МУТААССИБЛИККА БАРҲАМ БЕРАЙЛИК!
19

Маълумки, дин азалдан инсон маънавиятининг таркибий қисми сифатида одамзотнинг юксак идеаллари, ҳақ ва ҳақиқат, инсоф ва адолат тўғрисидаги орзу-армонларини ўзида мужассам этган, уларни барқарор қоидалар шаклида мустаҳкамлаб келаётган ғоя ва қарашларнинг яхлит бир тизимидир.
Кўп асрлар мобайнида халқимиз қалбидан чуқур жой олиб, ҳаёт маъносини англаш, миллий маданиятимиз, маънавиятимиз ва турмуш тарзимизни, қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни безавол сақлашда муқаддас динимиз қудратли омил вазифасини ўтаб келмоқда.
Нега деганда, инсонийлик, меҳр-оқибат, ҳалоллик, охиратни ўйлаб яшаш, яхшилик, меҳр-шафқат сингари халқимизга мансуб фазилатлар айнан ана шу заминда илдиз отади ва ривожланади. Бугунги кунда ислом динига нисбатан бутун дунёда қизиқиш ва интилиш кучайиб, унинг хайрихоҳ ва тарафдорлари кўпайиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.
Бунинг сабаби муқаддас динимизнинг ҳаққонийлиги ва поклиги, инсонпарварлиги ва бағрикенглиги, одамзотни доимо эзгуликка чорлаши, ҳаёт синовларида ўзини оқлаган қадрият ва анъаналарни аждодлардан авлодларга етказишдаги беқиёс ўрни ва аҳамияти билан боғлиқ.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, сўнгги пайтларда фақатгина ўз қарашлари ҳақиқий, барча қолганларники эса ёлғон ёки хато деб даъво қилувчи кўплаб ёшлар пайдо бўлмоқда. Бундай хатти-ҳаракатлар муросасизлик ва мутаассибликнинг намоён бўлишига хосдир.
“Мутаассиблик” тушунчаси, энг аввало, субъектнинг оғишмайдиган ҳамда барча қолган муқобилларни рад қиладиган, унинг бутун фаолияти ва муомаласида ўз ифодасини топадиган муайян маслакка алоҳида хусусият бахш этиб, унга берилишидир. Бу ҳар қандай бошқа қарашларга муросасизликда намоён бўлувчи бирор-бир маслак ёки нуқтаи назар билан сўнгги даражасига етказилган берилувчанликдир.
Илмий психологик энциклопедияда мутаассибликка қуйидагича таъриф берилган: мутаассиблик – одамнинг ўз фаолияти ва муомаласида намоён бўлувчи турли муқобилларни рад этиб, муайян фикрни ҳимоя қилишга интилишидир.
Мутаассиблик ҳиссий ҳодиса сифатида керагидан ортиқ саъй-ҳаракат, ғайрат, астойдиллик, ўз (ҳаммадан кўпроқ экстремал, диний ёки сиёсий) қарашларининг тўғрилигига кўр-кўрона ишончи билан тавсифланади.
Ёшларнинг турли оқимларга кириб қолишлари сабаблари қаторида уларнинг билимлари, шу жумладан, диний илмларни эгаллашга бўлган қизиқиш ва интилиши ҳамда ишонувчанлиги, бирданига ҳамма нарсага (бойлик, шон-шуҳрат, мартаба ва бошқаларга) эга бўлишга ҳаракат қилиши, илмий тил билан айтганда максимализм каби маънавий-руҳий омилларни алоҳида ажратиб кўрсатиш лозим.
Ғоялар кураши авж олган бугунги кунимизда мутаассиб кучлар фарзандларимиз онги ва қалбини забт этиш мақсадида ҳар қандай қабиҳ йўллардан фойдаланишга уринмоқда. Дин байроғи остида талончилик ва босқинчилик, террорчилик ва қўпорувчилик ҳаракатларини содир этаётган, жамиятга ҳар томонлама зарар етказаётган бундай ҳаракатлар ёшлар орасида миллатлараро ва динлараро адоват, миллатчилик ва диний айирмачилик кайфиятларининг шаклланишига ва оилаларни пароканда бўлишига замин яратмоқда.
Исломда юрти, миллати, ота-онасига хиёнат қилиш оғир гуноҳ саналиши ҳақида манбаларда етарлича маълумотлар берилган. Ислом шариатида инсонларга нафақат ўз ота-онаси, балки бегоналарга, ҳатто, ғайридин бўлган кишиларга ҳам яхшилик қилиш буюрилади. Ёмонликдан қайтаришга даъват этилади. Ҳадисда айтилганидек, “Ота-онанинг ризосида Аллоҳ ризоси бор, ота-она ғазабида Аллоҳнинг ғазаби бор”. Лекин, бугунги кунда ёшлар орасида айримлари ота-оналаридан хабар олмай, уларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш, фарзандлик бурчини адо этмаётган ёки диний мутаассиб оқимлар тузоғига илиниб, гўёки “дин йўлида ҳижрат қиламан, жиҳодга бораман” дея ота-онасини норози қилиб, залолат ботқоғига тушиб қолаётган кимсаларнинг оз бўлса-да учраб туриши жуда ҳам ачинарлидир. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Бир киши Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га юзланиб: “Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман”, деганида, Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Ота-онангдан бирорталари тирикми?” дедилар. У киши: “Ҳа, икковлари ҳам тирик”, деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?” дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин”, дедилар.
Бу Ҳадиси шарифдан шу нарса аёнки, фарзанд ўз гарданида бўлган вазифани, яъни, ота-онанинг ҳаққини биринчи бўлиб адо этиши лозим. Қиёмат кунида ҳам ота-она ўз фарзандидан ўша ҳақларининг адо эшитишини сўрайди. Бу ҳақда ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) Расули Акрам (алайҳиссалом)дан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дедилар: “Ҳар қачон ота-она фарзандини чақирган вақтда, фарзанд ҳамма ишини ташлаб, уларнинг олдига бориб, айтганларини жону дили билан адо этсин. Агар бепарво бўлиб, уларнинг буюрганини қилмаса, мен ундай умматдан безорман”. Демак, Ислом манбаларида жаннат ота-она ризолигида, оналар оёғи остида дея айтилган экан, шу йўл билан Аллоҳ ўз ризосини ота-онанинг ризосига қўйган экан, буни ҳар бир фарзанд ғанимат билмоғи керак. Зеро, ота-она қандай бўлишидан қатъи назар фарзандларга уларни рози қилишга буюрилган.
Умуман олганда, фарзандни ёшлигидан яратувчанлик ва бунёдкорлик руҳида тарбиялаш, беғубор қалбини олижаноблик, хайру саҳоват, меҳр-оқибат каби соф ва покиза туйғулар билан тўлдириш, эзгу мақсадларга сафарбар этиш, бузғунчи, зўравон, худбин, бағритош ва қаҳри қаттиқ бўлиб тарбия топишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Демак, оилада ота-она томонидан бола туғилишидан то балоғат ёшигача узвий олиб бориладиган ахлоқий тарбия фарзандлар учун ҳаётда турли бало-қазолардан, иллатлардан асровчи бебаҳо эмлаш воситаси вазифасини бажаради. Шундай экан, буни ҳеч қачон унутмаслигимиз, келажагимиз ҳисобланган ёш авлодни ёт ғоялар таъсиридан асраш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этиб яшашимиз лозим.
Азамат УСМОНОВ
