Ўткирхон Маҳмудов

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим

 юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари