Имон ва унинг асл моҳияти

23

Имон аслида қандай ва нима, деган саволга жавоб бериш учун аввало илм бўлиши ва аҳли сунна вал-жамоа уламоларига кўра тушуниш керак. Акс ҳолда, ҳар ким ўзича тушуниб, турли фирқалар асосида хулоса қилишади, бу эса турли фитналарни келиб чиқишига олиб келади. Кимдир қасддан шундай фитналарни қўзғаса, айримлар илмсизликдан билмай фитнага сабабчи бўлади. Шунинг учун биз қуйида Аҳли сунна имомларидан Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг Қуръон ва ҳадисга кўра баён қилган ақидавий масалаларни келтиришни қарор қилдик.

Мақоламизни Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг “фиқҳул-акбар” асарларини оятлардан далиллар билан баён қилган шориҳ Абулмунатаҳо Мағнисавий роҳимаҳуллоҳнинг шарҳларидан келтириш ила ёритамиз.

Мағнисавий шарҳни қуйидагича бошлайди: (Абу Ҳанифа (р.а) айтади): “Имон” луғатда тасдиқлаш бўлиб, хабар берувчининг хабарини қалбан қабул қилишдир. Туркий маъноси, “Инонмоқ”дир. Шаръий истилоҳда эса Аллоҳни яккалиги, Унинг шериги йўқлиги, Ўзининг зотий ва фелий сифатлари билан сифатланганлиги, Муҳаммад Аллоҳнинг расули яъни уни китоб ва шариъат билан юборган набийи эканлигига тил билан “иқрор” қалб билан “тасдиқлаш”дир.

(Абулмунтаҳо Мағнисавий (р.а) айтадилар) иқрорнинг ўзи имон бўлмайди. Чунки, иқрорнинг ўзи имон бўладиган бўлса, барча мунофиқлар ҳам мўминлар сафига кириб қоладилар. Шунингдек, маърифатнинг (шунчаки Аллоҳни илм тарзида билиб қўйишнинг) ўзи ҳам имон бўлмайди. Чунки, у (маърифат) агар имон бўлса, аҳли китобларнинг барчаси мўмин бўлиб қоладилар. Зеро, Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳаққига шундай деган:

والله يشهد إن المنافقين لكاذبون

“Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар”[1].

Аҳли китоблар ҳаққида эса:

الذين آتيناهم الكتاب يعرفونه كما يعرفون أبناءهم الذين خسروا أنفسهم فهم لا يؤمنون

“Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Улар ўзларига зиён қилганлардир, ана ўшалар имон келтирмаслар”[2], деб марҳамат қилган.

Ким Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг уммати бўлиш истаса, бас, тили билан “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ” Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб қалби унинг (ушбу сўзининг) маъносини тасдиқласа, гарчи бу киши фарз (Аллоҳ фарз қилган) ва ҳаром (ҳаром иш ва нарсаларни) қилинган нарсаларни билмаса ҳам.у мўминдир.

Сўнгра, у одамга сенга бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз қилинган, дейилса, у эса уларнинг фарзлигини тасдиқлаб, уни қабул қилса, демак у ўз имонида собитдир. Агар уларни фарзлигини инкор қилиб, қабул қилмаса, демак Аллоҳга, китоб ва суннат, уммат ижмоси ҳамда фуқаҳоларнинг қиёсидан иборат қатъий далиллар билан собит бўлган, (Аллоҳнинг беш вақт намоздан ташқари) бошқа фарз ва ҳаром қилинганларига кофир бўлибди. (давоми бор. Унда имон зиёда бўладими ёки йўқми, каби масалаларни баён қиламиз).

С. Муҳибуллаев

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

 

[1] Мунофиқун сураси 1-оят.

[2] Анъом сураси 20-оят.