Бош қомусимиз – адолат мезони
15

Бахтимиз кафолати бўлган Қомусимиз қабул қилинганига 30 йил тўлди. Конституция кишилик жамияти тараққиётининг буюк ютуқларидан бири. Унда халқнинг кўп асрлик тажрибаси, менталитети, урф-одатлари ўз аксини топади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилиги кафолатланиши билан бир қаторда, оналик ва болаликни муҳофаза этиш мақсадини кўзлаб, уларнинг бир қатор имтиёзли ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Жумладан, меҳнат қилишда оналарга шароит яратилиши, оналик ва болаликнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши билан боғлиқ ҳуқуқлар кафолатланган.
Ислом динида ҳам аёлларнинг эркак билан тенг ҳуқуқли эканининг белгиси сифатида уларнинг эркаклар каби диний ва дунёвий илмлар олиш ҳуқуқига эга эканликлари эътироф этилганини қайд этиш лозимдир. Ислом аввалида ва ундан кейинги даврларда диний ва дунёвий фанларни эгаллаб, бошқарувда ёки турли соҳаларда ишлаб тараққиётнинг бир учини елкасида кўтариб юрган оқила, фозила аёллар бўлганлигига тарих гувоҳдир. Айни кунларда ҳам аёлларимиз диний ва дунёвий соҳаларда билим олиш билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиш, маҳалланинг етакчи фаолларидан бўлиб, ёшларни тарбиялаш, хотин-қизларга ибрат кўрсатиш шарафига муяссар бўлмоқдалар. Жамиятимизнинг фаровонлиги бир жиҳатдан аёлларга ҳам боғлиқ.
Ислом – аёл кишини она сифатида улуғлаб, оилани ва соғлом жамиятни барпо этишнинг кўп соҳаларини унга топширди ҳамда жаннатни унинг оёғи остига қўйди. Динимиз аёлларнинг илм олишига катта эътибор қаратади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” (Байҳақий ривояти).
Ҳозирги кунда аёлларга ишлаб чиқаришда, шифохоналарда, мактаб ва тарбия муассасаларида ишлаш эҳтиёжи ортмоқда.
Бош Қомусимизда динимизнинг равнақи учун кенг имтиёзлар белгилаб берилди. Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Бош қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Айни пайти турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, тотувлик ва мўътадиллик муҳити шаклланди. Юртимизда хилма-хил диний эътиқодга эга бўлганларнинг бир заминда эзгу ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат яшашлиги – диний бағрикенглик ҳамда ҳуқуқий тенгликнинг ёрқин намунасидир.
Конституциямизда “Ўзбекистон республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, миллати, ирқи, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар. (18-модда) – деган қоида мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ютуқларга сиёсий-ҳуқуқий замин яратади.
Қуйидаги ояти карима инсоннинг қадр-қиммати нақадар юқори эканлиги, ҳар бир шахснинг ҳақ-ҳуқуқлари Аллоҳ томонидан дахлсиз қилиб белгилангани ва кафолатланганини таъкидлайди: “Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди…”(Бақара сураси, 256 оят).
Биз кўп миллатли халқмиз. Мамлакатимиз аҳолиси ҳозирги кунда 36 миллионга яқиндир. Кўп миллатли жамият кўп конфессиялиликка асос бўлади. Юртимизда 130 га яқин миллат ва элат – бир неча дин, ўн олтита конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасига кўра, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлаб қўйилди. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди. Диний муассасалар фаолиятининг қонун асосида олиб борилиши таъминланади. “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунда фуқароларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқ ҳамда бурчлари аниқ-равшан белгилаб қўйилди.
Конституциямизнинг бошқа давлатлар конституциясидан фарқли жиҳати шундаки, унда оилани мустаҳкамлашни таъминлайдиган ҳуқуқий асос сифатида махсус “Оила” боби киритилганидир. Унда оила муносабатлари эр билан хотин, ота-она билан болалар ҳамда қариндошлар ўртасидаги, шунингдек, болалар тарбиясига оид йўналишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Мамлакатимизда оила муносабатларига оид қилинган барча ҳужжатлар, жумладан, Оила Кодекси ҳам айнан мана шу тамойил ва қоидалар негизида ишлаб чиқилган.
Конституциямизнинг 64-моддасида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, дея белгилаб қўйилган. Зеро, жамиятимизда ота-оналар билан болалар ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва иззат юксак қадрланади.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрдим, қарасам, Ҳасан розияллоҳу анҳуни елкаларига кўтариб олибдилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мен буни яхши кўраман, сен ҳам яхши кўргин” деганларини эшитдим”. Ҳазрати Али: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деб айтганлар.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзда, жумладан, қуйидагиларни зикр қиладилар: 1.Эмизиш. 2. Болага муносиб исм танлаш. 3. Ақиқасини қилиш. 4. Ҳомийлик қилиш. 5. Нафақа билан таъминлаш. 6. Болага меҳрибонлик кўрсатиш. 7. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш. 8. Муносиб ва чиройли таълим ва тарбия бериш.
Асосий қонунимизнинг 66-моддаси бошқа Конституцияларда акс этмаган шарқона инсонийликни ўзида мужассам этгани, яъни ота — она ва болалар ўртасидаги яқинлик, ғамхўрлик ҳамда меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлаш ғоясини ифодалаганини эса алоҳида таъкидлаш лозим: “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар”. Зеро, бу ҳаёт, турмуш тарзимиз болалардан ўз ота-оналари ҳақида ҳар доим ғамхўрлик қилишни талаб этади. Бу эса ҳар бир фарзанднинг ота-она олдидаги ҳам инсонийлик, ҳам конституциявий мажбуриятидир.
Динимиз ёши улуғ кексаларга нисбатан эътиборли бўлишга чақиради. Бу тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деб марҳамат қилган: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”(Исро сураси 24 оят). Яъни, ота-онага нисбатан, безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдирадиган гапларни ишлатиб, ранжитиб бўлмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ота-онасини қариган пайтларида топса-ю, икковларига ёки бирларига (хизмат қилиб) жаннатга кира олмаса, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин, бурни ерга ишқалансин!”, дедилар.
Улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, фарзандининг хизматига муҳтож бўлганларида, фарзандлар учун масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач, унинг кўнгли ҳам нозик бўлиб қолади, ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай вақтларда фарзанд ота-онанинг хизматида бўлиши лозим.
Конституцияда, айниқса, таълим соҳасига алоҳида урғу берилган. Барчамиз яхши биладиган 41-моддада бепул таълим олиш ҳуқуқи белгиланган. 42-моддада эса “Ҳар кимга илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланишига ғамхўрлик қилади”, дея белгилаб қўйилиши мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг дастлабки йилларданоқ таълим ва илм-фан ривожига эътибор қаратилгани, бунинг негизида эса, шубҳасиз, ёшларнинг зиёли, юксак тафаккур ва билимга эга бўлишлари учун амалга оширилажак саъй-ҳаракатлар ётади.
Хулоса қилиб айтганда, бугун Конституциямиз мамлакатимизнинг нафақат ижтимоий — иқтисодий тараққиётининг ҳуқуқий асослари, балки маънавиятимиз, инсоний қадриятлар ва оилавий муносабатларни ҳимоялашнинг ҳуқуқий асоси бўлиб ҳам хизмат қилмоқда.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
