Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчи кучдир
18

Аллоҳ таоло бандаларини дунё ховлисида доимо тинч-тотув, аҳилликда, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатиб ҳаёт кечиришга буюрган ва айни манашу йўлни ҳидоятга эришишнинг асосий йўлларидан бири деб зикр этган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардоро эотдир”. (Хужурот сураси, 13-оят)
Жаҳонда халқаро, миллатлараро, конфессиялараро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш кўп жиҳатдан жамият ҳаётига бағрикенглик тамойилларининг самарали жорий этилишига бевосита боғлиқ. Зеро, сўнгги йилларда дунёда диний омил билан боғлиқ равишда турли йўналишлардаги жараёнлар авж олиб бормоқда. Кўп ҳолларда мураккаб ва зиддиятли, баъзида эса қонли тўқнашувлар билан кечаётган бундай воқеа-ҳодисалар турли дин вакиллари ўртасида тоқат, ҳурмат, эътибор ва умуман ҳамкорлик руҳидаги алоқаларни шакллантириш ва мустаҳкамлаш объектив тарихий зарурият эканлигини кўрсатмоқда. Шу сабабдан ҳам «хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат» мамлакатимизда стратегик вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ минбаридан Бош Ассамблеянинг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди. «Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган»[1].
“Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да бағрикенглик тушунчасига қўйидагича таърифлар берилган ва унинг моҳияти ёритилган: Бағрикенглик – бизнинг дунёдаги турли маданиятларнинг ўзини ифодалаш ва алоҳидалигини намоён қилишнинг хилма хил усулларини ҳурмат қилиш, қабул қилиш ҳамда тўғри тушунишни англатади. Бағрикенглик билим, самимият, очиқ мулоқот, ҳур фикр, виждон ва эътиқодни вужудга келтиради. Бағрикенглик турли-туманликдаги бирликдадир. У бурчгина эмас, балки, сиёсий ва ҳуқуқий эҳтиёж ҳамдир. Бағрикенглик – тинчликка эришишни таъминловчи ва уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданиятига элтувчи кучдир.
Бағрикенглик ён босиш, андиша ёки хушомад эмас, у инсоннинг универсал ҳуқуқлари ва эркинликларини тан олишдан иборат фаол муносабатдир. Ҳар қандай вазиятда ҳам бағрикенглик юқоридаги қадриятларга тажовуз қилмайди. Бағрикенгликни барча шахслар, гуруҳлар ва давлатлар намоён қилиши лозим.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат этади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”. (Мумтахина сураси, 8-оят)
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан борига даъват қилишдан чарчамадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир», дейилган (Баззор ривояти).
«Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» (Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснад»).
Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.
Минтақамиз буюк алломалари ижодида инсоният равнақи йўлида бағрикенглик ғоялари илгари сурилган. Жумладан, Имом Бухорий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий асарларида диний мутаассиблик, ақидапарастликни келтириб чиқарувчи ғоялар рад этилган, инсонлар тақдирига хавф туғдирувчи омилларга лоқайд бўлмасликка, дунёда эзгулик, бағрикенглик қарор топиши учун курашга чорлаганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугун динлараро ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга доир бир қанча қонунлар ишлаб чиқилиб, улар ижроси юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилгани, қолаверса, олис даврлардан халқимиз қон-қонига сингиб кетган ўзга миллатларга нисбатан хайрихоҳлик, бағрикенглик туйғуси боис юртимизда осойишталик, барқарорлик ҳукм сурмоқда. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради.
Ў. Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
[1] Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи // «Халқ сўзи», 2017 йил 20 сентябрь.
