КАСБЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ
17

Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.
Юртимиз тупроғи серунум, гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанчалар ғурурлансак арзийди. Ҳозир деҳқончилик мавсуми, деҳқону боғбонлар улкан вазифа олдида бел боғлашган. Дарҳақиқат, эл бошига кўтарадиган, бизнинг еб-ичишимиз, кийинишимизда деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнатининг ўрни беқиёс.
Деҳқончилик ва зироат улуғ фазилатли амалдир. Чунки кўплаб ояти карималарда боғлар ва далаларнинг ҳосили Аллоҳ таолонинг изни ва иродаси билан етилиши баён этилган. Бу эса деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати Аллоҳнинг назари остида эканлигига ва Аллоҳ таоло уларга мададкор эканлигига далолат қилади. Бунга мисол қуйидаги оят:
“Биз осмондан баракотли сув (ёмғир) ёғдириб, у билан боғларни ва ўриб олинадиган донларни ундирдик. Шунингдек, зич мевали, шохлари баланд хурмоларни ҳам. Бандаларга ризқ бўлсин учун (шундай қилдик). Яна у (сув) билан “ўлик” шаҳарни (ерни) “тирилтирдик”. (Қабрлардан тирилиб) чиқиш ҳам мана шундай бўлур”.
Аллома Мовардий (р.а) айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.
Деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланиш шарафли вазифадир. Бу соҳа кишиларига доимо Аллоҳ таоло мадад беради. Чунки, улар ерга ниҳол ёки уруғ қадар эканлар, чин дилдан Аллоҳга боғланиб ҳосилнинг унумдор бўлишини сўрайдилар. Қўлларидан келган барча ишни бажариб, яна Аллоҳга таваккал қиладилар. Таваккалларининг самараси ўлароқ ҳосиллари кам бўлса баракали, кўп бўлса даромадли бўлади. Шуларни ҳис қилган инсон деҳқончилик, боғдорчилик ва қишлоқ хўжалиги ишларига жиддий эътибор беради, унга муҳаббат ва масъулият билан ёндашади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам деҳқончиликнинг фазилати борасида алоҳида тўхталиб ўтганлар. Жумладан, Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай деганлар: “Мусулмон инсон кўчат экса, кейин бирор инсон ,қуш ёки ҳайвон ундан еса, бунинг учун эккан одамга садақа қилганнинг савоби ёзилади” (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Нуҳ алайҳиссалом ҳам катта тўфондан кейин кемадан ер юзига тушганларида, илк қилган ишлари ер юзига кўчат экиш бўлган. Тўфондан кейин ер юзида кўп дарахтлар, ўсимликлар нобуд бўлган, Нуҳ алайҳиссалом ишни ерни обод қилишдан бошлаганлар.
Саҳобаи киромлар ерни обод қилиш учун кўчат экаётган кимсани “Аллоҳ таолонинг ишчиларидан бири” деб атаганлар. Ер юзида кўчат, дарахт, экин экаётган деҳқон, кимса, ер юзидаги Аллоҳ таолонинг ишчиси ҳисобланади. Бу эса жуда катта фахрдир.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу айтдилар: “Набий алайҳиссалом амакилари Аббосга фарзандларини кўчат экишга буюришларини, албатта кўчат экиш фақирликни кетказишини амр этдилар”.
Дунё насибасига эга бўлиш, ҳаётда ўз ўрнини топиб яшаш, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, тадбиркор, касб-ҳунарли бўлиш, неъматларга вақтида шукр қилиш, улардан тежаб-тергаб, иқтисод қилиб фойдаланиш, уларни фисқу фасод ишларга сарфлаб, суистеъмол қилмаслик ҳар биримизнинг муқаддас вазифамиздир. Шу ўринда Расулуллоҳ с.а.в. нинг бир қанча ҳадиси шарифларини келтириб ўтамиз: “Касбнинг энг яхшиси, кишининг ўз қўли билан бажарадиган иши ва ҳалол савдодир”, “Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир. Уни қўриқловчи соқчиларни кўпайтиринглар!”, “Ҳалол касбдан чарчаб ухлаган одам гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди”.
Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар. Шунда, Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида: “Ерда экин-текин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деганлар.
Шундай экан, ҳозир баҳор мавсуми деҳқончилик қилиш, кўчат ўтқазишнинг айни вақти. Имконимиз борича ўзимизга тегишли бўлган ерлардан унумли фойдаланиб бу дунёмиз ҳамда у дунёмиз учун манфаатли бўлган имкониятдан фойдаланиб қолайлик.
Аллоҳ таоло пахта далаларида, боғ ва полизларда кечаю кундуз ҳормай-толмай фидокорона меҳнат қилаётган барча меҳнаткаш бободеҳқонларимизни экинларига баракотлар ато этсин.
Ўткир Ғузаров
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири
