Илмсизлик ва жаҳолат —  инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боради

18

Мустақил мамлакатимизда бугунги кунда маънавий қадриятларимиз ҳамда миллий манфаатларимизга асосланган юксак тараққий этаётган замонага муносиб таълим тизимини яратиш, юксак маънавиятли, билим ва салоҳияти илғор, жисмонан бақувват ёш авлодни тарбиялаб, вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланган.

Жуда катта умуммиллий аҳамият касб этувчи таълимни ислоҳ қилишдек келажакка дахлдор вазифани бажариш, кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини барпо этиш, мустақил Ватан келажаги бўлган баркамол авлодни тарбиялашдек шарафли ишни амалга оширишда ҳукуматимиз мислсиз ташаббус кўрсатаётганини бугун халқимиз яхши билади. Чунки юрт тараққиёти ва миллат келажаги учун юксак маънавиятли, баркамол, салоҳиятли авлодни тарбиялаш мақсадида мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий Дастури, таълим тизимини ифода этган ҳамда таълимнинг ўзбек моделига хос бўлган давлат таълими стандартлари узлуксиз амалиётга татбиқ этилмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламга нозил қилинган Қуръони каримнинг биринчи ояти каримасида ҳам “Ўқи” дея амр қилинган эди. Аллоҳ таоло яна хабар бериб шундай дейди: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”,  (Мужодала сураси, 11 оят).

Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бешикдан қабргача илм изла”, деган бўлсалар,  бошқа бир ҳадисда эса: “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз”, деб таълим берганлар.

Дарҳақиқат, инсонларни дунё ҳаётию, охират диёрида қадри баланд, мартабаси улуғ, азизу мукаррам, ҳурматга сазовор қилгувчи нарса, албатта илм эканлигига ҳеч қандай шак — шубҳа йўқ. Зеро, инсон дунёда ҳам, охиратда ҳам, илм сабабли азиз бўлади.

Ҳозирги пайтда дунё ҳаётидаги тараққиёт ва ривожланишни илм — фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бирор соҳа йўқки, у илмсиз равнақ топган, юксалган бўлса. “Илм олиш ҳар бир мусулмонга фарздир”  ҳадиси шарифига амал қилинган юртимиздан довруғи дунёни тутган улуғ олимлар, фан дарғалари, атоқли имомлар етишиб  чиқишди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али  ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва таммадунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилган.

Илм олиш учун мана шундай улкан имкониятлар яратилган бир пайтда айниқса, ота — оналар ўз фарзандларига тўғри маслаҳатлар бериб,  уларни соғлом ва бақувват ўсиб — улғайишлари,  илмли,  маърифатли бўлишлари учун ғамхўр бўлишлари керак ва уларни бу йўлда доимо қўллаб – қувватлаб туришлари лозим.

Кўпинча катталарнинг лоқайдлиги,  калтабинлиги ва бепарволиги туфайли  фарзандлар турли бўлмағур йўлларга кириб қолади, енгил — елпи яшашга ўрганади. Илмсизлик ва жаҳолат —  инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боради. Дунёнинг ободлиги, бардавомлиги ва бахт саодати ҳам илм, маърифат билан чамбарчас боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум.

Илм нур, илмсизлик эса зулматдир. Илм излаш ёшлар дунёқарашини кенгайтириш баробарида муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калит ҳамдир. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсон умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенгроқ бўлади. Мисол учун, иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо.

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам ҳар-бир даврда ўзига хос бўлган илмларни ўрганиш зарурлигига ишора қилиб: “Болаларингизга ўзлари яшаётган давр илмларини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келганлар”, -деганлар. Инсоннинг келажакда етук ва баркамол инсон бўлиб етишиши, аввало, унинг ёшлигида олган одоб — ахлоқи ҳамда илм -маърифатига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам донишмандларимиз: “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, — деганлар.

Илм олиш учун жуда қулай шароитлар яратилган ҳозирги пайтда ўз фарзандининг таълим олиши, хоҳлаган йўналиши бўйича мутахассисликка эга бўлишлари учун ота — оналар томонидан зарур шарт-шароит яратиб берилаётирми?. Фарзандларимиз бошини силаб, хоҳлаганингча ўқи, излан, ҳунарли бўл, олим-у фузало бўл, деб жон куйдираётган ҳукуматимиз, давлатимизнинг ғамхўрлигига муносиб жавоб берилаётибдими? Ахир фарзандимиз ўқиса, баркамол шахс сифатида шаклланса, энг аввало кимнинг обрўси? Оиланинг, ота-онанинг, Ватаннинг обрўси, шарафи эмасми? Бу шараф соҳиби бўлиш эса ўз қўлимизда эмасми? Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун ота — оналар ўз фарзандларини ёшлик чоғларидан бошлаб одоб — ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму — фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб бориши  зарур.

Хулоса ўрнида, фахр ва ифтихор билан айтиш мумкинки, халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга муҳаббатли бўлган ва фарзандларини доимо илмли – маърифатли, комил инсонлар қилиб тарбиялаш йўлида бор куч ғайратини сафарбар этган.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари