Исломда қўшничилик
35

Қўшнилар билан том маънода яхши қўшничилик муносабатида бўлиш учун уларга озор бермаслик ёки бировлар азиятидан ҳимоя килишнинг ўзи кифоя қилмайди, балки қўшниларга эзгулик ва эҳсоннинг барча кўринишларини имкон қадар раво кўриш ҳам намунали қўшничилик одобларидан саналади. Ана шу хислатга эга бўлиш кишининг фазли, камоли имони ва садоқатининг белгисидир.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар:»Кимнинг, Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, яхши сўзларни гапирсин, йўқса, жим турсин. Кимнинг Аллоҳга ва охират кунига имони бўлса, қўшнисини иззат-икром қилсин. КимнингАллоҳга ва охират кунига имони бўлса, меҳмонини иззат қилсин”. (Саҳиҳ ул-Бухорий ва Муслим).
Мусулмон киши ўз қўшнисини ёмон-гуноҳ иш қилаётган пайтида, маъсият иш қилаётган пайтида уни холи ташлаб кетиши яхши эмас. Агар бундай қилса, демак, ўша мусулмон кишининг қўшнисига муҳаббати йўқлигига далолатдир. Ҳар бир мусулмон киши мулойим ва меҳрибон бўлиши талаб қилинади. Ўша қўшнисининг қўлидан тутиб, унга яхши амалларни баён қилиб, унга рағбат бериши ва ёмон амалларни баён қилиб, уни огоҳлантириши керак.
Қўшнилар ўртасидаги ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш воситалари шуки, қўшни қўшнининг пардаси бўлиши керак. Унга насиҳат қилиши ва уни ҳақорат қилмаслиги, унинг сирларини ошкор қилмай сир тутиш, қўшниси хато қилганида ўзи ҳам ғамгин бўлиши қўшничиликнинг ришталаридандир. Набий саллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар:
«Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини дунёю охиратда беркитади”. (Муслим ривояти)
Қўшнилар қўшниларни чиройли иборалар билан мақташи ва муомала қилишлари ҳамда чиройли ҳадялар бериш, бирор овқатга чақириш ёки шу каби муомалаларни қилиш савобли амаллардандир.
Қўшнининг ҳаққи тўғрисида ҳадиси шарифларда яна шундай дейилади: «Агар бирор ёрдам сўраса, ёрдам бермоқ, қарз сўраса қарз бермоқ, моддий ёрдам кўрсатмоқ, касалини кўрмоқ, вафот этса, дафнида қатнашмоқ, бирор севинчли ҳодиса рўй берса, табрикламоқ, бирор мусибат етса, таъзия, ҳамдардлик билдирмоқ, ноқулай иморат қуриш ёки сояли дарахтлар экиш ила ҳаққига тажовуз қилмаслик, уйга мева-чева каби нарсалардан келтирганда қўшниларга ҳам улашмоқ, агар бергиси келмаса, ўз болаларини қўлида мевалар билан қўшни болалари олдига чиқармаслик, таом ҳиди билан қўшнига кўз-кўз қилмаслик, ҳатто унинг итини урмаслик лозим» – каби ўгитларни айтган эканлар.
Ҳасан Басрий ҳазратлари айтадиларки, яхши қўшничилик деб фақат қўшнига зарар етказмасликлигина эмас, балки мабодо қўшнилардан зарар ёки озор етса, унга тоқат қилиб, жанжал кўтаравермасликни айтурлар.
Можаролар одатда, кўпроқ қўни-қўшниларнинг ёш болалари ўрталарида содир бўлиб туради. Шундай пайтда, болаларнинг ўртасига тушиб ота-оналар айбни бир-бирларига ағдаравермасдан, ҳар бирлари ўз фарзандларига танбеҳ бериб, одобга чақириб борсалар, айни савоб иш қилган бўладилар.
Ойша онамиз ривоят қиладилар: «Эй Расулуллоҳ, менинг икки қўшним бор, уларнинг қайси бирига туҳфалар киргизиб турай? — дедим. Жаноб Расулуллоҳ: Эшиги эшигингга яқинига, деб жавоб қилдилар».
Демак, қўшниларга яхшилик қилиш ва улар билан яхши қўшничилик қилиш деганда кишининг ўз ҳамсояларига нисбатан яхшилик ва эзгуликнинг ҳамма турларини баҳоли қудрат сарфлаши ва амалга ошириши тушунилар экан. Бир-бирини кўрганда очиқ чеҳра билан саломлашиш, ҳолидан хабар олиб туриш, меҳмонга чақириш, иши тушса ёрдамини аямаслик, вақти-соати билан совға-саломлар бериш ва ҳоказолар бунга мисол бўлади. Хоҳ моддий, хоҳ маънавий бўлсин, қўшнига азият ва озор беришнинг барча турларидан тийилиш ҳам шулар жумласидандир. Мабодо қўшни кундалик эҳтиёждаги рўзғор буюмлари ва уй анжомларини қарзга ёки фойдаланишга сўраса, қизғанмасдан бериб туриш ҳам қўшнига яхшилик қилиш доирасига киради. Қуръони каримнинг Моъун сурасида рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадиган кишилар ҳолига вой бўлиши ҳақида огоҳлантирилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги, кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланиши қўшничилик ҳақларини гўзал ҳолатда адо этиш билан амалга оширилади. Бу эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришишимизнинг омилларидан биридир.
Исломжон ЭШБЕКОВ,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юрти АРМ раҳбари
