Имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир

15

Ақида масаласи инсон ҳаётида энг муҳим ўрин тутган масалалардан саналиб, унинг тўғри ёки нотўғри бўлишлиги инсоннинг дунё ва охиратининг обод ёки барбод бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ақида масаласи инсонлар ўрганиши лозим бўлган илм даражасига кўтарилган.

Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро, ақида илми орқали энг шарофатли маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг шарофатлилигига қараб илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади.

Юртимиздан етишиб чиққан Имом Мотурудий ҳазратлари Абу Ҳанифанинг ақидавий таълимотларини қайта тиклаб, бу таълимот нақадар тўғри эканини асослаб берганлар. Абу Хафс Кабир Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий, Аллоуддин Косоний каби ватандошларимиз Абу Ҳанифанинг фиқҳий таълимоти ва ҳанафий мазҳабининг ривожига улкан ҳисса қўшганлар.

Бугунги кунда фақат бизнинг диёр эмас, балки бутун мусулмон оламида ҳанафий мазҳаби кенг тарқалган. Дунё мусулмонларининг 47 фоизи ҳанафий мазҳабида ибодатларини амалга ошириши фикримизнинг далилидир.

Aқида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шариф ақидани нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Яман аҳлини намоз ўқиш ва бошқа амалларни бажаришга буюришдан аввал, уларнинг ақидасини тўғрилашга буюрдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг йўналишларига кўра имон бу – тил билан иқрор бўлиш ва қалб ила тасдиқлашдир. Қуйидагиларга имон келтириш вожиб: 1. Аллоҳ таолога; 2. Унинг фаришталарига; 3. Китобларига; 4. Набийларига; 5. Охират кунига; 6. Қадарнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам Аллоҳ таолодан эканига; 7. Ўлгандан кейин қайта тирилиш бор эканига.

Аллоҳ таоло барчаларимизни эътиқодимизни мустаҳкам, ақидамизни тўғри қилсин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни ва ҳамиша берган неъматларига шукр қилиб яшашлигимизни насиб айласин!

Ў. Ғузаров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири