Мазҳабсизлик — залолат

9

Баъзи гуруҳлар мусулмонларни мазҳабсизликка тарғиб қилмоқдалар. Мазҳабсиз йўлимизни йўқотамиз. Мазҳабни инкор қилиб, бемазҳаб бўлишлик адашишлик бўлиб. У кўпгина хатарларни келтириб чиқаради.

Аслида, мазҳабсизлик даъвосини ёйишнинг ўзи ихтилоф манбаи бўлиб, Ислом дини, хусусан, мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Улар ўзларини мазҳабсиз деб даъво қиладилар-у, аслида ўзлари ҳам намоз ва бошқа ибодатларда ўша тўртта машҳур мазҳаб имомларидан бирига эргашади. Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. Лекин бир-икки масалаларда ихтилоф қилиб, “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз” дейдилар. Бу гапларни айтаётган кишилар мазҳаб борасида илмлари йўқлигини билдиради.

Фикримизнинг далили, Аллоҳ таолонинг “Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг”(Наҳл сураси, 43-оят), деган амридир. Уламолар ижмоъ қилганларки, бу оят ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган кишиларни ўша нарсаларни биладиган кишиларга тобе бўлишга буюрмоқда. Дарҳақиқат, барча усул уламолари бу оятни саводсиз одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил ўлароқ келтирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Мен ва хулафойи рошидинларнинг йўлини маҳкам тутинглар” деб марҳамат қилганлари мазҳабсизликни даъво қилаётганларнинг гаплари пуч эканига далил бўлади. Чунки, Расулуллоҳ с. а. в. фақат оятга ҳамда ўзларининг сўзларига эргашишга буюрмаяптилар.

Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Мазҳабсизликнинг яна бир хатарли жиҳати, олдинроқ айтиб ўтганимиздек, мазҳабсиз одам фиқҳий масалаларга ўзининг билими етиб ечим топа олмагани боис гоҳ у мазҳабдан, гоҳ бу мазҳабдан далиллар қидиради. Яъни, ўзи инкор этган мазҳабларнинг ҳаммасининг ичида довдираб юради. Лекин аниқ бирини ушламагани боис эътибор қозона олмасдан умрини залолатда ўтказиб қўяди.

Мазҳабсизлик ғояси асрлар давомида ўтган минглаб олимларнинг қилган меҳнатларини бекорга чиқаради. Асрлар давомида барча мусулмонлар амал қилиб келган анъана нотўғри, шунча мусулмон адашган экан деган хулоса келиб чиқади. Бундай бўлиши мумкин эмас, буни тилга олишни ўзи қийин. Бу Пайғамбар (с.а.в.)нинг суннатига ҳам тўғри келмайди, зеро у киши шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ умматимни бирор залолатга жамламас”. Бошқа бир ҳадисда “Мусулмонлар яхши деб билган нарса Аллоҳнинг ҳузуруда ҳам яхшидир” — дейилган. Бу даъват мазҳаблар моҳияти ва қийматини умуман билмасликдир.
Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил “кадрлар” етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакил ўринбосари,

Қарши шаҳар “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби.