Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди
27

Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб-тергаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Қуръони каримда исрофнинг мазаммат қилинишига сабаб, Аллоҳ неъматларидан қай тарзда фойдаланганимиз, уларни қаерга сарфлаганимиз, шукрини қандай қилганимиз ҳақида охиратда савол-сўроққа тортиламиз.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилади: “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”.Термизий ривояти.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилади: “Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”. Бухорий ривояти.
Минг афсуски, баъзи оилаларда динимизнинг ана шу кўрсатмалари унутилган ёки уларга унча эътибор берилмайди. Натижада бундай оилаларда етишмовчилик, танқисликлар ва бундан келиб чиқадиган кўнгилсизликлар авжга чиқади, тотувлик ва меҳр-оқибат йўқолади. Айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар, ўзини тийишлик билан тўпланган маблағни ном чиқариш учун, обрў қозониш мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари ҳануз давом этяпти. Аслида бу пуллар таниш-нотаниш одамлар бир кунда еб кетадиган зиёфатларга, ортиқча ҳою ҳашамларга эмас, оила фаровонлиги, фарзандлар таълим-тарбияси учун ишлатилгани яхши бўларди. Бундай дабдабали, кераксиз тўй ва маросимлар ҳар қанча чиройли кўринмасин, одамлар нима деб мақтанмасин, аслида катта исроф саналади.
Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Майда-чуйдани исроф қилган катта нарсаларидан маҳрум бўлади. Гугурт тежаш учун ёки хонани иситиш мақсадида газимиз кун бўйи ёқилганича қолади. Зарурати бўлмаса ҳам уйларимизда, хонадонларимизда, ишхонамизда электр чироқлари соатлаб ёниқ туради, ҳеч ким кўрмаётган телевизорни ўчириб қўймаймиз, компьютерларимиз зарурати бўлмаса ҳам ишлайверади. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди.
Лекин минг таассуфлар бўлсинки, бугунги кунга келиб ҳаммамиз исрофгарларнинг исрофгарига айланиб кетганмиз. Деярли кўп нарса, у қимматми ёки арзон, аҳамиятлими ёки аҳамиятсиз, нодирми ёки сероб, олди-кетига қарамай бирваракайига исроф қилиняпти. Хонадонларимизда ортиб қолган таомлар ташлаб юборилмоқда.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, бу бебаҳо неъматга бепарво муносабатда бўлаётган кишиларнинг ҳам борлиги афсуслантиради. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож. Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида миллионлаб одамлар тоза ичимлик сувига ташна, бир челак сув учун жанжал-можаролар бўлаётган бир пайтда бизлар тоза ичимлик сувини жўмраклардан оқизиб қўйяпмиз. “Нега бундай?” десангиз, “совуқда музлаб қолади”, деб баҳона топамиз. Тоза ичимлик суви билан экинларимизни суғорамиз, машинамизни ювамиз, ичимлик сувини салқинлатиш учун ҳовлиларимизга, кўчаларимизга сепамиз. Таҳорат ва ғусл қилишда одамларнинг қанчалар сув исроф қилаётганини кўрганда айниқса тежамкорлик деган нарса батамом унутилганига иқрор бўласиз.
Аллоҳ таоло барчаларимизни У зот ато этган неъматларни тежаб-тергаб ишлатадиган, бунда исрофга йўл қўймайдиган тежамкор бандаларидан қилсин…
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
