Лоқайд ва бепарво бўлманг!
18Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша юртда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак, юртимизнинг ҳар-бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бўлмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона келтириш ва уларнинг қадрига етиш керак.
Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, — деганлар.
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам ўз ҳадисларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”, деб, бу неъматнинг нақадар бебаҳо эканлигини таъкидлаганлар.
Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Муқаддас динимиз таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда инсонларга неъмат берилса ношукурлик қилишлари тўғрисида оятлар келган.
Мавжуд тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етмаслик, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш берилган ушбу бебаҳо неъматга нисбатан улкан ношукрликдир.
Шу ўринда улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг ушбу фикрларини келтириб ўтамиз: “Дўстлар фикридан ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва бу иш надоматдин ўзга натижа бермас”.
Тинчликни асраб-авайлаш, керак бўлса бу йўлда жон фидо қилиш шу юртда истиқомат қилаётган ҳар-бир фуқаронинг муқаддас бурчи эканини бир лаҳза ҳам унутмаслигимиз керак. Мана шу тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, фарзандларнинг беғубор кулгиси, ота-оналаримизнинг шукронавор ҳаёт кечиришлари диёримиздаги барқарорлик туфайлидир.
Инсонларнинг бепарво, лоқайд бўлиб қолишларининг охир-оқибати фожеадир. Баъзи кимсаларнинг ёвузликка қўл уришлари лоқайдлик натижаси эканини асло унутмаслик керак.
Бугун кишиларга “бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган” одамлардан эҳтиёт бўлиш кераклигини, уларнинг Ватанига ҳам, эл-юртига ҳам фойдаси тегмаслигини, аксинча зарари бўлишини уқтириш лозим. Чунки азалдан маълумки, бепарво, лоқайд одам душмандан ҳам хавфлироқдир.
Ўзини шу муқаддас Ватаннинг фаровонлиги учун дахлдор деб биладиган ҳар-бир киши бугунги тинчлик ва осойишталикнинг моҳиятини нафақат яхши англайди, балки шунга муносиб ҳиссасини қўшади. Зеро, фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, уни асраб- авайлаш зиммамиздаги улкан масъулиятдир.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
