Ислом суннат билан тугалдир!

15

Ҳар бир иши айни ҳикмат бўлган ва ҳар бир ишга қодир бўлган Ҳакийму Қодир таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Ўз умматларига Роббиси амри ила ҳикматни ўргатган Пайғамбаримиз ﷺга мукаммал ва батамом саловоту саломлар бўлсин! У кишининг ҳадисларини Ислом умматига етказган олий байтлари ва саҳобаларига Аллоҳнинг розилиги бўлсин!

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини бизларга етказиш ва англатишда беқиёс хизматлар қилган уламоларимизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Бу мавзуда сўз юритишимиздан кўзлаган асосий мақсадимиз — бизнинг муқаддас ислом динимизда Аллоҳ таолонинг каломи Қурьони Каримдан кейинги ўринда турувчи иккинчи манба бўлмиш Суннати мутоҳҳаранинг ҳақиқати ва унга амал қилишнинг нима сабабдан бу даражада ўта аҳамиятли эканлигини баён этиб бермоқликдир. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолимизда ўзимиз танлаган мавзу хусусида сўз юритишни бошлаймиз.

“Суннат” сўзи араб тилида “тариқат – маънавий йўл” деган маънони англатади. Кимнингдир суннати дейилса демак, унинг ҳаётий йўли тушунилади. Шундан келиб чиқиб, Росулуллоҳ ﷺнинг суннатлари деганда у зотнинг тариқатлари, йўлларини тушунамиз.

Шу ўринда сиз муҳтарам ўқувчининг эьтиборини қуйидаги аҳамиятли масалага  ҳам қаратмоқчимиз – “Суннат ва Ҳадис” бир — бирининг ўрнида ишлатиб келинган истилоҳ бўлсада, Ҳадис хосроқ, Суннат эса умумийроқдир. Ва бу масалани яҳшироқ тушинишлик учун “Ҳадис” нима  эканлиги тўғрисида ҳам бироз сўз юритиб ўтишликни зарур дея топдик.

“Ҳадис” сўзи араб тилида бизнинг тилимиздаги “гап-сўз” маъносини англатади. Истилоҳда эса ҳадис деганда Росулуллоҳ ﷺнинг айтган гап-сўзлари кўзда тутилади ва тушунилади. Ҳадис илми билан шуғулланувчи олимни муҳаддис деймиз. Муҳаддислар, асосан, ҳадисни Пайғамбар ﷺдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда ҳам аниқ ва ишончли йўлларни танлашган.

Суннат муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади “Пайғамбар ﷺдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар “Суннат” дейилади”.

Муҳаддис уламоларимиз мана шу олти бандга тегишли ҳар битта маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, ўз китобларига киритганлар.

Ушбу таъриф Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбалар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами “Суннат” деб номланишини англатмоқда. Мана шу ерда суннатнинг ҳадисга нисбатан умумийроқ эканлиги намоён бўлади .

Суннат Ислом дини учун, мусулмонлар учун ўта муҳим ва бебаҳо манбадир. Бунинг сабаби Суннат — Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺнинг, яъни Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсатган муборак зотнинг гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари мажмуасидан иборатдир. Аллоҳ таолонинг мўжизакор каломи ва илоҳий дастур бўлган Қуръони каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам биз Суннатдан ўрганамиз. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳу алайҳнинг “Агар суннат бўлмаганда, ҳеч биримиз Қуръонни тушунмас эдик”, деган сўзларининг ўзиёқ суннатнинг бў бора беқиёс омил эканлигини кўрсатади. Чунки Қуръони каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад ﷺдирлар. Шу билан бирга Қуръони каримнинг тафсирини ҳам биз Суннатдан ўрганамиз. Чунки Қуръоннинг биринчи ва бош тафсирчиси Муҳаммад ﷺдирлар. У зот ﷺ ўзларига нозил бўлган оятларни атрофларидаги кишиларга ўқиб эшиттирар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар ўзлари тушунмаган жойларини Пайғамбар ﷺдан сўраб олар эдилар. Ана ўша нарсалар ҳам ҳадисларда келгандир. Шунга ўхшаб, умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, ўша асосда шариатнинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлган. Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз ﷺдан содир бўлган нарсаларни ҳойи ҳавас, гап-сўз учун қабул қилмаганлар. Улар энг аввало, бу нарсаларга амал қилишни кўзлаганлар. Қолаверса, бошқаларга етказиб, уларни ҳам амалга чорлашни мақсад қилганлар. Саҳобаи киромлар ўзларининг бу мақсадларини шараф билан, гўзал тарзда амалга оширдилар. Бу вазифа эндиликда бизнинг зиммамиздадир ва биз бу масьулиятни тўғри англаб, унинг тақазоси кўра астойдил сайъ-ҳаракат қилиш орқали, ушбу шарафли ишни адо этишимиз лозимдир.

 

 

Дулабов Абдурашид

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

“Ёш илмий тадқиқотчи” аъзоси