Гиёҳвандлик охири ўлимдир!

15

Муқаддас динимизнинг барча кўрсатмалари одамлар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик, одоб-ахлоқ ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамият равнақига ўз ҳиссасининг қўшишга катта эътибор беради. Афсуски, ҳозирги кунда бутун ер юзи бўйлаб “гиёҳвандлик балоси – аср вабоси” сифатида кенг тарқалиб бормоқдаки, гиёҳвандлик динимиз асосларига хилоф бўлгани учун инсоннинг имони ва динига, қолаверса умуман инсонийлигига зиён етказади. Пайғамбарларни бутун башариятга элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини кўпгина оятларда баён қилиб берган.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси бўлса, ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Ҳадисларда ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтарилган. Ҳадисларда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир.

Бошқа бир ҳадисда: “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”, дейилади. Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик эса, охири ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки: “Ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса динимиз кўрсатмаларига зид амалдир.

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шунгдек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Дунёда гиёҳванд моддаларини кўплаб инсонлар томонидан истеЪмол қилиниши, ундан моддий даромад орттириш мақсадида тижорат қилиниши ва кўплаб ёш авлоднинг унинг қурбони бўлаётгани ҳам ўта ачинарли ҳолдир.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни ўша заҳарни топиш учун ҳеч нарсани аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликнинг бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп тадбир-чоралар кўрилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги чиқарган қарорларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари орқали ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб борилмоқда.

Чунки, бу иллатга қарши курашиш динимиз амри, виждон амри ва қонунларимиз олдидаги ҳар кимнинг бурчи ҳамдир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладилар: “Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”. Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу қабиҳ иш билан тез бой бўлиб қолишни эстаган одамлар қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас.

Бу разолат манбаи саналмиш гиёҳлар олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб, бошланғич ва ўрта таълим олаётган ёшларгача, эркагу аёллар ўртасида баробар илдиз отиб фалак ёзаётганлиги ақл-идрокли кишиларни, албатта, бефарқ қолдирмаслиги керак.

Гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини, оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур.

 

Ў. Маҳмудов

Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари