Тинчликни асраш муқаддас бурч

27
Ҳозирги кунда ўзи мусулмонликни даъво қилиб ислом дини қоралаган ишларни қилаётган, ўзига ва ўзгаларга озор бераётганлар ҳам кўп.  Биз биламизки, муқаддас динимиз кўрсатмаларида нафақат ўзини, балки ўзгалар тинчини бузиш ҳам қаттиқ қораланади. Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Ҳақиқий мусулмон бошқа мусулмонларга тили билан ҳам, қўли билан ҳам озор етказмаган киишдир”- деб марҳамат қилганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Экстремизм ва терроризм каби ҳодисаларнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалса-да, улар ҳеч қачон ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун бугунгидек таҳдид солмаган. Шундай экан, бугунги кунда унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш инсониятнинг истиқболига дахлдор масалага айланди.
Дин ниқоби остида ғоявий хуруж қилаётган кучлар бор экан, киши хавотирга тушмай қолмайди, албатта. Бунда биринчи навбатда юртимизда қарор топган тинчлик ва хотиржамликни ҳар қандай ғоялардан муҳофаза қилишни тушунамиз. Зеро, Бош Қомусимизда “Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш – Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчидир”, деб белгилаб қўйилган (52-модда). Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси эмас, балки бу йўлда барчамиз, бутун халқимиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ҳақиқатан, тинчлик учун ҳаракат қилиш – сарҳад остонасида сергак туришдангина иборат эмас. Қолаверса, бугунги глобаллашув жараёнида ахборот хуружи асосий қуролга айланиб қолди. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, огоҳлик ва ҳушёрлик ҳар қандай хуружларга қарши тура оладиган воситадир. Шу сабабли, аввало, ёшларни бундай таҳдидларга нисбатан муросасиз бўлишга тайёрлаш зарур. Бунинг учун уларга ақидапарастлик, маҳдудликнинг аянчли оқибатлари ҳақида мунтазам тушунчалар бериб бориш керак.
Азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан хавфлироқдир. Душманнинг кимлиги, асл қиёфаси аввалдан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг мақсадини бирданига билиб бўлмайди. “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган буюк Амир Темур. Абдураҳмон Жомий лафзига кўра: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.
Тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиш ҳам барқарорликка қўшилган ҳисса аслида. Чунки ношукрлик жамиятда илдиз отиб кетиш хавфи катта бўлган таҳдиддир. Бундай инсонларни динимиз ҳам қоралайди: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюради: “Аллоҳнинг инсонларга аталган бир талай неъматлари бор. Инсонлар бир-бирларининг эҳтиёжларини таъмин этган ва бир-бирларининг дардларини аритган ва аритаётган вақтларда бу неъматларни уларга беришда давом этади. Бир-бирларини севмай, бир-бирини чалиб йиқитишга ўта бошлаган вақтларда уларга бераётган неъматларини тўхтатиб, бошқа аҳил қавмларга беради”.
Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар бир киши тинчликнинг моҳиятини нафақат англаши, балки муносиб ҳиссасини қўшиши зарур. Албатта, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

Сирожиддин Жаҳонов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом 
билим юрти ўқитувчиси