Дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдир

9

Маълумки, Али розияллоҳу анҳу даврларида гуноҳ қилган кишини кофирга чиқарадиган Хаворижлар тоифаси пайдо бўлди. Улар, гуноҳи кабира қилиб ўлган киши кофирлар билан бирга дўзахга тушади, дейишар ва гуноҳкор мусулмонларга шафоат қилинишини инкор этишар эди. Язид ибн Суҳайб Ал-Фақир айтадилар: Менга хаворижларнинг баъзи фикрлари ёқиб қолган эди. Мен ёш йигит эдим. Бир неча кишилар билан ҳаж сафарига отландик. Ҳаж қилиб бўлгач одамларга жаворижларнинг фикрларини тарқатамиз, деган мақсадимиз бор эди. Мадинаи Мунавварадан ўтишимизда масжид устунларининг бирига суяниб, жамоатга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан айтиб бераётган Жобир ибн Абдуллоҳни учратиб қолдик. У киши жаҳаннамийлар ҳақида сўзлаётган эканлар. Шунда мен: Эй, Расулуллоҳнинг саҳобийси! Аллоҳ таоло Қуръонда “Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан…” (Оли Имрон, 192) ва “Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар…” (Сажда, 20), деган. Хаворижларнинг бу оятларни ҳужжат қилишига нима дейсиз, дедим. У зот: Эй болам! Сен Қуръон ўқийсанми? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Муҳаммад а.с.га ато этадиган “мақтовли мақом” ҳақида эшитганмисан? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Ана ўша мақтовли мақом орқали Аллоҳ таоло дўзахдан чиқадиганларни чиқаради, дедилар сўнгра, сирот кўприги ва ундан одамларнинг ўтишини таърифлаб бердилар. Дўзахдан чиқарилган қавм гўё кунжутнинг поясига ўхшаб кетган бўлиши, сўнгра жаннат анҳорларида ювинишгач ҳудди дафтарнинг оппоқ варақларига ўхшаб қолишигача сўзлаб бердилар. Шундан сўнг биз бир-биримизга қараб, бу шайх Расулуллоҳнинг номидан ёлғон гапиришлари мумкинми, дедик ва ҳаммамиз ўз фикримиздан қайтдик. Бошқа ривоятда, Жобир р.а.: Шафоат ҳақида Аллоҳнинг китобида баён этилган, деб қуйидаги оятни ўқидилар: “(Улар дўзах аҳлига): “Сизларни Сақарга нима киритди?” (деганларида), улар айтурлар: “Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик, мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик. То аниқ нарса (ўлим) келгунича”. Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас” (Муддассир, 42-48). Демак, шафоатнинг кофирларга фойда бермаслигидан, мўминларга шафоат қилиниши бор эканлиги келиб чиқади.

Бизнинг давримизга келиб Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда бизнинг диёримизда анъана бўлган Мотуридия ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Ақида масалаларида етарли билимга эга бўлмаганлар ўзлари билмаган ҳолда Мотуридия ақидасига хилоф бўлган масалаларда билиб билмай сўз айтиб қўйишлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган Сурия ва Ироқда содир этилган қонли воқеаларга сабаб ҳам айнан ақидавий масалаларни тўғри англамасликдандир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни мўмин эмас, деган айблов билан уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон тарож қилиш ҳалол деяётганлари илм аҳлларига маълум.

Дин мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолат, адашишдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, буюк бобомиз Сўфи Оллоҳёр раҳимаҳуллоҳ: Ақида билмаган шайтона элдир, Агар минг йил амал деб қилса, елдир, деганлар. Бугун дунё саҳнасида “Ислом” динини ниқоб қилиб олган манфур, пасткаш кимсалар ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун ҳар қандай йўл ва услублардан фойдаланмоқдалар. Уларнинг асл мақсадлари анъанавий Ислом ривожига ҳисса қўшиш эмас, балки инсонларга Ислом динини ёмон кўрсатиш билан бир қаторда, анъанавий бўлган шариат аҳкомларига ўзларининг бузуқ ақидаларини тиқиштириб, ҳақиқий ислом таълимотидан узоқлаштиришдир.

Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизни эътиқодимизни мустаҳкам, ақидамизни тўғри қилсин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни ва ҳамиша берган неъматларига шукр қилиб яшашлигимизни насиб айласин!

Ў. Ғузаров, “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири