Фарзанд тарбияси қачондан бошланади?
17

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло неъматларининг энг улуғи бўлган фарзанд неъматини адо қилиши билан бирга, уни тарбиялаб вояга етказишликдек оғир масъулиятни ҳам зиммаларига юклади. Фарзанд туғилган вақтда хонадондаги катта-кичикларнинг ҳаммасига, айниқса, ота-онасига катта қувонч бағишлайди. Мана шу қувонч давомли бўлиши учун, фарзанд катта бўлганда ҳам ота-онага қувонч келтириши учун, ота-она ўз масъулиятини сезган ҳолда, фарзанд тарбияси билан шуғулланиши керак. Ҳатто фарзанд тарбияси она қорнидан бошланади. Агар она ёмон луқма билан таомланса, албатта болага катта зарари бордир. Агар ота-она таомни ҳалолдан тановул қилишса, келажакда фарзанд одобли ва ҳалол бўлиб ўсади. Шу ўринда бир ҳикояни айтиб ўтсак.
Ўз замонасида буюк шуҳрат қозонган Вафо ҳазратларининг давлат одамларидан тортиб энг оддий одамларгача меҳрибон эди. Бир кун сув сотувчи келиб Вафо ҳазратларининг ҳузурида тиз чўкиб ўтирди. Сув сотувчининг маҳзун ва ғамгин кўринишининг бир дарди борлиги билиниб турарди. Вафо ҳазратлари сув сотувчидан сўради:
-Болам, бирор ғам, дардинг борми?
-Йўқ, афандим, қандай айтаман,- деб жавоб берди сув сотувчи.
-Болам, гапиравер, уялма, дардингни айт, — деди Вафо ҳазратлари.
-Ҳазрат, сизнинг фарзандигиз менинг мешларимни тешди. Бугун олтинчи мешни бигиз билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим,-деди сув сотувчи.
-Хафа бўлма, болам! Мен бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулга меш сотиб ол. Мен ушбу хунук ишнинг сабабини билай, — деди Вафо Ҳазратлари.
Сувчи баттар сиқилиб, бўйнини эгиб чиқиб кетди. Вафо Ҳазратлари мулоҳаза қилиб, ўйлаб ўйга етмайди, нега фарзанди бундай қилиб қўйди? Сўнгра хотинини чақирди ва:
— Хоним, кел, бир мулоҳаза бор. Бизнинг ўғлимиз сув ташувчининг мешларини бигиз билан тешибди. Бу хунук иш нега содир бўлди?-деди.
— Сиз олиб келасиз, биз еймиз. Харом нарса олиб келинса, сиз олиб келасиз, барча гуноҳ, айб сиздадир, — деб жавоб берди ҳоним.
Вафо Ҳазратлари хотинининг феълини билгани учун: «Мен ўйлаб топа олмадим, хатоимни билмадим. Майли, сен ҳозир борда, яхшилаб ўйлаб кўр. Бу айб ё менда, ё сенда», деди.
Хоним Вафо Ҳазратлари ҳузуридан чиқиб кетди, бироздан сўнг қайтиб келди ва:
— Ҳазрат! Менинг эсимга тушди, — деди ҳаяжонланиб. – Мен ўғлимизга ҳомила эканимда фалончи хонимларникига меҳмонга борган эдим. Ўшанда уларнинг уйида бир анорни кўрдим. Катта ёшдаги қария оналардан «Агар ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаса ва агар уни татиб кўрмаса туғиладиган боласи бир ожизлик ила туғилади», деб эшитгандим. Мезбондан сўрашга тортиндим, айб ҳисобладим. Боламнинг бирор аъзосига путур етмасин, деб қўрқиб, уй эгаси хонимдан бир пиёла сув сўрадим. У сувга чиқиб кетганда ёқамдаги игнани олиб хонтахта устидаги анорга игнани тиқиб яладим, — деди.
— Офарин хоним! Мана ҳозир сенинг хатоинг маълум бўлди. Тез бориб ул хонимдан узр сўра, — деди Вафо Ҳазратлари.
— Бой, афандим, — эътироз билдирди хоним,- Унга нима дейман.
Шу арзимас ишдан нима бўларди?
— Йўқ, хоним! Ул хонимдан бориб ҳалоллик тила! Аллоҳнинг олдида бировнинг ҳаққини катта — кичиги бўлмайди. Биласанми, нима бўлади? Бизнинг фарзандимиз ҳозир олти ёшда. Ўша воқеадан сўнг олти — етти йил ўтгач, сенинг игнанг ўғлинг қўлида бигиз бўлади. У апелъсин еса сув сотувчининг меши бўлади. Сен қилган хунук иш давом этмоқда, — деб ўқтирди Вафо Ҳазратлари.
Бу ҳикоятдан кўриниб турибдики, фарзанд келажакда яхши ўсиши учун авваламбор ота-онанинг катта ҳиссаси бор экан.
Абдуллаев Оқилжон
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
