Фитна ва хатолардан омонда бўлинг!

13
Муқаддас динимизни ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида интернетдан фойдаланаётган ноқонуний оқимлар сонининг кўпайиб бориши натижасида ёшларимиз билиб-билмай уларга қўшилиб қолмоқда.
Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?
Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.
Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда киришиш керак.
Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин).
Тўртинчидан, бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим.
Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида шундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими-ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).
Бугун интернет имкониятларини, унинг фойдали жиҳатларини ҳеч ким инкор этолмайди. Фақат ундан фойдаланиш маданиятини шакллантирмоқ, болаларни унга ўргатмоқ зарур. Бинобарин, ёшларимизнинг руҳий-маънавий оламини зарарли унсурлардан ҳимоя қилиш орқали тараққиёт пойдевори яратилади.
Шу ўринда террорчиларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан ёшларни огоҳ этиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтириб ўтмоқчимиз:
  • улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
  • иймон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;
  • ер юзида адолат ўрнатишнинг ягона йўли-исломий давлат қуриш ва шу мақсадда “ҳижрат” ва “жиҳод” қилиш ғояларини илгари суришади;
  • ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;
  • давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
  • халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида уларнинг қийинчилиги ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;
  • ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.
Бундан ташқари интернет воситаси орқали фирибгарлик қилиш ҳоллари, афсуски, жуда кўп учраяпти. Энг ачинарлиси, содда одамларнинг бундай фирибгарлар алдовларига ишониб, маълум миқдордаги доллар пулларни ўзлари танимаган ва билмаган одамларга почта орқали юбориб, чув тушган ҳоллари кузатилмоқда. Фирибгарлар олдиндан турли хил мактублар йўллаб, телефон рақамларини маълум қилишади. Сўралган пуллар юборилгач эса, улар дом-дараксиз ғойиб бўлишади. Ана шундагина содда одамлар алданганларини билиб қолишади.

Азамат Усмонов