Мутаассибликдан сақланайлик!

13

Мутаассиблик арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси ўз эътиқоди тўғрилигига ўта қаттиқ ишонишни англатиб, бошқа диний эътиқодларга муросасиз бўлишни билдиради. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди, аксинча, ақлан ўйлашга теран фикрлашга, бошқаларга муросали бўлишга ундайди. Мутаассиб гуруҳлар асосан аҳоли орасида қўрқув-ваҳима солиш, руҳий таъсир ўтказиш ва тарбиясизликларни келтириб чиқариш каби усуллардан фойдаланади.

Бу каби гуруҳлар ёшлар онгини турли йўллар билан нотўғри маълумотлар бериш билан «жиҳод», «ҳижрат», «шаҳид», «ислом ҳимоячилари» каби тушунчалар билан чалғитиб, ўзларини ёвуз ниятлари йўлида ишлатишга ҳаракат қилмоқдалар.

Диний эътиқоди ботил ақидалар билан йўғрилган баъзи ёшларимиз бошқа дин вакиллари ва бошқа эътиқод вакилларига муросасизлик қилиб, кураш олиб боришмоқдалар. Бу борада Қурьони Каримда: «Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун у хабарни аниқлаб, текшириб кўрингиз». (Ҳужурот, 6) – дейилади. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар бу каби вазиятда ўша маълумотнинг ҳақиқат экани маълум бўлмагунча кутиш лозимлиги, уни шошиб қабул қилиш мумкин эмаслигини айтадилар.

Ҳозирда интернет тармоғида экстремистик руҳдаги кўплаб сайтларнинг фаолият юритиши уларнинг бу ишлари ислом динини қонун-қоидаларини билмаган ақли ҳали шаклланиб улгурмаган баъзи ёшларни ўз гирдобига тортмоқда.

Динимизни қонун-қоидасига кўра инсон ҳам ички оламни ва ташқи кўринишини тартибга солмоқликка буюрилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Огоҳ бўлингки! Албатта жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур, қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ушбу нарса қалбдир».

Кишининг ташқи олами эса, унинг кийими ва ташқи кўришининг озода тартибли эканида кўринади. Динимиз мана шу икки жиҳатни тартибга солишга буюради.

А.Ганжиев, Ғузор тумани бош имом-хатиби